Янгиликлар
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар техникаси
Маълумки, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат тузилмаларининг норма ижодкорлиги фаолиятини тизимли таҳлил қилишни ташкиллаштириш, улар томонидан киритиладиган ёки қабул қилинадиган қонун ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонун ҳужжатларига, мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларига, шунингдек қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлигини аниқлаш юзасидан ҳар томонлама экспертизани амалга ошириш Адлия вазирлигининг асосий фаолият йўналишларидан бири саналади.
Бу борадаги вазифалар ижросини таъминлашда вазирлик давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норма ижодкорлиги масалалари бўйича фаолиятини мувофиқлаштиради ва уларга услубий раҳбарликни амалга оширади. Шу билан бирга, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказади ҳамда улар томонидан қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш, эълон қилиш ва манфаатдор шахслар эътиборига етказишнинг белгиланган тартибига риоя қилиниши устидан тизимли назоратни амалга оширади;
Шу боис, Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2014 йил 12 июндаги “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш, юридик-техник расмийлаштириш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 158-мҳ-сон буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида Наманган вилоят адлия бошқармаси томонидан ўқув семинари ташкил этилиб, унга маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий тусдаги ҳужжатларини тайёрлашга масъул бўлган ходимлари ҳамда ташкилий-назорат гуруҳи вакиллари таклиф этилди.
Семинар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш, юридик-техник расмийлаштириш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш борадаги фаолиятга услубий ёрдам кўрсатиш ҳамда соҳага дахлдор қонунчиликка киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳақида атрофлича маълумотлар тақдим этиш мақсадида ташкил этилиб, тадбир давомида амалиётда учраётган бир қатор муаммоли ҳолатлар, хусусан, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилишдаги муаммолар ва камчиликлар ҳам кенг муҳокама қилиниб, келгусида уларни бартараф этишга қаратилган зарурий тавсиялар берилди.