Bog'lanish

Telefon
(+998 69) 227-06-62

Elektorn manzil
namangan@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

01

НОГИРОНЛИГИ БЎЛГАН ШАХСЛАР – ЖАМИЯТНИНГ МУҲИМ БЎЛАГИ


Республикамизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари доимий диққат-марказида бўлиб келади. Айни вақтда Наманган вилоятида 56 минг нафардан ортиқ ногиронлиги бўлган шахслар бўлиб уларнинг 9 минг нафардан ортиғини 16 ёшгача бўлган ногиронлиги бўлган болалар ташкил этади.

Кейинги йилларда давлатимиз раҳбарининг ногиронлиги бўлган шахслар ҳаётини тубдан яхшилаш мақсадида муҳим қарор ва фармонлари қабул қилингани ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни умидсизлик ҳамда ишончсизлик кайфиятидан халос этиш, ҳаётга интилишини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 22 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш ҳамда ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ногиронлиги бўлган шахслар мамлакатнинг ижтимоий, иқтисодий ҳаётида фаол иштирок этиши учун зарур ҳуқуқий, ташкилий шарт-шароитлар яратади.

Албатта, ҳар бир соҳанинг ривожланиши, айниқса, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш, аввало, қонунчиликни такомиллаштиришни тақозо этади. Шу нуқтаи назардан кейинги йилларда қонунчиликка муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Ушбу масала ҳуқуқий томондан тўлиқ қамраб олинди.

Қарорга кўра 2022 йилнинг 1 январдан бошлаб Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга ҳар бир ходим учун 6 ой давомида ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 баравари миқдорида субсидия берилади. Бунда, ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган ташкилотга субсидия беришда Ягона миллий меҳнат тизимида рўйхатдан ўтказилган меҳнат шартномаси асос ҳисобланади.

Янги қарорнинг аҳамиятли томони шундаки, болаликдан ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун даромад солиғи бўйича белгиланган имтиёз меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,41 бараваридан 3 бараваригача оширилади. Бу имтиёз пенсия гувоҳномаси ёки тиббий-меҳнат эксперт комиссиясининг маълумотномаси асосида берилади. 2024 йил 1 мартга қадар иш берувчиларга улар томонидан ногиронлиги бўлган шахслар учун тўланган ижтимоий солиқ суммаси Давлат бюджетидан тўлиқ қайтариб берилади. Бунда, ижтимоий солиқ суммаси ногиронлиги бўлган шахсларнинг олти ой давомида узлуксиз меҳнат фаолиятини амалга ошириши шарти билан еттинчи ойдан бошлаб қайтарилади.

Эътиборлиси, эндиликда ногиронлиги бўлган шахслар ишлари бўйича Идоралараро кенгаш таркибига давлат идоралари билан биргаликда нодавлат сектор вакиллари Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти, Ўзбекистон карлар жамияти, Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси ҳамда Тадбиркор ногирон-аёллар миллий ассоциацияси раҳбарлари ҳам киритилади ва улар зиммасига ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигига кўмаклашиш бўйича қўшимча вазифалар юклатилади. Ушуб вазифалар эса қуйдагилардан иборат бўлади:

- ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим муассасаларида инклюзив таълимини ривожлантириш, уларни касбга тайёрлаш ва малакасини ошириб бориш учун муқобил шаклдаги ўқув материалларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтирилади;

таълим муассасаларини битирувчи ногиронлиги бўлган шахсларнинг тавсия этилган касблар бўйича белгиланган тартибда корхона ва ташкилотларда амалиёт ўташи ташкил этилади;

ногиронлиги бўлган шахсларнинг корхона ва ташкилотлардаги иш жойларини жиҳозлаш, мослаштириш ва уларнинг фаолият кўрсатиши учун зарурий меҳнат шароитларини ташкил этилади;

ногиронлиги бўлган шахсларни улар ишга жойлашгандан сўнг ҳамда тадбиркорлик, ҳунармандчилик ёки ўзини ўзи банд қилиш фаолиятини бошлагандан кейин қўллаб-қувватлаш механизмларини татбиқ этилади. Идоралараро кенгашга раҳбарлик қилиш эса Савдо-саноат палатасининг зиммасига юклади.

Ушбу қарорнинг яна бир қулайлиги эндиликда давлат буюртмачиларига электрон кооперация биржаси порталида рўйхатдан ўтган, ишловчи ходимлари умумий сонининг камида 50 фоизи ногиронлиги бўлган шахслардан иборат ва ногиронлиги бўлган шахслар меҳнатига ҳақ тўлаш фонди умумий меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг камида 50 фоизини ташкил этадиган, ягона иштирокчиси ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари ҳисобланган юридик шахслар билан улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни харид қилиш бўйича тўғридан-тўғри шартномалар тузишга рухсат берилади. Бу эса уларга улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сотиш ёки сотиб олишда қатор қулайликлар яратади. Қолаверса, ягона иштирокчиси ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари ҳисобланган юридик шахсларнинг товарларини (ишлари, хизматларини) харид қилиш учун квоталар тақдим этиш тартиби бекор қилинади, шунингдек, қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 6 000 бараваригача бўлган товарлар (ишлар, хизматлар) харидига оид шартномалар ва уларга қўшимча келишувлар «Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази» давлат унитар корхонасида экспертизадан ўтказилмайди.

Қарорда ногиронлиги бўлган ёшлар масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Унга кўра Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳар йили 500 нафаргача ногиронлиги бўлган ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор йўналишлар учун яъни нодавлат таълим ташкилотларида касб-ҳунарга ўргатиш, уларда касбий кўникмаларни шакллантириш, ахборот технологиялари, компьютерда дастурлаш амалиёти, умумтаълим фанлари ва хорижий тилларни ўргатиш, шунингдек, зарур ҳолларда яшаш ва транспорт харажатларини қоплаш учун, касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малака ошириш, тадбиркорлик ва касб-ҳунарга ўргатиш курсларини муваффақиятли тугатган ҳамда махсус сертификатни олган, шунингдек, тадбиркор ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтганларга асбоб-ускуна ва меҳнат қуролларини харид қилиш учун субсидия ажратиб бориш тизимини жорий этилади. Субсидиялар ҳар бир ногиронлиги бўлган ёшнинг талабига мувофиқ, базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваригача бўлган миқдорда мазкур бандда кўрсатилган йўналишлардан биттаси учун ажратилади.

Шунингдек, «Эл-юрт умиди» жамғармаси ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги билан биргаликда ушбу жамғарма маблағлари ҳисобидан 2022 йилдан бошлаб ҳар йили танлов асосида танлаб олинган 20 нафаргача ногиронлиги бўлган иқтидорли ёшларнинг етакчи хорижий олий таълим муассасаларида, шу жумладан онлайн курсларда таълим олиш имконияти яратилади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки ушбу қарорнинг асосий мақсади, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамиятда ўз ўрнини топишлари, уларнинг оиласи, жамият ва давлат билан ўзаро алоқасини кучайтириш, уларнинг қулай муҳитда бўлиши учун зарур шароитлар яратишни олдимиздаги энг муҳим ва устувор вазифа саналади. Зотан, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш орқали жамиятнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётидаги фаоллигини таъминлашга эришиш мумкин.

 

Зулфия АҲМАДХЎЖАЕВА
Наманган вилояти Адлия бошқармаси бўлим бошлиғи