Янгиликлар
“Мини футбол” турнири ғолиблари аниқланди
2012 йил 5-7 декабрь кунлари Наманган шаҳридаги “Баркамол авлод” спорт мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 20 йиллигига бағишлаб, Наманган вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари ўртасида “Мини футбол” бўйича анъанавий “Динамо” турнири ўтказилди.
Турнирда вилоят адлия, божхона, ички ишлар, миллий хавфсизлик хизмати бошқармалари, вилоят прокуратураси, суд ижро департаменти, фавқулотда вазиятлар бошқармаси, прокуратура ҳузуридаги Солиққа оид жиноятларга қарши курашиш департаменти, Давлат солиқ бошқармаси, ҳарбий қисм, фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди терма жамоалари спорт майдонида куч синашишди.
Уч кун давом этган мусобақа финалида вилоят ички ишлар бошқармаси билан миллий хавфсизлик хизмати бошқармаси майдонга тушишди. Муросасиз кечган учрашувда ички ишлар бошқармаси терма жамоаси 2-1 ҳисобида ғалаба қозониб биринчи ўринни эгаллади.
Учинчи ўрин учун бўлган баҳсда вилоят адлия бошқармаси фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди терма жамоаси устидан 4-3 ҳисобида иродали ғалабага эришиб, турнирда фахрли учинчи ўринни эгаллади.
Мусобақа якунида турнир иштирокчиларига ҳамда турли номинация ғолибларига эсдалик совғалари топширилди.