Bog'lanish

Telefon
(+998 69) 227-06-62

Elektorn manzil
namangan@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

24

Бизнес энди интернет орқали рўйхатга олинади


Тадбиркор бўлишни истайсизми? Ўз уйингизда тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтишингиз ва фаолият бошлашингиз мумкин.

Бунинг учун интернет тармоғи орқали www.id.uz ягона идентификация тизимига “ташриф буюрасиз”. Бу ерда шахсингизга оид керакли маълумотларни киритиш орқали логин ва паролга эга бўласиз. Шу логин ва парол орқали www.my.gov.uz ягона интерфаол давлат хизматлари порталига кирасиз. Ундан тадбиркорликка оид бўлимни топиб, «Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш» тизимига ўтасиз. Шу ерда шахсингиз, фаолиятингизга оид маълумотлар талаб қилинган саҳифани тўлдириб, уни электрон рақамли имзо билан тасдиқлайсиз. Қарабсизки, икки кундан сўнг сизга интернет орқали тадбиркорлик фаолияти юритиш ҳуқуқини берувчи электрон кўринишдаги гувоҳнома келади ва сиз тадбиркорга айланасиз.

Бундан ўн-ўн беш йил муқаддам кичик корхонани рўйхатдан ўтказиш учун бир неча идорага мурожаат қилиш ва кўплаб ҳужжат тақдим этиш талаб қилинарди. Тадбиркор ҳали иш бошламасдан туриб қанча вақт йўқотишга, кўплаб сарф-харажатлар қилишга мажбур эди.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, айниқса, янги иш бошлаётган тадбиркорларга ҳар томонлама қулайлик яратишга қаратилаётган эътибор туфайли соҳада изчил ўзгаришлар амалга оширилди. Бунинг самарасида мамлакатимизни 2013 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида таъкидланганидек, Ўзбекистон бизнесни рўйхатга олиш шартлари бўйича жаҳон миқёсида 66 позиция юқорига кўтарилиб, рейтинг ўтказилган 189 мамлакат орасида 21-ўринни эгаллади.– Бугунги кунда мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишнинг энг қисқа ва соддалаштирилган тартиби жорий этилган, – дейди Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи Шокир Саидов. – Бунга кўпи билан икки иш куни кетади, холос. Давлатимиз раҳбарининг 2011 йил 12 майда қабул қилинган “Тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш ва давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори хусусий бизнесни ривожлантириш борасида янги, янада кенг имкониятлар очди. Мазкур қарор билан тадбиркорлик фаолиятини кенг ривожлантириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш ва харажатларини камайтириш бўйича қатор янгиликлар жорий этилди. Хусусан, кичик корхоналарга солиқ, божхона тўловлари бўйича енгилликлар берилди, айрим нотариал чиқимлар бекор қилинди. Тақдим этиладиган ҳисоботлар сони ҳам кескин камайтирилди. Жамиятимизда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, статистик, солиқ, молиявий ҳисоботларни, лицензияланадиган фаолият турларини ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан қисқартиришга қаратилган чора-тадбирлар натижасида тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг устуворлиги принципи жорий этилди. Рухсат беришга оид 80 дан ортиқ тартиб-таомил, лицензияланадиган фаолият турларининг 15 таси, 65 турдаги статистик ҳисоботлар, 23 турдаги ҳисоботни тақдим этиш муддатлари қисқартирилди. 22 турдаги интерфаол солиқ хизмати жорий этилиб, зарур рухсатномалар бериш муддати икки марта ва мазкур жараёнлар учун харажатлар қиймати беш марта қисқартирилди. Тадбиркорлик субъектлари томонидан рухсатнома олиш жараёнида тўланадиган харажатлар саккиз баробар камайтирилди. Банкларда ҳисобрақами очиш учун тўловлар бекор қилинди. Бундай кенг имкониятлар натижасида бугунги кунда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг қарийб 55,8 фоизи тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқарилмоқда. Айни пайтда ишлаб чиқарилаётган жами саноат маҳсулотларининг 23 фоизи, кўрсатилаётган бозор хизматларининг деярли барчаси, маҳсулот экспортининг 18 фоизи, иқтисодиёт тармоқларида иш билан банд бўлган аҳолининг 75 фоизи кичик бизнес улушига тўғри келмоқда. Кўриниб турибдики, кичик бизнес иқтисодиётимизни барқарор ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш муаммосини ҳал этиш ва халқимиз фаровонлигини юксалтиришда муҳим роль ўйнамоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 ноябрда қабул қилинган “Тадбиркорлик субъектларини интернет тармоғи орқали давлат рўйхатидан ўтказиш механизмини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 2014 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган шахслар тадбиркорлик субъектини рўйхатдан ўтказиш юзасидан интернет тармоғи орқали ҳам мурожаат қилиши мумкинлиги белгилаб қўйилган. Бу янгилик тадбиркорлик субъектларига зарур қулайлик яратган ҳолда, бюрократик тўсиқ ва ғовларни бартараф этишда ҳам муҳим омил бўлмоқда. Тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказишга доир қонунчиликка қатъий риоя этилиши адлия идораларининг доимий эътиборида. Бу борада тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказувчи инспекциялар фаолияти доимий равишда ўрганиб борилмоқда. Аниқланган қонунбузарлик ҳолатлари ўз вақтида бартараф этилаётир. Масалан, тадбиркорлик субъектларига муҳр ва штамп тайёрлашга рухсатнома бериш тартиби бекор қилинган бўлса-да, айрим инспекцияларда ушбу талабга риоя этилмаётгани кузатилган. Хусусан, Учтепа тумани ҳокимлиги ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш инспекцияси томонидан “Platinum paper” масъулияти чекланган жамиятига муҳр ва штамп ясатишга рухсатнома берилган. Ушбу ҳолат юзасидан адлия бошқармаси томонидан судга киритилган даъво аризага асосан инспекция раҳбаридан жамият фойдасига маънавий зарар ундирилди.

Тадбиркорлик субъектларидан рўйхатдан ўтгунга қадар устав жамғармасининг маълум миқдорини шакллантириш бекор қилинган бўлса-да, айрим вилоятларда буни талаб қилиш сақлаб қолингани учраган. Жумладан, “Sanremony texnologi” хорижий сармоя иштирокидаги корхонани рўйхатга олишда ундан устав жамғармасининг бир қисми шакллантирилганлиги тўғрисида “Трастбанк” хусусий очиқ акциядорлик биржа банки Самарқанд шаҳар филиалининг маълумоти талаб қилиб олинган. Ушбу ҳолат юзасидан адлия органи томонидан киритилган тақдимномага асосан айбдор шахсга интизомий жазо қўлланилган.

Бир сўз билан айтганда, тадбиркорлик субъектлари манфаатлари доимо давлатимиз, жамиятимиз ва қонун ҳимоясида. Ушбу мақсадда яратилган шарт-шароит ва қонунчилик асослари халқаро талабларга тўла мос келиши билан бирга, бу борада мамлакатимиз эришаётган ютуқлар жаҳон жамоатчилиги томонидан ҳам тан олинаётгани қувонарлидир.