Янгиликлар
Адлия аралашуви билан тадбиркор манфаати ҳимоя қилинди
Наманган вилоят адлия бошқармаси томонидан Наманган шаҳрида фаолият кўрсатувчи тадбиркор Б.Ахадовнинг Давлатобод туманида жойлашган туман мактабгача таълим бўлимига қарашли 5 та мактабгача таълим ташкилотлари томонидан уларга кўрсатилган аутсорсинг хизматлари учун жорий йилнинг апрель ойидан буён тегишли пул маблағлари тўлаб берилмаётганлигидан норози бўлиб ёзган мурожаати ўрганиб ўрганиб чиқилди.

Жумладан, ўрганиш жараёнида маълум бўлишича, “Мададкор таъминот савдо” хусусий корхонаси томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 июлдаги “Давлат мактабгача таълим муассасаларида соғлом овқатлантириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 626-сон Қарорига асосан, эксперимент доирасида Давлатобод туман мактабгача таълим бўлимига қарашли 5 та, жумладан 23, 29, 40, 41 ва 48-сонли мактабгача таълим ташкилотларига аутсорсинг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш тўғрисида шартномалар тузилган.
Бироқ, кўрсатилган аутсорсинг хизматлари учун туман мактабгача таълим бўлими томонидан тегишли пул маблағлари ўз вақтида ва тўлиқ тўлаб берилмаган ҳамда тақдим этилган маълумотда ҳозирги кунда январь-июнь ойлари учун тузилган шартномалар бўйича қарздорлик жами 51 969 446 сўмни ташкил этиши келтирилган.
Маълум бўлишича, Давлатобод туман мактабгача таълим бўлими томонидан 2021 йил 26 май куни тумандаги 5 та мактабгача таълим ташкилотларига аутсорсинг хизматлари бўйича тузилган шартномалар учун давлат бюджетидан қўшимча 486 899 935 сўм пул маблағлари ажратиш тўғрисида туман молия бўлимига 01-08/150-сонли хат киритилган.
Бироқ, туман молия бўлими томонидан 2021 йил 9 июнь куни берилган 01-20-401/14-сонли жавоб хатида Халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгашининг 2020 йил 30 декабрдаги “2021 йил учун Наманган шаҳрининг маҳаллий бюджети тўғрисида”ги 97/19/06-сонли қарори билан Наманган шаҳар ва Давлатобод туманлари ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчиларига ажратилган маблағларнинг чекланган миқдорлари тасдиқланганлиги, бунда Давлатобод туман мактабгача таълим ташкитларини сақлаш харажатлари учун 5 920,0 млн. сўм пул маблағлари ажратилганлиги, туман маҳаллий бюджет параметрларида аутсорсинг хизматлари учун қўшимча маблағ ажартиш назарда тутилмаганлиги сабабли йиллик харажатлар сметасида ажратилган маблағлар доирасида ёки мактабгача таълим ташкилотининг бюджетдан ташқари бошқа манбаларидан молиялаштирилиши мақсадга мувофиқлиги маълум қилинган.
Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 июлдаги 626-сон қарори билан тасдиқланган “Давлат мактабгача таълим муассасаларида аутсорсинг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 24-бандида аутсорсинг усулида овқатлантириш ташкил этиладиган муассасаларда болаларни овқатлантиришни молиялаштириш ота-оналар тўлов пуллари, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, ҳомийлик маблағлари, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилиши белгиланган.
Низомнинг 28-бандида тарбияланувчининг мактабгача таълим муассасасида бўлган даври учун бадал тўловлари белгиланган тартибда тарбияланувчиларни овқатлантиришни ташкил этишга йўналтирилиши, бунда санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларини тўлиқ бажариш учун ота-оналар тўловлари билан қопланмаган қисми Ўзбекистон Республикаси бюджети маблағлари ҳисобига қопланиши белгилаб қўйилган.
Шунингдек, Мактабгача таълим вазирлиги Давлат мактабгача таълим ташкилотларида соғлом овқатлантиришни аутсорсинг усулида ташкил этиш бўйича танлов комиссиясининг 2020 йил 24 декабрдаги 7-сонли йиғилиш баёни қарорида мактабгача таълим тизимида тажриба-синов сифатида аутсорсинг фаолияти билан шуғулланиб келган тадбиркорлик субъектларига навбатдаги танлов жараёни ўтказилгунга қадар ўз фаолиятларини давом эттиришга рухсат берилиб, ҳудудий мактабгача таълим бошқармалари зиммасига худди шундай аутсорсер корхоналар билан ўрнатилган тартибда шартномалар имзолашни ташкил этиш вазифаси юкалтилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.Мусаевнинг 2021 йил 1 мартдаги 07/1-2264-сонли топшириғига асосан, давлат мактабгача таълим муассасаларида аутсорсинг усулида овқатлантиришни ташкил этиш мақсадида, навбатдаги танлов жараёнини ўтказиш ишлари якунлангунга қадар, истисно тариқасида тадбиркорлик субъектлари билан жорий йилнинг 1 августига қадар шартномаларни рўйхатдан ўтказиш ва тўловларни амалга оширишга рухсат берилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 июлдаги 626-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 19-бандида аутсорсер кўрсатган хизматлар учун тўловни шартномада белгиланган миқдор ва муддатда талаб қилиш ҳуқуқига эга эканлиги, 42-бандида кўрсатилган хизматлар учун шартномада белгиланган миқдор ва муддатда тўловни амалга ошириш буюртмачининг мажбуриятларидан бири сифатида келтириб ўтилган.
Натижада Адлия бошқармаси томонидан “Мададкор таъминот савдо” хусусий корхонаси томонидан Давлатобод туман мактабгача таълим бўлимига қарашли 5 та, жумладан 23, 29, 40, 41 ва 48-сонли мактабгача таълим ташкилотларига аутсорсинг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш бўйича кўрсатилган хизматлар учун вужудга келган жами 51 969 446 сўм қарздорликни зудлик билан бартараф этиш ҳамда тегишли тўловларни амалга ошириш юзасидан тақдимнома чиқарилда ва тадбиркорнинг пуллари қайтарилди.
Абдураҳим Мусашайхов
Наманган вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи