Bog'lanish

Telefon
(+998 69) 227-06-62

Elektorn manzil
namangan@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

08

Қонунчилик ташаббусларининг мақсади - давлат ҳокимиятини янада демократлаштиришдир


Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш марказида “Конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида қонун ҳужжатларини такомиллаштиришнинг долзарб масалалари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбир иштирокчилари – парламент аъзолари, илмий ва юридик жамоатчилик вакиллари, экспертлар, судьялар, адвокатлар ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан парламентга киритилган “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (32, 78, 93, 98, 103 ва 117- моддаларига)”ги қонуннинг қоидаларини атрофлича муҳокама этдилар. Давра суҳбати иштирокчилари қонуннинг давлат ҳокимияти тизимини янада демократлаштириш, ҳокимиятнинг тармоқларга бўлиниши конституциявий принципини изчиллик билан амалга ошириш, ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд тармоқларининг мустақиллигини, ваколатлари мутаносиблигини, улар ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатини сақлаш тизими самарали фаолият кўрсатишини таъминлашдаги аҳамиятини таъкидладилар.

Тадбирда Конституциянинг янги таҳрирда таклиф этилаётган 98-моддасига алоҳида эътибор қаратилди. Давлат ҳокимияти субъектлари – Президент, парламент, ҳукумат ўртасидаги ваколатларни мақбул равишда тақсимлаш талабларини инобатга олган ҳолда, ушбу моддада Вазирлар Маҳкамасининг вазифалари ҳамда ваколатлари аниқ белгилаб берилмоқда. Айни пайтда мазкур модданинг нормалари, бир томондан, Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини тартибга солувчи бир қанча қонун ҳужжатлари қоидаларини конституциявий даражага кўтариб, иккинчи томондан, ҳукуматнинг ваколатларини кенгайтиради ва аниқлаштиради, бу ваколатларни амалга оширишнинг конституциявий механизмларини белгилаб беради.

Конституциянинг мазкур моддасининг амалдаги таҳририда белгилаб қўйилганидек, Вазирлар Маҳкамаси зиммасига самарали иқтисодий, ижтимоий сиёсат олиб бориш масъулияти юкланган. Энди унинг зиммасига молиявий, пул-кредит сиёсатини юритиш, шунингдек, фан, маданият, таълим ва соғлиқни сақлаш ҳамда иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг бошқа тармоқларини ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масъулияти ҳам юкланмоқда.

Ана шу модданинг янги таҳририда ҳукуматнинг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан ҳар йили Олий Мажлисга маърузалар тақдим этиш мажбурияти ҳам белгиланмоқда.

Давра суҳбатида қайд этилганидек, Вазирлар Маҳкамасининг мустақиллигини таъминлаш ва айни вақтда жавобгарлигини оширишга қаратилган бу қоидалар Ўзбекистоннинг сиёсий ва конституциявий ривожланишининг мантиқий йўли, давлат ва жамият қурилиши соҳасида олиб борилаётган босқичма-босқич, изчил ислоҳотлар талабидир.

Конституцияга тузатишлар киритиш тўғрисидаги қонуннинг қабул қилиниши норма ижодкорлиги фаолиятини, шунингдек, ҳуқуқнинг қўлланиш амалиётини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш заруратини талаб этаётгани ҳам таъкидланди. Конституциявий тузатишларни миллий қонунчилигимизга имплементация қилишга йўналтирилган қонун лойиҳаларини вақтида тайёрлашни таъминлаш, давлат бошқаруви органлари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини Конституциянинг 98-моддасида ҳукуматга берилаётган ваколатларни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқиш юзасидан изчил иш олиб бориш, шунингдек, қонунчилик, ҳуқуқни қўллаш амалиётига уларнинг фаолияти устидан жамоат ва парламент назоратини жорий этиш муҳим аҳамиятга эга.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат тузилмаларининг қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиши устидан самарали, изчил мониторинг ҳамда назоратни ташкил этиш ишларини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш лозим.

Зиммасига ижро этувчи ҳокимият тизимида қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти бўйича ягона давлат сиёсати олиб бориш юклатилган адлия органлари олдида бу борада ғоят масъулиятли вазифалар турибди.

Давра суҳбатида иштирок этган суд органлари ва адвокатура ходимлари Конституцияга киритилаётган тузатишлар суд фаолиятининг ва авваламбор фуқароларнинг давлат бошқаруви органлари билан муносабатида иқтисодий, ижтимоий ва бошқа ҳуқуқларини ҳамда қонуний манфаатларини ишончли тарзда ҳимоя этиши лозим бўлган фуқаролик, маъмурий суд ишларини юритишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришни талаб этаётганини қайд этдилар.

Иштирокчилар конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш соҳасида ривожланган демократик давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, шуни алоҳида қайд этдиларки, Конституциямизга киритилаётган, давлат бошқаруви тизимини модернизация қилиш, парламентаризмни ривожлантиришда бениҳоя муҳим аҳамиятга эга мазкур ўзгартиришлар энг замонавий, умумэътироф этилган демократик талабларга, халқаро ҳуқуқ принциплари ва стандартларига тўла жавоб беради.

Давлат ҳокимиятини демократлаштириш жараёни мамлакатимизда давлат ҳокимияти ва фуқаролик жамияти институтларининг етуклик даражаси инобатга олинган ҳолда, босқичма-босқич, изчиллик билан ривожланиб бормоқда.