Bog'lanish

Telefon
(+998 69) 227-06-62

Elektorn manzil
namangan@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

17

Наманганда Адлия аралашуви билан 73 нафар ишчи-ходимнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган эзгу ғоя элимизнинг бугунги ва эртанги фаровон ҳаётини ўйлайдиган давлат муассасалари ҳамда ташкилотлари фаолиятида устувор аҳамият касб этмоқда.
Қолаверса, давлат раҳбари томонидан 2016 йил 28 декабрда қабул қилинган жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашга қаратилган фармон ҳам бу борадаги амалий ишларни сифат ва мазмун жиҳатидан янада бойитди.

Умуман олганда, барча даражадаги раҳбарларнинг пастга тушиб, элимизнинг дардини эшитиши мурожаатлар билан ишлаш кўламини ортиши натижасида ҳар битта ташкилот ва идораларда биринчи навбатда келиб тушаётган мурожаатларни ижобий ҳал қилишга кенг йўл очди.

Таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг 2018 йил 13 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш адлия органларининг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланган.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Наманган вилояти адлия бошқармаси томонидан вилоят “Иссиқлик манбаи” ишлаб чиқариш давлат унитар корхонасида ишчи-ходимларга иш ҳақларини ўз вақтида тўлаб берилаётганлиги ҳолати мониторинг йўли билан ўрганилди.

- Мониторинг жараёнида 73 нафар бошқарув, ишлаб чиқарувчи, техник ходимларнинг ҳисобланган бироқ, тўланмаган иш ҳақлари жами 1 миллиард 10 миллион 917 минг 914 сўм эканлиги аниқланди, - дейди Наманган вилояти адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилмурод Аҳмедов.

- Ваҳоланки, Меҳнат кодексининг 161-моддасида меҳнатга ҳақ тўлаш муддатлари жамоа шартномаси ёки бошқа локал норматив ҳужжатда белгиланади ва ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмаслиги белгиланган. Шунингдек, мазкур кодекснинг 154-моддасида иш берувчи ўзининг молиявий ҳолатидан қатъи назар, ходимга бажарган иши учун ҳақни белгиланган меҳнат ҳақи шартларига асосан ушбу кодекснинг 161-моддасида кўрсатилган муддатларда тўлаши лозимлиги кўрсатиб ўтилган.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 19 мартдаги “Иш ҳақи ўз вақтида тўланишига доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг учинчи бандида мулкчилик шаклларидан қатъи назар корхоналар ва ташкилотлар раҳбарлари ходимларга иш ҳақини ўз вақтида ва тўлиқ тўланиши учун шахсан жавобгар эканлиги кўрсатилган.

Шундай қилиб, вилоят адлия бошқармасининг аралашуви ва амалий кўмагида “Иссиқлик манбаи” ишлаб чиқариш давлат унитар корхонасининг 73 нафар бошқарув, ишлаб чиқарувчи, техник ходимларнинг ҳисобланган бироқ, тўланмаган иш ҳақлари жами 1 миллиард 10 миллион 917 минг 914 сўмни ундириш юзасидан Фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро судига аризалар киритилиб, суд орқали тўланмаган юқоридаги иш ҳақи маблағлари ишчи-ходимларга тўлаб берилиши белгиланди.