Янгиликлар
Аcкарлар ҳузурида
Мамлакатимизда анъанавий тарзда кенг нишонланадиган Ватан ҳимоячилари куни олдидан таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлар, маҳаллаларда турли учрашув ва давра суҳбатлари, кўрик-танлов ва спорт мусобақалари бўлиб ўтмоқда.
Шарқий ҳарбий округнинг Намангандаги ҳарбий қисмида вилоят ҳокимлиги, Мудофаа ишлари ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармалари ҳамкорлигида ташкил этилган учрашувга академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари таклиф этилди.
Тадбирда давлатимиз раҳбари Ислом Каримов раҳнамолигида соҳада амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар туфайли замонавий қурол-яроғ билан таъминланган, ихчам ва тезкор профессионал миллий армия шакллангани ва унинг сафларида хизмат қилиш ҳар бир фуқаронинг шон-шараф ишига айлангани таъкидланди. Ушбу жараёнда ўқувчи-ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда юксак маънавий фазилатларни камол топтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тадбирда ўқувчилар мустақилликнинг илк йилида ташкил топиб, ўтган қисқа вақт мобайнида ҳақиқий мардлик мактабига айланган ҳарбий қисмда яратилган шарт-шароитлар, ҳарбий хизматчиларнинг ҳаёти билан яқиндан танишди. Офицер ва аскарлар билан ёшларнинг очиқ мулоқотида Ватан ҳимоячиси деган номнинг нечоғлик шарафли ва масъулиятли экани, ҳарбий бўлишнинг муҳим шартлари ҳақида сўз борди.
Тадбир иштирокчилари учун замонавий ҳарбий техникалар, жанговар қуроллар кўргазмаси ташкил этилди. Мутахассислар бўлажак Ватан ҳимоячиларига кўргазмадан жой олган ҳар бир техника ва қуролнинг ўзига хос хусусиятлари ва имкониятлари, уларни ишлатиш усуллари ҳақида батафсил маълумот берди.
Ҳарбий хизматчилар томонидан намойиш этилган қўл жанги, жанговар маҳорат кўникмалари ёшларда катта қизиқиш уйғотди.