Янгиликлар
Мулкдор жамиятдаги ўзгаришларга дахлдор қатлам
Хусусий мулк азалдан одамларда қизиқиш, рағбат уйғотиб келган. Негаки, мулкнинг эгаси бўлса, меҳнат унумдорлиги бир неча маротаба ортади. Мулкдорнинг кайфияти, интилиши, иш юритиши, ўз фаолиятига, умуман, ҳаётга муносабати бошқача бўлади. Мулк эгаси ўз ишини яхшилашга, мулкига мулк қўшишга ҳаракат қилади. Бозор иқтисодиётига асосланган ҳуқуқий демократик давлат барпо этишда мулкдорларнинг ўрни ниҳоятда катта. Зеро, улар жамиятдаги ўзгаришларга бевосита дахлдор бўлган қатламдир.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддасига асосан, хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин деб белгиланган. 2012 йилда қабул қилинган “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунимиз эса бу борадаги ислоҳотларнинг бош тамал тоши бўлди.
Яқин тарихни эсга оладиган бўлсак, 20 йил, 30 йил олдин хусусийлаштирилган бинолар кўпинча эгасидан олиб қўйилгани, хусусийлаштириш натижаси бекор бўлгани амалиётда кўп учраган. Бунинг натижасида қачонлардир хусусийлаштирилган мулкни сотиб олган, сотган шахслар, яъни хусусийлаштириш жараёнида йўл қўйилган қонунбузарликларга мутлақо алоқаси бўлмаган мулкдорлар ҳам сарсон бўлишган, зарар кўришган. Энди бундай бўлишига нафақат замоннинг ўзи балки, қонунларимиз ҳам йўл қўймайди!
Айни вақтга қадар бу борадаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида 10 дан зиёд Президент ҳужжатлари ва Ҳукумат қарорлари қабул қилинган бўлиб, улар ер ва хусусий мулкка оид ислоҳотларда бир-бирини тўлдириб турувчи нормаларни белгилаб берган.
Куни кеча қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувга йўл қўймаслик, хусусий мулкнинг капиталлашув даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони эса фуқароларнинг хусусий мулкларига асоссиз аралашишларга ҳам чек қўйиш баробарида, мулкка бўлган ҳуқуқни капиталлашувини оширишга ҳизмат қилади.
Фармонга мувофиқ, мулк дахлсизлиги муҳофазасини янада мустаҳкамлаш ҳамда хусусий мулкнинг капиталлашув даражасини оширишни назарда тутувчи бир қатор янги тартиблар жорий қилинди. Эндиликда мулкка бўлган ҳуқуқни уни вужудга келтирган ҳужжатни бекор қилиш орқали тугатиш мумкин эмас. Агар ҳужжат ноқонуний қабул қилинган бўлса, фақат суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.
Ердан ихтиёрий воз кечиш мулкдорнинг нотариал тасдиқланадиган аризасига асосан амалга оширилади. Энди бунинг учун ҳоким қарорини қабул қилиш талаб этилмайди. Бу эса фуқаролар учун навбатдаги қулайликдир.
Яна бир муҳим янгилик эндиликда юридик шахс тугатилганда унинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкасига бўлган ҳуқуқлари бекор қилинмайди ва ер давлат захирасига қайтариб олинмайди. Мазкур ерлар тугатилаётган юридик шахснинг муассисларига ўтади.
Яна бир муҳим масала - бу жавобгарлик! Фармонга кўра хусусий мулк ҳуқуқини бузганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш учун асос бўладиган ҳолатлар белгилаб берилди. Хаттоки, хусусий мулк объекти ва у жойлашган ҳудудга мулкдорнинг рухсатисиз кириш учун жиноий жавобгарликка тортишгача бўлган чоралар қўлланиши мумкин.
Эндиликда мулкдор ёки унинг вакили ўз мулкини ҳар қандай тажовуздан ҳуқуқни бузишга мутаносиб равишда ва ҳуқуқ бузилишининг олдини олиш учун зарур ҳаракатлар доирасида мустақил ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга бўлади.
Мулкка бўлган ҳуқуқни капиталлашувини яна бир исботи бу турар жойга нисбатан мулкдор билан қариндошлик алоқаларига эга бўлмаган шахсларни ушбу турар жойдан доимий рўйхатдан чиқариш учун уларнинг розилигини олиш талаб этилмаслигидир.
UZKAD ҳақиқий ва ишончи база
Айни вақтда ахборот соҳасини интеграциялашуви натижасида кўплаб соҳаларда ягона базани жорий этиш орқали аҳоли учун ҳақиқий ва ишончли маълумотлар берилмоқда.
Фармонга мувофиқ, 2023 йил 1 январдан “Кадастр ва кўчмас мулкларни рўйхатдан ўтказиш интеграцион ахборот тизими” (UZKAD) кўчмас мулкка оид ягона ахборот базаси ҳисобланади. Бунда тизимдаги маълумотларнинг ҳақиқийлиги ва ишончлилиги давлат томонидан кафолатланади.
Агар турар жой UZKAD тизимидаги нотўғри маълумотларга ишониб харид қилинган бўлса, 3 йилдан кейин сотиб олувчидан (инсофли эгалловчи) ушбу уйни талаб қилиб олиш мумкин эмас. Дастлабки мулкдорга етказилган зарар давлат томонидан қопланиб, кейинчалик айбдордан ундирилади.
Компенсация жамғармалари ишга тушади
Ҳукумат ва вилоятлар ҳокимликлари ҳузуридаги “снос” жамғармалари Жисмоний ва юридик шахсларга етказилган мулкий зарарларни компенсация қилиш бўйича республика ва ҳудудий мақсадли жамғармаларга (компенсация жамғармалари) айлантирилди.
Аҳоли ва тадбиркорларга етказилган қуйидаги зарарлар компенсация жамғармаларидан тўлаб берилади: Хусусан, давлат органи, мансабдор шахс, хусусан, суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суднинг қонунга хилоф ҳаракатлари натижасида мулкдорга етказилган, суд қарори билан аниқланган зарар, кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестрига ноқонуний ёки ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларнинг киритилиши натижасида унга ишониб ҳаракат қилган шахсларга етказилган зарар, турар жой инсофли эгалловчидан талаб қилиб олинмаслиги натижасида унинг ҳақиқий эгасига етказилган зарар.
Фуқаролар давлат божидан озод қилинади
Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунининг 2-бобида давлат божи тўлашдан озод қилиш шартлари белгиланган бўлиб,
42 та ҳолатда Фуқаролик ишлари бўйича судларда давлат божини тўлашдан озод қилиш тартиби кўрсатилган. Айнан юқоридаги фармонган мувофиқ, эндиликда судларда фуқароларга нисбатан мулкий даъволар киритишда давлат божи тўлашдан озод қилинган давлат органлари сони қисқартирилади, фуқаролар эса ўз мулкини ўзганинг ноқонуний эгалигидан талаб қилиб олиш тўғрисидаги даъволари бўйича давлат божидан озод қилинадиган бўлди.
Наима Ядигарова
Наманган вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи