Bog'lanish

Telefon
(+998 69) 227-06-62

Elektorn manzil
namangan@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

15

УМУМТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ ДИРEКТОРЛАРИНИ МУКОФОТЛАШ: ИМКОНИЯТ ЁХУД КОЛЛEЗИЯ?


Умумтаълим муассасалари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш, уларни моддий қўллаб-қувватлаш долзарб масалалардан. Бу борада масъул давлат органлари томонидан қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Шулардан бири Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30-центабрдаги «Умумий ўрта таълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини моддий рағбатлантириш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги 823-сонли қарори бўлиб, ушбу камтарона мақоламиз орқали ундаги айрим ҳолатларга эътибор қаратмоқчимиз.
Юқоридаги қарор билан «Умумий ўрта таълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини рағбатлантиришнинг директор жамғармасини ташкил этиш ва унинг маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисида»ги Низом тасдиқланган. Ушбу Низомнинг 29-банди қуйидагича:
“Умумтаълим муассасалари ходимлари, шу жумладан раҳбар ходимлари фақат «1-октабр — Ўқитувчи ва мураббийлар куни» муносабати билан Жамғарманинг мавжуд маблағлари ҳисобидан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 50 фоизигача миқдорида мукофотланиши мумкин.”
Диққат қилайлик: юқорида умумтаълим муассасаларининг раҳбар ходимлари ҳам байрам муносабати билан мукофотланиши белгилаб қўйилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 17 январдаги 25-сон қарори билан тасдиқланган «Халқ таълими ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини ташкил этиш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 3-бандида «раҳбар ходимлар» тушунчасига изоҳ берилган:
«раҳбар ходимлар – халқ таълими ташкилотлари ва уларнинг таркибий бўлинмаларида бошқарув функциялари ва вазифаларини бажарувчи шахслар ҳамда уларнинг ўринбосарлари, шунингдек, халқ таълими тизимидаги ҳудудий бошқарув органлари мутахассислари».
Демак, раҳбар ходимлар таркибига бевосита умумтаълим муассасаларининг директорлари ҳам киради. Чунки улар умумтаълим муассасасида бошқарув функциялари ва вазифаларини бажарувчи шахс ҳисобланади.
Юқоридаги Низомнинг 17-бандига кўра, Жамғарма маблағлари ҳисобидан умумтаълим муассасаси ходимларни мукофотлаш тўғрисида Ишчи гуруҳнинг қарори асосида умумтаълим муассасаси директорининг буйруғи чиқарилади.
Яъни умумтаълим муассасаси ходимлари ишчи гуруҳнинг қарори асосида умумтаълим муассасаси директорининг буйруғи билан мукофотланади.
Умумтаълим муассасасининг директори раҳбар ходимлар таркибига киргандан кейин, демак, Вазирлар Маҳкамасининг 823-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 29-бандига асосан байрам муносабати у ҳам мукофотланиши мумкин. Бизнинг назаримизда норматив-ҳуқуқий ҳужжатдаги муаммо айнан манашу ерда — байрам муносабати билан мактаб директорининг ҳам мукофотланишида, яъни умумтаълим муассасаси директори ўзини ўзи мукофотлаш ҳақида ўзи буйруқ чиқаришида.
Қаранг, юқоридаги норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан умумтаълим муассасаси директорига байрам муносабати билан ўзини ўзи мукофотлаш тўғрисида буйруқ чиқариш имконияти бериб қўйилмоқда. Бу меҳнат қонунчилигига зид эмасми? Меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларга кўра, ходим иш берувчи томонидан мукофотланади, ходим ўзини ўзи мукофотламайди. Аммо-лекин-бироқ, Вазирлар Маҳкамасининг 823-сон қарори билан тасдиқланган Низом бунга имконият бериб қўймоқда.
Вазирлар Маҳкасининг 2017 йил 15 мартдаги 140-сон қарори билан тасдиқланган «Умумий ўрта таълим таълим тўғрисида»ги Низомнинг 63-бандига кўра, умумтаълим муассасаси директорига иш берувчи ҳудудий халқ таълими бошқармаси бошлиғи ҳисобланади. Шунақа бўлгандан кейин, умумтаълим муассасаси директори бевосита ўз иш берувчиси томонидан ёки у ҳуқуқ берган шахс томонидан мукофотланади.
Бу масаланинг бир томони, унинг бошқа томони ҳам бор…
Қонунчилик тизимида умумтаълим муассасаси директорларини мукофотлашнинг алоҳида тартиби ўзи белгилаб қўйилган! Чунончи, Халқ таълими вазининг 2021 йил 26 февралдаги 49-сон қарори билан тасдиқланган «Туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Халқ таълими ходимларини рағбатлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 10-11-бандларига кўра, мактаб директорлари комиссия қарорига мувофиқ байрамларда туман (шаҳар) халқ таълими бўлими мудирларининг буйруғи асосида мукофотланиши мумкин. Бу нима дегани? Бу Халқ таълими вазирининг 49-сон буйруғига мувофиқ, умумтаълим муассасаси директорлари битта байрам – «Ўқитувчи ва мураббийлар куни» муносабати билан базавий тариф ставкасининг 200 фоизигача Халқ таълими ходимларини рағбатлантириш жамғармаси ҳисобидан туман (шаҳар) халқ таълими бўлими мудирининг буйруғи асосида ҳам мукофотланиши мумкин, Вазирлар Маҳкамасининг 823-сон қарорига мувофиқ, МҲТEКМнинг 50 фоизигача Умумий ўрта таълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини рағбатлантиришнинг директор жамғармаси ҳисобидан ўзининг буйруғи асосида ҳам мукофотланиши мумкин дегани. Зўр-а?!
Савол туғилади: бу мактаб директорларини қўшимча мукофотлаш учун имкониятми ёки коллезия? Лолмиз, ҳайронмиз...
Шу ўринда умумтаълим муассасаси директорлари байрам кунлари, шу жумладан «Ўқитувчи ва мураббийлар куни» муносабати билан Халқ таълими вазирининг 2021 йил 26 февралдаги 49-сон қарори билан тасдиқланган Низом асосида мукофотланиши мумкинлигини инобатга олган ҳолда «Умумий ўрта таълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини рағбатлантиришнинг директор жамғармасини ташкил этиш ва унинг маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 29-бандини қуйидаги таҳрирда баён қилишни таклиф қилган бўлардик:
“Умумтаълим муассасалари ходимлари, шу жумладан раҳбар ходимлари (умумтаълим муассасаси директори бундан мустасно) фақат «1-октабр — Ўқитувчи ва мураббийлар куни» муносабати билан Жамғарманинг мавжуд маблағлари ҳисобидан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 50 фоизигача миқдорида мукофотланиши мумкин.”
Ушбу таклиф нисбий характерга эга. Чунки, ҳуқуқ нормасининг мазмун-моҳиятини, уни айнан қандай мақсадда ишлаб чиқилганлигини, унда айнан нима назарда тутилганлигини ҳуқуқ нормасини яратувчининг ўзи яхшироқ билади.
Хулоса ўрнида: бежиз ушбу мақолани ёзишга қарор қилмадик. Амалиётда умумтаълим муассасалари директорларини мукофотлашда муамуаммолар юзага келмоқда. Масалан, 2022 йилда 1-октабр «Ўқитувчи ва мураббийлар куни» муносабати билан айрим умумтаълим муассасалари директорлари Вазирлар Маҳкамасининг 20219 йил 30-центабрдаги 823-сон қарори билан ўзини ўзи мукофотлади. Чунки раҳбар ходимларга умумтаълим муассасаси директори ҳам киради. Улар ҳақ. Аммо-лекин-бироқ, айрим умумтаълим муассасалари директорлари ўзини ўзи мукофотламади. Улар ҳам ҳақ. Чунки бу меҳнат қонунчилигига зид. Қолаверса, Халқ таълими вазирининг 2021 йил 26 февралдаги 49-сон буйруғи билан улар иш берувчи ҳуқуқ берган туман (шаҳар) халқ таълими бўлими мудирининг буйруғи билан мукофотланади.
Қонунчилик тизимидаги ушбу коллезия бартараф этиладиган бўлса (масалан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатга ўзгартириш киритиш, бу бўйича ҳуқуқ нормасини ишлаб чиқувчи томонидан тушунтириш берилиши орқали), амалиётда ҳуқуқни қўллашдаги иккиёқламалик, мантиқсизлик йўқолган бўлармиди...

Янги Наманган туман Адлия бўлимининг
юридик хизмат кўрсатиш маркази ходими
Баҳтиёр Махмудов