Янгиликлар
Маҳалла ходимларининг 16 нафарига ишдан бўшатиш нафақаси тўлаб берилди.
Давлатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлари билан бирга аёлларнинг давлат ва жамият ҳаётига интеграциялашуви сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани янги Ўзбекистоннинг энг катта ютуғи деб эʼтироф эцак, муболаға бўлмайди. Ҳозирги кунда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда, бошқарув ва ишлаб чиқариш жабҳаларида банд хотин-қизлар улуши сезиларли даражада ошиб бормоқда. Бундан кўринадики, аёлларимиз нафақат ижтимоий соҳаларда, балки саноат ва қишлоқ хўжалигини, хизмат кўрсатишни ривожлантириш, халқ фаровонлигини юксалтириш йўлида ҳам салмоқли ҳисса қўшмоқда.
Дарҳақиқат, юртимизнинг замонавий аёли, бу — таʼлим олиб, касб эгаллаётган, хизмат даражаси пиллапояларидан кўтарилиб, мамлакат ва жамият ҳаётида қатнашаётган ижтимоий фаол шахсдир.
Бинобарин, доимий иш жойи ва муқим даромад манбаига эга бўлиш ҳар бир аёлга ижтимоий фаоллигини, ҳаётий позициясини намоён этишида ҳал қилувчи омил саналади.
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун шарт-шароит яратиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя қилинишини таʼминлаш куннинг долзарб вазифа сифатида турибди.
Поп туман адлия бўлими томонидан ҳам жамиятда фаол бўлган аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида тегишли чоралар кўрилмоқда.
Поп тумани адлия бўлими томонидан бир гуруҳ тумандаги маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маʼнавий масалалар бўйича ўринбосарлари лавозимида ишлаган аёллар уларга ишдан бўшатиш нафақаси тўлаб берилмаётганлигидан норози бўлиб қилган мурожаатлари ўрганиб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022-йил 1-мартдаги 81-сон Фармонига асосан маҳалла раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маʼнавий масалалар бўйича ўринбосари ҳамда оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассис лавозими ўрнига хотин-қизлар фаоли лавозими жорий этилиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 1 мартдаги 146-сон Қарорига асосан маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари лавозимларига номзодлар туман (шаҳар) ҳокимлари ўринбосарлари-оила ва хотин-қизлар бўлимлари бошлиқлари бошчилигидаги танлов комиссияларини шакллантириш орқали очиқ танловлар асосида ишга қабул қилинди.
Фармонга асосан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари негизида тегишинча Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилди.
Мазкур қонунчилик ҳужжатларига асосан тумандаги барча маҳалла фуқаролар йиғини раисларининг оила, хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосарлари билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинган.
Бироқ, ўрганиш давомида маҳалла фуқаролар йиғини раисларининг собиқ оила, хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосарларининг бир қисмига ишдан бўшатиш нафақаси тўлаб берилмаганлиги аниқланди.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 109-моддасида, иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда (ходим ўзининг меҳнат вазифаларини бажармаганлиги сабабли шартноманинг бекор қилиниши бундан мустасно) ишдан бўшатиш нафақаси тўланиши, ишдан бўшатиш нафақасининг миқдори ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлиши мумкин эмаслиги белгиланган.
Ушбу қонунбузилиш ҳолати юзасидан туман адлия бўлими томонидан Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлимига тақдимнома киритилиб, киритилган таʼсир чорасига асосан 16 нафар аёлларга жами 38 385 000 сўмлик ишдан бўшатиш нафақаси тўлаб берилиши таʼминланди.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигидаги аёллар меҳнатини таʼминлаш масаласи халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ равишда белгиланган. Қонунчиликда белгиланган нормалар амалда аёлларнинг меҳнат билан боғлиқ ҳуқуқларини реал ҳимоя қилиш воситасига айланган.
Баҳромжон Алимов,
Поп тумани адлия бўлими бошлиғи