Bog'lanish

Telefon
(+998 69) 227-06-62

Elektorn manzil
namangan@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

29

Тил – миллат кўзгуси.


Ўзбек тили туркий тиллар оиласига мансуб энг йирик тиллардан бири ҳисобланади. Тил – миллатнинг кўзгусидир. Тил нафақат муомала воситаси – балки халқнинг маданияти, урф-одати, унинг турмуш тарзи, тарихидир. Тилни асраш, ривожлантириш – миллатнинг юксалиши демак.

Бош қонунимизда ҳам давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Ҳозирги вақтда ер юзида ўзбек тилида сўзлашувчилар сони қарийб 50 миллион кишини ташкил этиши унинг дунёдаги йирик тиллардан бирига айланиб бораётганидан далолат беради. Зеро, «Давлат тили ҳақида»ги қонун она тилимизнинг бор гўзаллиги ва жозибасини тўла намоён этиш билан бирга, уни илмий асосда ривожлантириш борасида ҳам кенг имкониятлар яратди.

Шу жиҳатдан бугун юртимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элатларнинг маданияти ва урф-одатларини, хусусан, уларнинг она тилларини ривожлантириш учун ҳам зарур шароитлар яратилмоқда. Турли ҳудудларда ташкил этилган 140 га яқин миллий маданият марказлари ана шу мақсадларга хизмат қилмоқда. Кўплаб таълим-тарбия масканлари, оммавий ахборот воситалари ўзбек тили билан бирга, қорақалпоқ, рус, қозоқ, қирғиз, тожик, туркман тилларида фаолият кўрсатмоқда. Хорижий тилларга ихтисослашган ҳамда таълим чет тилларда олиб бориладиган таълим муассасалари сони ошиб бораётир.

Аҳамиятли томони, бугунги кунда хорижий давлатлардаги 65 та олий ўқув юртида ўзбек тили ва адабиёти ўрганилмоқда, ушбу соҳада илмий изланиш ва тадқиқотлар олиб бораётган чет эллик олимлар сафи тобора кенгаймоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2020 йил
20 октябрда қабул қилинган «Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6084-сон фармони ўзбек тили ва адабиётини, миллий маданиятимизни янада равнақ топтиришга қаратилган амалий ҳаракатлар билан уйғун ва ҳамоҳангдир.

Бинобарин, мазкур ҳужжатда ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш, Ўзбекистондаги миллат ва элатларнинг тилларини сақлаш ва ривожлантириш, давлат тили сифатида ўзбек тилини ўрганиш учун шарт-шароитлар яратиш, тил сиёсатини ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари, устувор йўналиш ва истиқболдаги вазифалар белгилаб берилди.

Фармонга мувофиқ, 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси ҳамда асосий йўналишлари тасдиқланди. Қолаверса, мазкур ҳужжатда 2025 йилгача давлат мактабгача таълим тизимида ўзбек тилли гуруҳлар қамровини кенгайтириш, янги дарслик ва қўлланмалар, электрон дастурлар яратиш, хорижий олий таълим муассасаларида ўзбек тилини ўргатувчи марказлар сонини кўпайтириш сингари муҳим вазифалар ўрин олган.

Фармонда ўз ифодасини топган яна бир принципиал янгилик –
2021 йил 1 апрелдан бошлаб ўзбек тили ва адабиёти бўйича билимни баҳолашнинг миллий тест тизими асосида раҳбар кадрларнинг давлат тилида расмий иш юритиш даражаси аниқланади ҳамда масъул лавозимларга тайинланадиган шахслар учун давлат тилини билиш бўйича даража сертификатлари жорий этилади. Шу билан бирга, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказида ўзбек адабий тили меъёрлари ва давлат тилида иш юритиш бўйича қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилади.

Фармонда белгилаб қўйилганидек, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси манфаатдор ташкилотларни жалб қилган ҳолда
2021 йил 1 январдан бошлаб марказий телеканалларда «Тилга эътибор», «Она тилида сўзлашамиз», «Нотиқлик маҳорати», «Тил – миллат кўзгуси», «Китоб билим манбаи», «Билимли ёшлар – келажак бунёдкори» каби туркум кўрсатув ва эшиттиришларни ташкил қилиб, мунтазам равишда эфирга узатиб борилишини таъминламоқда.

Айтиш мумкинки, ҳар қайси халқ ёки миллатнинг маънавиятини унинг тарихи, ўзига хос урф-одат ва анъаналари, тили, маданияти ва қадриятларидан айри ҳолда тасаввур этиб бўлмайди. Халқнинг Ватани, давлати каби яна бир буюк, эҳтимолки, бирламчи бойлиги бор. Бу – унинг тили. Айнан тил одамлар гуруҳини бир миллат сифатида бириктиради, яъни халқни – халқ, миллатни – миллат қилади.

Буюк мутафаккир шоиримиз Aлишер Навоий бобомиз айтганларидек, «Кўнгил қулфи махранинг қулфи тил ва гулфин калитин сўз бил». Яъни, инсон қалбининг хазинаси тил, бу қалб хазинасининг калити сўздир. Ўзбек тилининг сўзлари шу қадар маъноли, бойки, битта маънога эга бўлган тушунчани, бир неча сўзлар орқали ифодалаш мумкин. Масалан, биргина кўз сўзининг бир неча маънолари бор. Биламизки бир тушунчага тегишли сўз, бир неча сўзлар билан ифодаланса, яъни синоним сўзлари қанчалик кўп бўлса, айни шу тил бой тил ҳисобланади.

Давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида инсоният олдида турган энг муҳим масалалар хусусида ўзбек тилида нутқ сўзлагани тилимизнинг халқаро миқёсдаги мавқеини мустаҳкамлаш йўлида яна бир қадам бўлди. Зотан, она тили – миллатнинг руҳи, унинг ор-номуси, маънавий қиёфаси, орзу-умидларнинг намунасидир.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, инсон учун унинг ватани, ота-онаси, оиласи қанчалик қадрли бўлса, унинг она тили ҳам шу қадар азиз ва муқаддас бўлади. Президентимиз таъбири билан айтганда, “Бугунги кунда биз янги Ўзбекистонни, янги Ренессанс пойдеворини барпо этишдек эзгу мақсадларимизга эришишда, ҳеч шубҳасиз, она тилимизнинг ҳаётбахш қудратига таянамиз”.

 

Шоҳдиёр Тўрамирзаев
Наманган вилоят адлия бошқармаси
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими
етакчи маслаҳатчиси