Янгиликлар
ҚОНУНЧИЛИКДА ЮРИДИК ВА ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАРНИНГ ТЎЛОВГА ҚОБИЛИЯТСИЗ(БАНКРОТ)ЛИГИ
Бозор иқтисодиётининг жадаллик билан ривожланиши, товар ишлаб чиқариш, реализация қилиш ва хизматлар кўрсатиш натижасида юзага келадиган муносабатларни тартибга солувчи қонунларни такомиллаштиришни, ўзгартиришни ва қўшимчалар киритишни ёки янги таҳрирда қабул қилишни тақозо этади.
Иқтисодиёт сохасида юридик ва жисмоний шахсларнинг ўзаро муносабати, уларнинг иқтисодий фаолиятини тартибга келтириб туришга мўлжалланган қонунчиликни такомиллаштирилиши шулар жумласидандир.
2022 йил 12 апрелда “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида” Ўзбекистон Республикасининг Қонуни эълон қилинди.
Қонун 17 боб, 249 моддадан иборат бўлиб, ушбу Қонун қабул қилингунга қадар «Банкротлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни юридик шахсларнинг ва юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва якка тартибдаги тадбиркор мақомини қонунда белгиланган тартибда олган фуқароларнинг иқтисодий ночорлиги (банкротлиги)га оид муносабатларни тартига солиб турган.
Янги “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши билан «Банкротлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ўз кучини йўқотди.
Янги Қонун аввалгисидан асосан қандай фарқлари мавжудлиги, нима сабабдан янги қонунни қабул қилиш зарурати пайдо бўлганлиги борасида табиий саволлар туғилади.
Янги Қонуннинг аввалгисидан фарқларини санаб ўтадиган бўлсак, аввалги Қонун юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсларнинг банкротлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат бўлса, янги Қонун юридик ва жисмоний шахсларнинг, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорларнинг тўловга қобилиятсизлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатлиги белгиланди. Бундан кўриниб турибдики, қонун нормаси билан жисмоний шахсларнинг тўловга қобилиятсизлигини тартибга солиш ҳақида янги институт амалга киритилмоқда.
Ўз навбатида жисмоний шахсларнинг тўловга қобилиятсизлиги нимада намоён бўлишига тўхталиб ўтадиган бўлсак, янги Қонуннинг 195-моддасига асосан қарздор жисмоний шахснинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини қаноатлантиришга ва (ёки) солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича ўз мажбуриятини тўлиқ ҳажмда бажаришга қодир эмаслиги, агар тегишли мажбуриятлар ва (ёки) тўлов мажбуриятлари юзага келган кундан эътиборан уч ой ичида қарздор жисмоний шахс томонидан бажарилмаган ҳамда қарздор жисмоний шахсга нисбатан талаблар базавий ҳисоблаш миқдорининг камида икки юз баробарини ташкил этса, қарздор жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги аломатлари ҳисобланади.
Аввалги Қонунда пул мажбуриятларини бажармаганлиги муносабати билан қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза билан иқтисодий судга мурожаат этиш ҳуқуқига қарздор, кредитор ва прокурор эга бўлган бўлса, янги Қонунда ушбу ҳуқуқ фақат қарздорнинг ўзи ва кредиторга берилган. Прокурорнинг ариза киритиш ҳуқуқи кўрсатилмади.
Шунингдек, суд бошқарувчига ҳақ тўлаш тартиби ва миқдори янги Қонун билан янада аниқлаштириб берилди.
Хусусан, аввалги Қонуннинг 22-моддасига асосан, суд бошқарувчиси вазифасини бажарганлиги учун ҳақ тўлашнинг миқдори ва тартиби кредиторлар йиғилиши томонидан белгиланиши, иқтисодий суд томонидан тасдиқланиши ҳамда, агар кредиторлар билан тузилган битимда бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, қарздорнинг мол-мулки ҳисобидан амалга оширилиши, кредиторлар йиғилишининг қарори билан суд бошқарувчисига унинг фаолияти натижаларига қараб тўланадиган қўшимча ҳақ белгиланиши мумкин, деган мазмундаги икки қисмдан иборат норма белгиланган бўлса, янги Қонуннинг
26-моддаси билан суд бошқарувчисига вазифаларини бажарганлиги учун ҳақ тўлаш миқдори ва тартиби бажарилган ишлар ҳажмидан келиб чиққан ҳолда кредиторларнинг йиғилиши томонидан белгиланиши, суд томонидан тасдиқланиши ҳамда, агар кредиторлар билан тузилган битимда бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, қарздорнинг мол-мулки ҳисобидан тўланиши белгилаб қўйилди. Бунда жисмоний шахсга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида судга ариза берган аризачи томонидан молиявий бошқарувчига ҳақ тўлаш учун суднинг депозит ҳисобварағига меҳнатга ҳақ тўлашни энг кам миқдорининг етти баравари миқдорида олдиндан пул маблағлари ўтказилиши, суднинг депозит ҳисобварағига ўтказилган пул маблағларининг ўрни жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги жараёнида қарздор жисмоний шахснинг мол-мулки ҳисобидан ушбу Қонун
221-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган тартибда қопланиши, қарздор жисмоний шахснинг мол-мулки мавжуд бўлмаган тақдирда, агар кредиторлар йиғилишида бошқача келишув белгиланган бўлмаса, молиявий бошқарувчига ҳақ тўлаш суднинг депозит ҳисобварағига аризачи томонидан ўтказилган пул маблағлари билан чекланиши кўрсатиб ўтилган. Тўловга қобилиятсизликнинг соддалаштирилган тартиби қўлланилганда, агар қарздор билан бошқача келишув белгиланган бўлмаса, суд бошқарувчисига ҳақ тўлаш харажатларининг ўрни қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида ариза берган аризачи томонидан қопланади. Бунда суд бошқарувчисига ҳақ тўлаш учун суднинг депозит ҳисобварағига меҳнатга ҳақ тўлашни энг кам миқдорининг етти баравари миқдорида олдиндан тўлов амалга оширилади. Суд бошқарувчисига ҳақ ҳар бир якунланган иши учун тўланади. Давлат солиқ хизмати органининг аризасига асосан жисмоний шахсга нисбатан тўловга қобилиятсизлик ва (ёки) тўловга қобилиятсизликнинг соддалаштирилган тартиби қўлланилганда, суд бошқарувчисига ҳақ тўлаш харажатлари судга ариза берган давлат солиқ хизмати органи томонидан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади. Бунда суд бошқарувчисига тўланадиган ҳақ миқдори қонунчилик ҳужжатларида белгиланади ва ушбу моддада белгиланган тартибда тўланади. Агар суд бошқарувчисига ҳақ тўлаш харажатлари суднинг депозит ҳисобварағига ўтказилмаган бўлса, суд қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги аризани қайтаради. Қарздор жисмоний шахснинг уни тўловга қобилиятсиз деб топиш тўғрисидаги аризаси билан судга мурожаат этилганда суд молиявий бошқарувчига тўланадиган ҳақни суднинг депозит ҳисобварағига ўтказишни кечиктириши мумкин. Суд бошқарувчисига ҳақ тўлаш тўғрисидаги низолар суд томонидан кўриб чиқилади. Кредиторлар йиғилишининг қарори билан суд бошқарувчисига унинг фаолияти якунларига кўра қуйидаги ҳолларда қўшимча ҳақ белгиланиши мумкин, агар:
кредиторларнинг талаблари реестрига киритилган кредитор қарздорлик тўлиқ тўланган бўлса, ушбу тўланган қарздорликка доир талаблар суммасининг беш фоизигача миқдорда; кредиторларнинг талаблари реестрига киритилган кредиторларнинг етмиш беш фоизидан кўпроғи қаноатлантирилган бўлса, мазкур кредиторлар талаблари суммасининг уч фоизигача миқдорда; кредиторларнинг талаблари реестрига киритилган кредиторларнинг эллик фоизидан кўпроғи қаноатлантирилган бўлса, мазкур кредиторлар талаблари суммасининг бир фоизигача миқдорда, бунда кўрилаётган иш бўйича қўшимча ҳақ суд бошқарувчисига ушбу иш бўйича тўланган умумий сумманинг ярмидан ошмаслиги керак. Қарздор тўлов қобилиятини тиклаш тартиб-таомилидан тугатишга доир иш юритиш тартиб-таомилига ўтган тақдирда ушбу давр учун суд бошқарувчисига қўшимча ҳақ тўланмайди”, деган жумлалар билан бойитилди.
Бундан ташқари, янги Қонун билан ишни кўриб чиқиш муддатига ҳам ўзгартиришлар киритилди. Яъни, аввалги қонунда ариза иш юритишга қабул қилинганлиги ҳақида ажрим чиқарилган кундан эътиборан бир ойдан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилиши белгиланган бўлса, янги қонунда ариза иш юритишга қабул қилинганлиги тўғрисида ажрим чиқарилган кундан эътиборан икки ойдан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилиши белгиланди.
Қонуннинг жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлигига оид муносабталарни тартибга солишга қартилган 14-боби 2023 йил 1 январдан эътиборан амалга киритилиши белгиланди.
Мазкур Қонуннинг қабул қилишини юридик ва жисмоний шахсларнинг тўловга қобилиятсизлиги юзасидан келиб чиқадиган муносабатларни тартибга солишга қаратилган нормаларни такомиллашувига ҳамда сўнгги пайтлардаги суд бошқарувчиларининг иш ҳақларини тўлашдаги, жисмоний шахсларнинг тўловга қобилиятсизликларини ва бошқа тўловга қобилиятсизлик масалалари бўйича ҳал этилиши лозим бўлган муносабатларни ечимини ҳуқуқий асосини яратиб берди.
Келгусида судлар томонидан ушбу Қонунни қўллаш билан боғлиқ суд амалиётини бирхиллаштириш, Қонун нормаларини қўллаш бўйича тушунтиришлар бериш мақсадида янги Пленум қарорини қабул қилиш учун таклифлар тайёрлаш лозим бўлади.
Алимардон Иномов
Наманган вилоят судининг
иқтисодий ишлар бўйича судьяси