Янгиликлар
Кўркам бино тантаналари
Жойлардаги адлия органлари ҳамда уларнинг тизимига кирувчи ФҲДЁ бўлимлари ва давлат нотариал идоралари томонидан фуқароларга ҳуқуқий хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш, бу борадаги вазифаларни юқори савияда бажарилишини таъминлаш ҳамда фуқаролар учун муносиб ва қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан сўнгги йилларда босқичма-босқич ва тизимли равишда зарур чора-тадбирлар белгиланиб, изчиллик билан ҳаётга татбиқ этиб келинмоқда.
Бу борада бажарилиши лозим бўлган зарурий чора-тадбирларни ўз вақтида ижрога қаратилаётганлиги эса, кўзланган мақсадга эришишни таъминламоқда.
Таъкидлаш лозимки, Адлия вазирлиги тизимига кирувчи ФҲДЁ бўлимлари ва давлат нотариал идораларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича тадбирлар дастури бунга яққол мисол бўла олади.
Масалан, ушбу Дастурга мувофиқ Наманган вилоятининг Косонсой туманидаги ФҲДЁ бўлимини янги бино билан таъминлаш масаласи кун тартибига киритилган эди.
Амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижада туман ҳокимлиги томонидан ФҲДЁ бўлими учун тумандаги М.Аъзам номидаги маданият ва истироҳат боғи ҳудудида жойлашган ва фойдаланилмаётган бинонинг белгиланган тартибда ажратилиши таъминланиб, ҳозирда ушбу бино замонавий кўринишда тўлиқ қайта реконструкция қилинди.
Шунга кўра, Косонсой туман ФҲДЁ бўлимининг янги биносини фойдаланиш учун топширишга бағишланган тантанали очилиш маросоми ўтказилди.
Вилоят адлия бошқармаси томонидан ташкил этилган тантанали очилиш маросимида адлия бошқармаси ва туман ҳокимлиги мутасадди раҳбарлари, тумандаги фаоллар, оқсоқоллар ва ёшлар иштирок этдилар. Шунингдек, тадбирга бино қурилишида фаол қатнашган жонкуяр қурувчилар, тумандаги идора ва ташкилотларнинг вакиллари ҳам таклиф этилди.
Таъкидланганидек, ФҲДЁ бўлимининг янги биносини фойдаланишга топширилиши Косонсой тумани аҳлига муносиб туҳфа бўлиб, улар учун қулай шарт-шароитларни яратиш, қолаверса, никоҳланувчи шахслар учун оилавий ҳаётга қадам қўйишда ўзига хос мамнуният ва хурсандчилик бахш этишга қаратилган муҳим воқелик бўлди.
Шу билан биргаликда, фуқаролар ҳаётида юзага келадиган бўлим ваколатига кирувчи фуқаролик ҳолати билан боғлиқ барча масалаларни бевосита ушбу бинода расмийлаштириб борилиши алоҳида эътироф этилди.
Тантанали маросимда туман ФҲДЁ бўлими мудираси Насибахон Умаровага бинонинг рамзий калити топширилди. Ўз навбатида мазкур янги бинонинг қурилишида меҳнат қилган жонкуяр қурувчиларга ҳам алоҳида миннатдорчилик билдирилиб, уларга эсдалик совғалари топширилди.
Тантанали очилиш маросими санъаткорлар ва истеъдодлар ёшларнинг мусиқали чиқишлари билан байрамона тус олиб, йиғилганларнинг кайфиятини кўтаришга муносиб ҳисса қўшди.