Янгиликлар
АДЛИЯ ВАЗИРИ ФАХРИЙ ҲОЛИДАН ХАБАР ОЛДИ
Бугун, 27 сентябрь куни адлия вазири Р. Давлетов хизмат сафари билан Наманган вилоятида бўлиб турибди.
Хизмат сафари давомида ҳудудий адлия органлари ва ташкилотлари фаолияти билан яқиндан танишиш ва амалиётдаги муаммоларни таҳлил қилиш мақсад қилинган.
Адлия вазири хизмат сафари чоғида суд ва нотариал идораларида узоқ муддат хизмат қилган фахрий ҳуқуқшунос Муҳаммаджон Иргашевич Тошбаев холидан хабар олди.
М. Тошбаевга Наманган вилоят адлия бошқармаси томонидан 2006 йилда 2-даражали юрист мартаба-даражаси берилган бўлиб, у кўп йиллик иш фаолияти даврида тажрибали ходим сифатида касбдошлари орасида ҳурмат қозона олган.
Адлия вазири М. Тошбаев билан ҳаётий ва иш тажбираси бўйича суҳбат қилиб, у кишининг соҳа ривожи учун қўшган ҳиссаси, жасорати доимо ёш ходимларга ўрнак бўлиб келаётганини ҳамда ходимлар ҳамиша устоз фахрийлар билан фахрланишини ва улар доим эъзозда эканлигини алоҳида таъкидлади. Адолат йўли — энг тўғри ва шарафли, шу билан бирга сермашаққат йўллигини, бу танлов жасоратни, фидоийлик ва садоқатни талаб этишини айтди. Умрини фуқароларга хизмат қилиш, қонун ва тартиблар ижросини таъминлашга бағишлаган инсонлар меҳнати ҳамиша эл ардоғида бўлишини билдирди.
Ана шу маънода тизим фахрийлари Адлия вазирлигининг доимий эътиборида десак хато бўлмайди.
Маълумот учун: 76 ёшни қаршилаган М.Тошбаев 1945 йилда Наманган шаҳрида туғилган. У 1985 йил Тошкент Давлат Университетининг Ҳуқуқшунослик факультетини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 1965 йилда Наманган шаҳар судида суд мажлиси котиби вазифасидан бошлаб, 1968-1988 йилларда вилоят судида турли лавозимларда фаолият юритган. 1988-1989 йилларда Давлатобод туман давлат нотариал идораси нотариуси, 1989-2010 йиллар оралиғида Наманган шаҳар 1-сонли давлат нотариал идораси нотариуси вазифасида фаолият олиб борган.