Янгиликлар
Ҳарбийлар байрамига бағишланди
Юртимизнинг барча жойида бўлгани каби Наманган вилоятида ҳам 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ҳарбийлар, таниқли шоир ва ёзувчилар, санъаткорлар ҳамда ёшлар вакиллари иштирокида маънавий-маданий тадбирлар ўтказилмоқда.
Вилоят мудофаа ишлари бошқармаси, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлимлари ҳамкорлигида Наманган шаҳридаги 1-Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимида ўтказилган тадбир “Ватан ҳимояси – муқаддас бурч” деб номланди. Унда ҳарбийлар, уларнинг оила аъзолари ва ота-оналари иштирок этди.
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимиз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, ихчам, тезкор ва пухта жанговар тайёргарликка эга миллий армияни шакллантириш йўлидаги туб ислоҳотлар юксак самаралар бераётир. Натижада, юртимизда тинчлик-осойишталик ҳукм сурмоқда, сарҳадларимиз дахлсизлиги ва фуқаролар хавфсизлиги тўла таъминланмоқда.
Тадбирда Ватан ҳимоячиси бўлишдек олижаноб ишга ўзини бағишлаб, Қуролли Кучларимиз сафида фидокорона хизмат қилаётган мард, жасур ўғлонларни вояга етказган ота-оналарга миннатдорчилик билдирилди.
– Мамлакатимиздаги тинчлик ва осойишталик эришилаётган ютуқларимиз гаровидир, – дейди ҳарбий оила бекаси Умида Тўхтасинова. – Президентимизга раҳмат, биз, ҳарбийларнинг оилаларига чексиз ғамхўрлик кўрсатилмоқда. Мен юрт тинчлиги учун масъул бўлган ҳарбий инсоннинг турмуш ўртоғи эканимдан фахрланаман.
Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган тадбирлар вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида давом этмоқда.