Bog'lanish

Telefon
(+998 69) 227-06-62

Elektorn manzil
namangan@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

27

ЕТМИШ УЧ НАФАР ХОДИМНИНГ МЕҲНАТ ҲУҚУҚЛАРИ ҲИМОЯ ҚИЛИНДИ


Маълумки, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришгандаёқ бир фикрни таъкидлаганди: халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак.

Бу элпарвар тамойил давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланди. Кўп ўтмай, 2016 йил 28 декабрда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича Президент фармони қабул қилинди. Мурожаатлар билан ишлаш кўлами кескин ошди. Ҳар битта ташкилот ва идораларда биринчи навбатда келиб тушаётган мурожаатларни ижобий ҳал қилишга жиддий эътибор қаратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги
ПҚ-3666-сон қарорида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш адлия органларининг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланган.

Шунга кўра, Наманган вилоят адлия бошқармаси томонидан Наманган вилоят “Иссиқлик манбаи” ишлаб чиқариш давлат унитар корхонасида ходимларга иш ҳақларини ўз вақтида тўлаб берилаётганлиги ҳолати мониторинг йўли билан ўрганилди.

Мониторинг жараёнида 73 нафар бошқарув, ишлаб чиқарувчи, техник ходимларнинг ҳисобланган бироқ, тўланмаган иш ҳақлари жами
1 010 917 914 (бир миллиард ўн миллион тўққиз юз ўн етти минг тўққиз юз ўн тўрт) сўм эканлиги аниқланди.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг
161-моддасида меҳнатга ҳақ тўлаш муддатлари жамоа шартномаси ёки бошқа локал норматив ҳужжатда белгиланади ва ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмаслиги белгиланган.

Шунингдек, Меҳнат кодексининг 154-моддасида иш берувчи ўзининг молиявий ҳолатидан қатъи назар, ходимга бажарган иши учун ҳақни белгиланган меҳнат ҳақи шартларига мувофиқ ушбу Кодекснинг
161-моддасида кўрсатилган муддатларда тўлаши шартлиги кўрсатиб ўтилган.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 19 мартдаги “Иш ҳақи ўз вақтида тўланишига доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги
88-сон қарорининг 3-бандида мулкчилик шаклларидан қатъи назар корхоналар ва ташкилотлар раҳбарлари ходимларга иш ҳақини ўз вақтида ва тўлиқ тўланиши учун шахсан жавобгар эканлиги кўрсатилган.

Юқоридагиларга кўра, Наманган вилоят адлия бошқармаси томонидан Наманган вилоят “Иссиқлик манбаи” ишлаб чиқариш давлат унитар корхонасининг 73 нафар бошқарув, ишлаб чиқарувчи, техник ходимларнинг ҳисобланган бироқ, тўланмаган жами 1 010 917 914 (бир миллиард ўн миллион тўққиз юз ўн етти минг тўққиз юз ўн тўрт) сўм иш ҳақларини ундириш юзасидан Фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро судига аризалар киритилиб, суд орқали тўланмаган жами 1 010 917 914 (бир миллиард ўн миллион тўққиз юз ўн етти минг тўққиз юз ўн тўрт) сўм пул маблағи ходимларга тўлаб берилиши белгиланди.

 

Аҳмедов Дилмурод Тохиржанович
Наманган вилоят адлия
бошқармаси бошлиғи ўринбосари