Bog'lanish

Telefon
(+998 69) 227-06-62

Elektorn manzil
namangan@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

12

СУД ВА ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ.


Маълумки, давлатимиз раҳбари такидлаганидек давлат ва жамият ҳаётида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш энг устувор вазифалардан бири. Президентимиз 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга ва парламент орқали халқимизга йўллаган Мурожаатномасида бу масалада қуйидаги фикрни билдирди. “Бундан буён ҳар бир давлат органи ўз кундалик фаолиятида оммавий ахборот воситалари билан яқин мулоқот ва ҳамкорликни йўлга қуйиши зарур ва шарт.” Бугунги кунда барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ўзларининг фаолиятида очиқликни, шаффофликни таъминлашлари давр талабидир.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан 2020 йил 21 февралда “Суд мухокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир аҳборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида” 4-сонли Пленум қарори қабул қилинди. Мазкур Пленум Қароридан кўзланган асосий мақсад, фуқаролик, жиноят, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритишнинг очиқлигини таъминлаш ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари, блогерларнинг суд органлари фаолиятига оид ахборотларни олиш ва тарқатиш билан боғлиқ муносабатларини самарали йўлга қуйишдир. Қарорда суд мажлисларини ёритишдаги процессуал тартиб-таомиллар, журналистларнинг суд биносига кириши, суд муҳокомаси залида ҳозир бўлиши ва суд мажлисини қайд қилишига оид қоидалар, очиқ ва ёпиқ суд мажлисларида иштирок этиш талаблари, унда фото, видео ва киносъёмка қилиш, интернетда ёритишдаги чеклашлар доираси, суд жараёнларини ёритишда журналистларнинг одоб-ахлоқ қоидалар, судлар фаолиятига оид маълумотлар ва уларни олиш тартиби тўғрисида қоидалар белгиланган.
Оммавий ахборот воситалари муайян иш юзасидан суд муҳокамаси натижаларини олдиндан башорат қилишга ёки судга бошқача тарзда таъсир этишга (босим ўтказишга) ҳақли эмас. Судья суд қарори қонуний кучга кирмаган иш бўйича интервью беришга ёхуд оммавий ахборот воситаларида чиқиш қилишга ҳақли эмас.
Суд муҳокамаси ошкоралиги процесс иштирокчиси бўлмаган шахсларга, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари вакилларига суд мажлисида қатнашиш имконияти берилиши билан таъминланади.
Оммавий ахборот воситалари вакилларининг очиқ суд мажлисида иш бўйича маълумотлар олиш мақсадида қатнашиши маълумот олишнинг қонуний йўли эканлигини инобатга олиб, уларнинг қонунда назарда тутилмаган асосларга кўра, суд мажлиси залига киришига тўсқинлик қилишга йўл қўйилмайди.
Иш муҳокамаси тўлиқ ёки қисман ёпиқ суд мажлисида ўтказилишига фақат қонунда назарда тутилган асосларга кўра, йўл қўйилади.
Иш муҳокамаси ёпиқ суд мажлисида ўтказилиши тўғрисидаги ажрим эълон қилингунга қадар процесс иштирокчилари бўлмаган шахслар, оммавий ахборот воситалари вакиллари суд мажлиси залидан четлаштирилиши мумкин эмас. Иш муҳокамаси ёпиқ суд мажлисида ўтказилиши тўғрисидаги қарор ишни суд муҳокамасига тайинлаш чоғида қабул қилинган ҳолларда, процесс иштирокчилари бўлмаган шахслар, оммавий ахборот воситалари вакиллари суд мажлиси залига киритилмайди.
Иш муҳокамасини ёпиқ суд мажлисида ўтказиш ҳақидаги ажрим эълон қилинганидан сўнг процесс иштирокчилари бўлмаган шахслар, оммавий ахборот воситалари вакиллари суд мажлиси залидан четлаштирилиб, бу ҳақда суд мажлиси баённомасида қайд этилади.
Агар суд томонидан жиноят ишининг муайян қисми ёпиқ суд мажлисида муҳокама қилиниши тўғрисида қарор қабул қилинса, процесс иштирокчиси бўлмаган шахслар, оммавий ахборот воситалари вакиллари суд мажлисининг шу қисмига киритилмайди.
Агар фуқаролик ишида, шунингдек, маъмурий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан ишда давлат сирига ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирга оид маълумотлар мавжуд бўлса ёки фуқаролик иши ёпиқ суд мажлисида кўрилиши шартлиги қонунда назарда тутилган бўлса, суд фуқаролик ишини ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқади.
Процесс иштирокчисининг илтимосномасига биноан, суд шахсий ҳаёт дахлсизлигини ёки қонун билан қўриқланадиган маълумотлар сир сақланишини таъминлаш мақсадида фуқаролик ишини, шунингдек, маъмурий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан ишни ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқишга ҳақли. Бунда шуни назарда тутиш лозимки, суд муҳокамаси ёпиқ суд мажлисида ўтказилиши тўғрисидаги илтимоснома нафақат ўз шахсий манфаатлари борасида илтимоснома киритаётган шахс ва (ёки) унинг вакили томонидан, балки бошқа шахслар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ваколати берилган шахслар (масалан, прокурор, васийлик ва ҳомийлик органи ва ҳ.к.) томонидан ҳам берилиши мумкин.
Шахснинг шахсий ҳаёти дахлсизлигига бўлган ҳуқуқини таъминлаш учун иш муҳокамасини ёпиқ суд мажлисида ўтказиш масаласини ҳал этишда, судлар бундай маълумотлар хусусияти ва мазмунини, шунингдек, улар ошкор қилиниши натижасида келиб чиқиши мумкин бўлган оқибатларни эътиборга олишлари лозим.
Қонунга кўра:
очиқ суд мажлисини фототасвирга тушириш, видеоёзувни амалга ошириш, шунингдек, оммавий ахборот воситаларида трансляция қилишга қуйидаги тартибда йўл қўйилади:
фуқаролик ишини кўриш пайтида — суд мажлисида раислик қилувчининг тарафлар розилиги олингандан кейин берган рухсати билан;
жиноят, маъмурий, иқтисодий ишни ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш пайтида — суд мажлисида раислик қилувчининг тарафлар фикрини эшитгандан кейин берган рухсати билан;
очиқ суд мажлисида аудиоёзувни амалга оширишга қуйидаги тартибда йўл қўйилади:
фуқаролик ишини кўриш пайтида — суд мажлисида раислик қилувчининг тарафлар розилиги олингандан кейин берган рухсати билан;
жиноят иши ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш пайтида - суд мажлисида раислик қилувчининг тарафлар фикрини эшитгандан кейин берган рухсати билан.
Суд мажлиси залида ҳозир бўлганлар ҳар қандай иш бўйича эркин тарзда ёзма қайдлар қилишлари, стенограмма юритишлари, иқтисодий иш ёки маъмурий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан иш кўрилаётганда эса аудиоёзув олиб боришлари мумкин.
Процесс иштирокчилари илтимосномаларини, оммавий ахборот воситалари вакиллари мурожаатларини қаноатлантириш ёки рад этиш ҳақида суд жойида ажрим чиқаради ва суд мажлиси баённомасига киритади.
Суд оммавий ахборот воситалари вакилларини тарқатилаётган ахборотнинг тўғрилиги, ҳаққонийлиги, холислиги ва ишончлилиги учун жавобгарлик ҳақида огоҳлантиради ва бу ҳақда суд мажлиси баённомасида ёзиб қўйилади.
Шуни назарда тутиш лозимки, суд мажлисида қатнашиш учун келган шахслар, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари вакилларининг суд биносига кириши суднинг ички фаолиятини тартибга солувчи ҳужжатлар билан ўрнатилган қоидаларга қатъий риоя қилинган ҳолда таъминланиши лозим.
Процессуал қонун талабларига мувофиқ фуқаролик, жиноят, иқтисодий, маъмурий ишлар ва маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни кўриш натижаси бўйича қабул қилинган суд ҳужжатлари, суд муҳокамаси очиқ ёки ёпиқ тарзда ўтказилишидан қатъи назар, ошкора эълон қилинади, қонунда тўғридан-тўғри назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Бироқ суд процессининг ошкоралигини таъминлаш жараёнида ОАВ нинг иштироки қонун билан белгилаб қуйилган бўлсада, раислик қилувчининг рухсати бўлган тақдирда ҳам суд процесси иштирокчилари улар ҳақидаги материалларни, фотосуратларни оммавий ахборот воситаларида ёритилишига розилик бермасликлари мумкин. Зеро, фуқаролар ўз шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаш, шахсий ҳаётига аралашишни тақиқлаш хуқуқига эгалар. Шуни ҳисобга олишимиз керакки ОАВ томонидан суд процессини ёритилиши улар олдида аҳлоқий ва профессионал муаммоларни келтириб чиқариши таъбий ҳолат.
Бугунги ахборотлашган жамиятда ахборотни олиш ва уни тарқатиш билан боғлиқ жиддий муаммолар хам мавжуд. Суд процессларини ёритишда ОАВ ва блогерлар суд ишининг иштирокчиларининг хуқуқ ва манфаатларига зиён етказишдан, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситишдан, суд ишини бир тарафлама жабрланувчи ёки судланувчи томонидан ёритишдан ўзларини сақлашлари лозим. Тарқатилган ахборот кимнингдир ҳаёти ва тақдирига, оилавий муносабатларига салбий таъсир кўрсатишига олиб келиши мумкин, буни чуқур ҳис этган ҳолда, тарқатилаётган аҳборот холислиги, туғрилиги учун масъулиятни ўз зиммамизга олишимиз лозим.

Наманган вилоят судининг
иқтисодий ишлар бўйича судьси Р. Мамажонова