Янгиликлар
Ёш ҳуқуқшунослар ташрифи
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида ёшлар орасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган “Ёшлар ва қонун” тарғибот лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Мазкур тарғибот лойиҳаси доирасида Наманган вилоят адлия бошқармаси томонидан ёш ҳуқуқшуносларни адлия органларининг қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш борасидаги фаолияти, шунингдек, ёшлар ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш ҳамда юридик таълим тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар билан яқиндан таништириш мақсадида, Наманган юридик коллежи ўқувчи ёшлари иштирокида навбатдаги учрашув ўтказилди.
Тадбирда “Ёшлар ва қонун” тарғибот лойиҳасининг ишчи гуруҳи аъзолари, жумладан, вилоят адлия бошқармаси, прокуратураси, ички ишлар бошқармаси, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси ҳамда “Камолот” ЁИҲ вакиллари иштирок этдилар.
Тадбир давомида сўзга чиққанлар мамлакатимизда ёшлар учун яратилаётган имкониятлар ва “Ёшлар ва қонун” тарғибот лойиҳасининг мақсад ва вазифалари юзасидан атрофлича тўхталиб, “Адлия идоралари томонидан ёшлар ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш ҳамда юридик таълим тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар” ҳақида ўқувчиларга атрофлича маълумот бердилар.
Учрашув ўз навбатида ўқувчилар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар ва савол-жавоблар билан қизғин тарзда давом этиб, ёшларнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотлар ҳақидаги билимларининг янада мустаҳкамланишида муҳим аҳамият касб этди.