Янгиликлар
Адлия идоралари – халқимиз хизматчиси
Адлия идоралари – халқимиз хизматчиси

Мамлакатимиз равнақ топиши ва элимиз фаровонлиги учун энг аввало, халқ ичига кириш, дарду-ташвишларига шерик бўлиш ва шу орқали муаммоларга ечим топиш Президентимиз томонидан илгари сурилаётган устувор вазифадир. Зеро, ўтказилаётган учрашув-мулоқотлар ва сайёр қабуллар фуқароларни ўйлантираётган турли масалаларни ижобий ҳал этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жумладан, Наманган вилояти Адлия бошқармаси раҳбарияти томонидан олис ҳудудлардаги қишлоқ ва овулларда ўтказилаётган сайёр қабуллар фуқароларни ўйлантириб келаётган муаммо, масалаларни аниқлаш ҳамда тегишлилиги бўйича бартараф этишга хизмат қиляпти.
Қабулда бошқарма бошлиғи Хайрулло Собиров Мингбулоқ туманининг Пахтакор, Чордона, Тўпсада, Ингичка, Ҳайитобод, Тегирмонбоши ва Бирлашган маҳаллалари аҳолисининг мурожаатларига қулоқ тутди.
Мулоқот аввалида, йиғилганларга Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 16 майдаги қарори билан тасдиқланган жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича чора-тадбирлар дастурига асосан маҳаллаларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликни олдини олиш юзасидан муҳим тавсиялар ва ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Туманда, ўғрилик, товламачилик, фирибгарлик жиноятлари кескин ошганлиги айтилиб, фуқароларга жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари, уни олдини олиш бўйича фикр-мулоҳаза алмашилди.

Сайёр қабул давомида фуқаролар томонидан ер, мулк соҳасига доир шунингдек, уй-жой ажратиш, ишга жойлашиш, коммунал соҳага доир муҳим масалалар кўтарилди. Мурожаатларнинг бештаси жойида қаноатлантирилди, 25 нафар фуқарога ҳуқуқий тушунтиришлар берилган бўлса, 15 та мурожаат ўрганиш мақсадида адлия бўлимининг иш юритувига олинди.
Қабул Шарифжон Исоқовлар оиласи учун унутилмас бўлди. Сабаби мазкур оила бошлиғининг бироз эътиборсизлиги сабаб ўз вақтида қайд этилмаган никоҳ гувоҳномаси орадан бир неча йил ўтгандан сўнг олинди. Турли сабаблар билан андармон бўлиб ҳужжат ишларини ўз вақтида тартибга солинмагани Шарифжон фарзанд кўрган кезда ортиқча югур-югурларга сабаб бўлди. Мазкур мурожаат туман ФҲДЁ бўлими томонидан ўрганилганлиги ва тез кунларда ҳал этилганлиги боис бир оилани 3-4 йилдан буён қийнаб келаётган муаммога ижобий ечим топилди.
Сайёр қабул давомида туман Давлат хизматлари маркази томонидан сайёр хизмат кўрсатилди. Пахтакор маҳалласида истиқомат қилувчи Саодат Мелиева Кадастр паспортини шакллантириш бўйича мурожаат қилди. Унинг мурожаати масъуллар томонидан ўрганилиб, шу ернинг ўзида ечим топди. Шу куни туман Давлат хизматлари маркази ходимлари томонидан 20 нафар фуқарога уй-жой, кадастр, фарзандини мактабгача таълим ташкилотига навбатга қўйиш ва коммунал соҳага доир сайёр тартибда 25 та хизмат кўрсатилди.