Янгиликлар
Ишга қабул қилишда шаффоф йўл танланган
Жалолиддин Рахималиев
Наманган вилоят адлия бошқармасининг
Инсон ресурслари бўлими бош маслаҳатчиси
Сир эмаски, давлат ташкилотлари ходимларидан ҳар доим ҳам тўғри ва ҳалол ишлаши, ўз вазифасига масъулият билан ёндашиши, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этиш талаб қилинар, лекин уларнинг меҳнат ҳуқуқлари ҳамда ижтимоий ҳимоясига келганда кўз юмиб келинар эди.
Бу борада, кенг жамоатчилик томонидан ижобий баҳоланган “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қабул қилиниши, жамиятимиз ва давлатимизни давлат хизмати соҳасида тартибга солиниш керак бўлган, анчадан бери қийнаб келаётган масалаларни атрофлича тартибга солинди десак, янглишмаган бўламиз.
Эндиликда мазкур қонун билан Давлат фуқаролик хизматчиларининг юқорида таъкидланган мажбуриятлари билан бир қаторда уларга адолатли меҳнат шароитлари яратилиши, меҳнат ҳуқуқларига риоя этилиши ва энг муҳими ижтимоий ҳимояси қонун даражасида мустаҳкамлаб қўйилди.
Яна бир жиҳат, авваллари ишга кирмоқчи бўлган фуқаролар “ташкилот” “кадр”ларининг қош-қовоғига қараб ҳужжат топширишар ва ишга қабул қилишдаги адолатсизликларга дуч келиб, бу эса ўз навбатида фуқароларда давлат идораларига ишга қабул қилиш фақат коррупцион йўл билан билан амалга оширилади деган фикрнинг шаклланишига ва уларнинг давлатга бўлган ишончини йўқолишига олиб келар эди.
Эътиборли жиҳати барча давлат фуқаролик хизматчиларининг ишга қабул қилиниши ва лавозим поғналарида юқорилаб бориши очиқ ва шаффоф танловлар асосида амалга оширилиши қонун билан белгилаб қўйилди.
Таъкидлаш лозимки, мазкур ислоҳотлар Адлия органлари ва муассасаларида аввалроқ бўшланган бўлиб, 2021 йилнинг бошларидан адлия органлари ва муассасаларига ишга кириш тартиби очиқ танловлар асосида амалга ошириб келинмоқда. Бунда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида ҳужжатларнинг номзодлар томонидан онлайн тартибда топширилиши, тестларни онлайн тартибда электрон олиниши ҳамда суҳбат жараёнларини реал вақт ражимида “You tube” ижтимоий тармоғи орқали онлaйн эфирга узатилиши йўлга қўйилган.
Хусусан, адлия органларида вакант лавозим вужудга келган тақдирда мазкур лавозимга ишга қабул қилиш бўйича танлов ўтказилиши vacancy.adliya.uz сайти орқали эълон қилиниб, мазкур сайт орқали исталган фуқаро танловда иштирок этиш учун ҳужжат топширишлари мумкин бўлади.
Ишга қабул қилиш бўйича ўтказиладиган танлов 3 босқичдан иборат бўлиб, биринчи босқичда номзод томонидан vacancy.adliya.uz сайти орқали топширилган ҳужжатлар ўрганиб чиқилади. Бунда асосий эътибор лавозимга қўйилган расмий малака талабларига қаратилади.
Иккинчи босқич – тест босқичи бўлиб, бунда танлов ўтказилаётган лавозим бўйича малака талабларига мос бўлган номзодлар онлайн тартибда ўзларининг шахсий кабинатлари орқали тест синовларидан ўтишлари лозим бўлади. Аҳамиятли жиҳати, номзодларни хабардор қилиш мақсадида уларнинг телефон рақамлари ҳамда шахсий кабинатларига тест синовлари бошлангани ҳақида хабар юборилади. Мазкур босқичда берилган 30 саволдан камида 21 тасига тўғри жавоб берган номзодлар кейинги босқичга ўткан ҳисобланади.
Учинчи босқичда тест синовларидан муваффақиятли ўтган номзодлар бошқарманинг ишга қабул қилиш бўйича махсус комиссияси томонидан суҳбатдан ўтказилади. Эътиборлиси суҳбат жараёни номзодлар томонидан электрон автоматлаштирилган генератсия тизими орқали 3 тадан савол танлаш ва мазкур саволларга жавоб бериш орқали амалга оширилади.
Аҳамиятли жиҳати, суҳбат жараёни “You tube” ижтимой тармоғида реал вақт режимида онлайн намойиш этилади ҳамда исталган фуқаро кузатиши мумкин бўлади.
Албатда, бундан кўзланган асосий мақсад ишга қабул қилиш жараёнида адолатни таъминлаш ҳамда ҳар томонлама етук ва салоҳиятли кадрларни саралаб олишдир.
Таъкидлаш лозимки, бу борада ҳам ўтган 2022 йил давомида Наманган вилоят адлия бошқармаси томонидан бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди.
Биргина мисол, ўткан 2022 йил давомида бошқарма ва унинг тизимидаги 78 та бўш вакант лавозимлар учун 15 маротаба vacancy.adliya.uz сайти орқали эълонлар берилиб, мазкур эълонлар асосида 800 га яқин номзодлардан танловларда иштирок этиш учун аризалар келиб тушган.
Ўз навбатида, бу кўрсаткич 2021 йилга нисбатан 60 фоизга ўсган бўлиб, адлия органларида ишлаш истигини билдирган номзодлар кўламини сезиларли даражада ошганлигини кўриш мумкин.
Янги тартиб бўйича ўтказилган танловлар натижалари асосида
52 нафар номзодлар лавозимга тавсия этилиб, улар билан меҳнат шартномалари тузилди.
Албатта, фаолиятини ҳолис баҳоланиб, муносиб рағбатлантириб келинган ходимда ишчанлик кайфияти ошади, ўз ишига бўлган садоқати янада ортади. Мазкур жиҳат ҳам бошқарма фаолиятида алоҳида эътиборга олинган.
Хусусан, бугунги кунда Наманган вилоят адлия бошқармаси ва унинг тизимида 478 та ходимлар фаолият юритиб келмоқдалар.
Ходимларни ҳар томонлама рағбатлантириш ва ишчанлик кайфиятини кўтариш мақсадида 52 нафар ходимларнинг лавозим поғоналарида юқорилаб боришлари таъминланди. Шунингдек, 100 га яқин ходимларга навбатдаги,
4 нафар ходимларга эса муддатидан олдин махсус унвон-мартаба даражалри берилган бўлиб, ўз навбатида мазкур кўрсаткич ўткан 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 50 фоизга ўсган.
Бундан ташқари, 60 дан ортиқ ходимлар ва уларнинг оила аъзолари турли сиҳатгоҳ ва санаторийларга юборилди. Шунингдек, 200 га яқин ходимлар байрам тадбирларида вазирлик ва бошқарма раҳбарияти томонидан эсдалик совғалар ва пул мукофотлари билан тақдирланиб, ўз ўрнида мазкур кўрсаткич ўткан 2021 йилда 84 тани ташкил қилган.
Мухтасар айтадиган бўлсак, бугунги кунда Янги Ўзбекистонда жамиятнинг барча жабҳаларида бўлгани каби кадрлар билан ишлаш борасида ҳам изчиллик амалга оширилаёткан ислоҳотлар ўз замирида бугунги кун талабларига жавоб бера оладиган раҳбар ва бошқарув кадрларни етиштиришга, давлат хизматчиларига муносиб ва адолатли меҳнат шароитини яратишга, уларни хар томонлама қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда.