Янгиликлар
Чақирувга тайёргарлик қизғин
Президентимизнинг 2013 йил 20 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан Наманган вилоятида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Наманган тумани мудофаа ишлари бўлими томонидан навбатдаги чақирувни сифатли ва юқори савияда ташкил этиш мақсадида туман ҳокимлиги ва бир қатор жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида пухта тайёргарлик кўрилмоқда. Замонавий талаблар асосида реконструкция қилинган чақирув пунктидаги тиббий кўрик, машғулотлар ҳамда маънавият ва маърифат хоналарида барча шароитлар яратилган. Ватанимиз тарихи, истиқлол йилларида амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари акс этган паннолар, бўлажак ҳарбий хизматчилар ва аскарларга қўйиладиган талаблар, уларга яратилаётган кенг шароит ва имтиёзларга оид кўргазмали воситалар ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилмоқда.
– Туман ҳокимининг қарори билан тасдиқланган тадбирлар режасида туман тиббиёт бирлашмаси, чақирув комиссияси, ички ишлар бўлими, мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Нуроний” жамғармасининг туман бўлимлари ва бошқа муассасаларнинг чақирувни сифатли ташкил қилишга доир вазифалари белгиланиб, ишчи комиссиялар таркиби шакллантирилди, – дейди туман мудофаа ишлари бўлими бошлиғи, подполковник Рустамжон Эшмирзаев. – Айни пайтда чақирилиш муддатини кечиктириш ҳуқуқига эга бўлмаган чақирув ёшидаги фуқароларни жорий йилнинг февраль-март ойларида муддатли ҳарбий хизматга чақириш, муддатли ҳарбий хизматни ўташга яроқли, бироқ ушбу чақирув мобайнида Қуролли Кучлар сафига чақирилмайдиган ёшларни сафарбарлик чақируви резервига олиш борасида белгиланган тартибда саралаш, тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.
Чақирувни сифатли ўтказиш мақсадида бўлажак аскарларни вилоят йиғув пунктига ва ҳарбий қисмларга етказиш учун транспорт ажратиш, жўнатиш чоғида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, туман йиғув пунктида ота-оналар ва жамоатчилик вакиллари иштирокида тантанали кузатиш маросимини ташкил қилиш каби тадбирларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.