Bog'lanish

Telefon
(+998 69) 227-06-62

Elektorn manzil
namangan@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

12

Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришишда ННТлар иштироки: Ўзбекистон тажрибаси


Тошкентда “БМТ Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришиш вазифаларини амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотларининг иштироки: Ўзбекистон тажрибаси” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, мамлакатимизнинг қатор вазирлик ва идоралари томонидан БМТ агентликлари ҳамда Германиянинг Фридрих Эберт номидаги жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Конференцияда БМТТД, ЮНИСЕФ, ЮНЕСКО, ЮНФПА, ЮНЭЙДС, “БМТ-Хотин-қизлар” каби халқаро ташкилотлар вакиллари, Жанубий Корея, Италия, Греция, Латвия, АҚШ, Япониядан экспертлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, давлат, жамоат тузилмалари, хусусан, мамлакатимиз ҳудудларида фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Истиқлолнинг дастлабки кунларидан Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари, эркинлиги ва манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш мақсадида барқарор бозор иқтисодиёти ва кучли фуқаролик жамиятига асосланган демократик ҳуқуқий давлат қуришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Мамлакатимизнинг ўз танлаган йўлида эришган муваффақиятлари Президентимиз Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган ва бутун дунёда эътироф этилган ислоҳотларнинг “ўзбек модели”ни ҳаётга татбиқ этиш самараларидандир. “Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало, инсон учун” деган муҳим тамойилга мувофиқ, давлат ва жамият бошқаруви тизимини демократлаштириш, хусусий мулк устуворлиги асосида иқтисодиётни модернизация қилиш ва эркинлаштириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, жамиятни маънавий-маърифий янгилашга доир кенг кўламли туб ўзгаришлар рўёбга чиқарилди. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ва Ўзбекистонда тараққиётнинг янги босқичини бошлаб берган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясининг амалга оширилиши танлаган йўлимизнинг нечоғли изчиллигидан ёрқин далолат беради.

Экспертларнинг умумий фикрига кўра, Ўзбекистон Президентининг пухта ўйланган, мамлакат ва халқ келажаги йўлида амалга оширилаётган ижтимоий йўналтирилган сиёсати 2000 йилда Мингйиллик саммитида эълон қилинган ҳамда жаҳон ҳамжамияти учун одамлар турмуш даражасини яхшилаш ва фаровонлигини ошириш борасидаги муҳим вазифалар белгиланган Мингйиллик ривожланиш мақсадларига (МРМ) тўлиқ жавоб беради. Президентимиз Ислом Каримов БМТ Бош ассамблеясининг 2000 йил 8 сентябрда ва 2010 йил 20 сентябрда ўтказилган ялпи мажлисларидаги нутқида глобал мақсадларга эришиш – Ўзбекистонда амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг муҳим қисми эканини таъкидлаган эди. Конференцияда мамлакатимизда бу МРМ вазифаларини муваффақиятли ҳал этишнинг кафолати ҳисобланиши қайд этилди. Шу муносабат билан конференция қатнашчилари мустақиллик йилларида Ўзбекистонда барқарорлик, миллатлараро ва фуқаролараро тотувликни сақлаш ҳамда мустаҳкамлаш мамлакатимизнинг Мингйиллик ривожланиш мақсадларига ҳамоҳанг саккиз Миллий ривожланиш мақсадлари сари дадил ҳаракат қилиши учун муҳим асос бўлиб хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистон МРМга эришиш бўйича глобал жараёнда фаол иштирок этаётгани, аҳоли турмуш даражасини ошириш борасидаги қатор кўрсаткичлар бўйича эса етакчи давлатлар қаторидан жой олгани қайд этилди. Масалан, 2000 йилга нисбатан мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти 3,1, иш ҳақи қиёсий нархларда 22, аҳоли жон бошига реал даромад 8,4 баробар ошди, оилаларнинг 97 фоизи бугун ўз уй-жойига эгадир. 2012 йил ва 2013 йилнинг биринчи ярмида ташкил қилинган 1,5 миллиондан зиёд иш ўрнининг 62 фоизи қишлоқ жойларда яратилди. Дунёнинг аксарият давлатлари тараққиётига салбий таъсир кўрсатаётган глобал молиявий-иқтисодий инқироз давом этаётганига қарамай, миллий иқтисодиётимиз сўнгги олти йил мобайнида 8 фоиздан ортиқ ўсмоқда. Бу эса, биринчи навбатда, соғлиқни сақлаш, таълим ва аҳолининг турли қатламларини манзилли қўллаб-қувватлаш соҳасида ижтимоий сиёсатни самарали амалга ошириш имконини бераётир. Ҳар йили ижтимоий соҳани ривожлантириш учун давлат бюджети харажатларининг 60 фоизигача йўналтирилмоқда. Ўзбекистонда 12 йиллик бепул таълимнинг жорий этилгани ва соғлиқни сақлаш хизматларидан фойдаланиш таъминланаётгани келажак учун сарфланаётган ишончли инвестиция бўлиб, бу бугунги кунда бошқа давлатларнинг камдан-кам ҳолларда ўз зиммасига оладиган мажбуриятларидандир.

Мамлакатимизда қарор топган ижтимоий шерикликка асосланган мазкур ишларда фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам фаол иштирок этиши натижасида ривожланишга доир вазифалар муваффақиятли ва самарали ҳал этилмоқда. Ушбу ижобий жараён кучли давлатдан кучли фуқаролик жамиятига ўтиш, давлат бошқаруви органлари ваколатларини фуқаролик институтларига босқичма-босқич ўтказиш доирасида изчиллик билан амалга оширилаётир. Ўзбекистонда “учинчи сектор”ни шакллантириш учун барча ташкилий-ҳуқуқий ва моддий-техник шароит яратилган. Президентимиз Ислом Каримовнинг 2005 йил 23 июнда “Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг қабул қилингани бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда. Буларнинг барчаси демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқлари, эркинлиги ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим омил сифатида ННТларнинг ташкил топишига кўмаклашмоқда, фуқароларнинг ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши, ижтимоий, социал-иқтисодий фаоллигини ва ҳуқуқий маданиятини ошириши учун шароит яратмоқда, жамиятда манфаатлар тенглигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

“МРМга эришиш борасида Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилаётганимиздан фахрланамиз, – деди БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Стефан Приснер. – Ўзбекистонни, хусусан, таълим соҳасида эркаклар ва хотин-қизлар тенглигини, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, болалар ўлимини камайтириш ва оналар саломатлигини яхшилаш каби миллий мақсадларга эришиш борасидаги улкан ютуқлари билан табриклашни истар эдим. ОИВ/ОИТС, сил касаллигига қарши кураш, экологик барқарорликни таъминлашга доир ишлар изчиллик билан давом эттирилмоқда. Ривожланиш мақсадида глобал ҳамкорликка катта эътибор қаратилаётир ва мазкур конференция ҳам шундан далолатдир. Тараққиётнинг “ўзбек модели” кенг ҳуқуқ ва имкониятларга эга ННТлар иштирокини ҳам ўз ичига олган ва давлатингиз раҳбари томонидан бу масалага алоҳида эътибор қаратилаётгани жуда муҳим. Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари МРМга оид вазифаларни аниқ йўналтирилган тарзда ҳал этишда давлатнинг муҳим ҳамкори ҳисобланади ва ушбу жараённинг очиқ-ошкоралигини таъминлаш, унинг мониторингини амалга оширишда фаол иштирок этмоқда. Мамлакатингиз МРМга оид вазифаларга эришишда бошқа давлатларга ибрат бўлмоқда. БМТ Ўзбекистонга бу борада кўмаклашишга ҳар доим тайёр».

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла”, “Нуроний”, “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми”, “Соғлом авлод учун”, “Sen Yolg`iz Emassan” жамғармалари, Ўзбекистон Экологик ҳаракати, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ва бошқа жамоат ташкилотлари фаолияти аҳолининг турли қатламлари томонидан кенг қўллаб-қувватланмоқда. Конференция арафасида тадбирнинг хорижий иштирокчилари ушбу ташкилотларнинг аксарияти, жумладан, Репродуктив саломатлик маркази, Она ва бола скрининг маркази, “SOS – Ўзбекистон болалар маҳаллалари” уюшмаси фаолияти билан танишди.

Хорижлик экспертларнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда ушбу секторни ривожлантиришни қўллаб-қувватлашнинг ноёб тизими яратилган. Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди орқали сўнгги беш йилда соғлиқни сақлаш, таълим, атроф-муҳит муҳофазаси, аҳоли бандлигини таъминлаш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни ошириш, баркамол авлодни тарбиялаш каби соҳаларда ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш учун грантлар, субсидиялар ва ижтимоий буюртмалар шаклида 28 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилди.

Бундай қўллаб-қувватлаш натижасида Ўзбекистонда ННТлар кўпаймоқда ва уларнинг сони олти мингдан ошади. Сўнгги йилларда давлат дастурларини амалга оширишда иштирок этаётган ННТлар сафи қарийб икки баравар кенгайди. Бугун мамлакатимизда аксариятини Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси бирлаштирган ННТлар жамиятнинг ривожланган ва муштарак секторини ташкил қилади. Буни 2012 йили ўтган ННТлар миллий форуми ҳам тасдиқлайди. “Ижтимоий шериклик тўғрисида”, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”, “Экологик назорат тўғрисида”, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонунларнинг қабул қилиниши давлат ҳамда жамиятни бошқаришда ННТларнинг ваколат ва имкониятларини янада кенгайтиради.

“Андижон ва Сурхондарё вилоятларидаги қишлоқ аҳолисининг саломатлигини мустаҳкамлаш ва ичимлик сувидан фойдаланишини кенгайтиришга доир лойиҳаларда иштирок этиб, ННТлар ва ўзини ўзи бошқариш органлари – маҳаллаларнинг муайян вазифаларни ҳал этиш учун жамият саъй-ҳаракатларини сафарбар этишдек муҳим ишларни бажараётганига амин бўлдик, – деди Техник ҳамкорлик ва ривожланиш агентлигининг минтақавий директори Паскаль Бернард (Франция). – Ана шундай самарали ишлар натижасида барқарор ривожланишга эришилмоқда. Ўзбекистонда ННТлар ўз ташаббусларини рўёбга чиқариш имкониятига эга, деярли барча жараёнларда, шу жумладан, қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва муҳокама қилишда фаол иштирок этмоқда”.

“Ўзбекистонда давлат ва жамият ҳамжиҳатликда ҳаракат қилаётгани менинг жуда ҳавасимни тортди, – деди Хотин-қизларнинг “Марта” ахборот-ресурс маркази раҳбари Илуита Лаце (Латвия). – Бу эса аҳолининг ва, умуман, ривожланиш бўйича муҳим эҳтиёжларни ўз вақтида аниқлаш ҳамда қаноатлантиришга хизмат қилаётир. Бундай ижтимоий шериклик ва аҳиллик халқингизга хос муҳим фазилатлардандир. Ўзбекистонда одамлар, Европадан фарқли ўлароқ, ўзаро меҳр-оқибатли, иноқ ва тотув. Буни ноёб тузилма бўлган маҳалла мисолида ҳам яққол кўриш мумкин”.

Конференцияда дунёнинг барча давлатларида ҳам МРМга оид мақсадларга эришиш Ўзбекистондаги каби миллий сиёсатнинг устувор йўналишига кўтарилмагани қайд этилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 26 январдаги қарорига биноан Ўзбекистонда 2015 йилгача МРМга эришишга доир қўшимча чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Улар Мингйиллик декларациясида белгиланган барча саккиз мақсад бўйича 88 йўналишни ўз ичига олган. Ушбу чора-тадбирларни амалга ошириш учун ҳудудлар ва тармоқлар даражасидаги тегишли инфратузилмалар шакллантирилган, бу борадаги ислоҳотлар самаралари тизимли асосда мониторинг қилинмоқда, парламент ва жамоатчилик назорати амалга оширилмоқда, халқаро ҳамкорлик кенгайтирилмоқда.

“Маҳаллий ҳокимликлар кўмагида ННТлар ва давлат ташкилотлари билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг етти ҳудудида бир қанча дастурларни амалга оширишда иштирок этмоқдамиз, – деди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ижтимоий сиёсат бўлими раҳбари Линда Сатурно. – Улар МРМ билан боғлиқ қатор муҳим йўналишлар, шу жумладан, соғлиқни сақлаш, таълим ва аҳоли бандлиги соҳасини ўз ичига олган. Ўзбекистонда ННТлар Мингйиллик ривожланиш мақсадлари эътиборга олинган ҳолда ишлаб чиқилган кўплаб давлат дастурларига киритилгани ҳам эътиборга лойиқдир. Бу эса мамлакатингизда ижтимоий шериклик мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради. Бунинг натижасида аҳолининг амалга оширилаётган ислоҳотлар, уларнинг очиқ-ошкоралигига ишончи тобора ортмоқда”.

Чет эллик экспертлар Ўзбекистонда таълимни ривожлантириш учун ялпи ички маҳсулотнинг 10-12 фоизи, яъни ривожланган давлатларга нисбатан 3-4 баробар кўп йўналтирилаётганини юксак баҳолади. Улар мазмун-моҳиятига кўра ноёб Кадрлар тайёрлаш миллий дастури бераётган юксак самараларни алоҳида қайд этди. Мамлакатимизда саводхонлик даражаси қарийб 99 фоизни ташкил этади. Буларнинг барчаси Ўзбекистонда мазкур соҳага оид ривожланиш мақсадларига эришилганидан далолат экани таъкидланди.

“Дунёда барча жабҳаларда рўй бераётган улкан ўзгаришлар шиддатли технологик тараққиёт, аҳолининг кўпайиши ва меҳнат бозоридаги эҳтиёж ўзгариб бораётган XXI аср талабларига мувофиқ тарзда мослашиш учун таълимга мутлақо янги ёндашувларни тақозо этмоқда, – деди япониялик таълим бўйича эксперт Ушио Миура. – Шу сабабли сифатли таълимдан баҳраманд бўлиш, бундай баҳрамандлик фақат мактаб ёки олий ўқув юрти доирасида чекланиб қолмасдан, бутун умр мобайнида давом этиши ғоят муҳимдир. Ўзбекистон буларнинг барчасига эришаётганини ўз кўзимиз билан кўрдик. Ушбу вазифаларни амалга оширишда ННТлар ҳам фаол иштирок этиб, аҳолининг турли тоифалари учун курслар, тренинг ва семинарлар ташкил этмоқда. Бу эса мазкур соҳадаги давлат сиёсатини ҳаётга самарали татбиқ этишга хизмат қилмоқда”.

Соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам улкан ўзгаришлар рўй берди. Бепул шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш тизими, кўп тармоқли қишлоқ врачлик пунктлари, перинатал ва скрининг марказлари ташкил этилди. Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича амалга оширилаётган миллий модель жаҳон ҳамжамияти томонидан бошқа мамлакатлар учун намуна сифатида эътироф этилди. Буларнинг натижасида истиқлол йилларида оналар ўлими 3,2, болалар ўлими эса 3,4 баравар қисқарди. МРМнинг муҳим кўрсаткичларидан бири – ўртача умр кўриш давомийлиги мамлакатимизда 66 ёшдан 73,5 ёшга етди. Ушбу кўрсаткичлар мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ютуқларининг ёрқин ифодаларидандир.

“Ўзбекистон давлат органлари ва жамоат ташкилотларининг, хусусан, жойларда МРМга эришиш борасидаги яқин ва самарали ҳамкорлиги юксак натижалар бермоқда, – деди “Save the children” халқаро ташкилотининг Ўзбекистондаги филиали директори Сон Жеонг Бае (Жанубий Корея). – Мамлакатингиз ННТлари билан биргаликда мазкур вазифаларга тўлиқ мос “Обод турмуш йили” Давлат дастурини ҳаётга татбиқ этишда иштирок этиш имкониятига эга бўлганимиздан мамнунмиз. Хусусан, Тошкент вилоятидаги қатор туманлар қишлоқ врачлик пунктларини жиҳозлашга, уларда меҳнат қилаётган тиббиёт ходимларини ўқитиш ва аҳоли тиббий маданиятини оширишга кўмаклашмоқдамиз. Тиббий хизматлар, жумладан, аёллар ва болаларга кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатининг яхшилангани мамлакатингизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг юксак самараларидандир”.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида аёллар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилиги мустаҳкамлаб қўйилган. Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлаш, жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш бўйича миллий механизм яратилган. Ўзбекистон Президентининг 1995 йил 2 март куни қабул қилинган фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, ҳудудий хотин-қизлар қўмиталарининг раислари эса жойлардаги ҳокимларнинг ўринбосарлари этиб тайинланиши белгиланган. Сиёсий партиялар томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларни кўрсатишда хотин-қизлар учун 30 фоизлик квота ажратилиши натижасида бугун улар Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг 22 фоизини ва Сенат аъзоларининг 15 фоизини ташкил қилади. Мамлакатимизда иш билан банд аҳолининг ярмидан кўпи хотин-қизлардир. 2013 йилнинг олти ойида мамлакатимиз тижорат банклари хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун 322,5 миллиард сўмдан ортиқ кредит ажратди.

Конференцияда экологик барқарорликни таъминлаш, сув ва энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш барқарор ривожланиш асосларидан экани таъкидланди. Шу муносабат билан Марказий Осиё минтақаси учун ушбу ўта муҳим масалаларни ҳал этишда Ўзбекистоннинг қатъий позицияси ва саъй-ҳаракатлари алоҳида қайд этиб ўтилди. Бу борада қатор давлат дастурлари ва миллий ҳаракат режалари амалга оширилаётир. Тегишли қонунчилик базаси шакллантирилиб, мамлакатимиз ушбу соҳада ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларни бажармоқда. Бу ишларга Ўзбекистон Экологик ҳаракати ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда. Қонунга биноан Экологик ҳаракатга Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 15 депутатлик ўрни берилган. Хорижий экспертларнинг фикрича, фуқаролик жамиятига экологик хавфсизликни таъминлашда самарали иштирок этиш имконини берадиган механизмни яратишда Ўзбекистон тажрибаси МРМга эришиш борасида энг истиқболли ва самарали йўл ҳисобланади.

“Фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан, ННТлар ҳар бир фуқарога ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда иштирок этиш имконини берадиган давлат ва жамият ўртасидаги самарали алоқани йўлга қўйишда муҳим ўрин тутади, – деди ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Криста Пиккат. – Ўзбекистонда нодавлат нотижорат ташкилотлари бу тарзда кенг қўллаб-қувватланаётгани ННТлар ҳаётга татбиқ этаётган лойиҳалар самарадорлигини сезиларли даражада оширишга кўмаклашмоқда”.

Амалий мулоқот руҳида ўтган конференциянинг хорижий иштирокчилари Марказий Осиё минтақасида етакчи давлат бўлган Ўзбекистоннинг миллий ва глобал вазифаларни муваффақиятли бажариш, бу жараёнга ННТларни фаол жалб қилиш бўйича бой тажрибага эга эканини таъкидлади ҳамда мазкур тажриба дунёнинг аксарият давлатлари учун намуна бўлиши мумкин, деган хулосага келди. Улар ушбу муҳим конференция ўз вақтида ўтказилганини, МРМга эришиш жараёнини жадаллаштириш бўйича глобал ҳаракат режасини амалга ошириш, ривожланиш мақсадида ҳамкорликни жаҳон миқёсида кенгайтириш, 2015 йилдан сўнг ривожланиш соҳасидаги глобал масалаларни шакллантиришда Ўзбекистон, хусусан, бу ердаги фуқаролик жамияти фаол иштирок этиш тарафдори эканини яна бир бор тасдиқлайди.

Анжуман якунлари бўйича тегишли тавсиялар қабул қилинди.

Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова сўзга чиқди.