Янгиликлар
Васиятномаларни тасдиқлашда амалиётда вужудга келаётган муаммолар ва уларни бартараф этиш кай тартибда амалга оширилмоқда
Жамиятда хар қандай шахс айниқса ўз умрининг боқий эмаслигини хаётининг сўнги чоғларида тафаккур қилиб, ўзидан кейин мерос бўлиб қолаётган мулки меросхўрлари ўртасида низоларга, мавхумлик ва адолатсизликка сабаб бўлмаслиги тадбирини ўйлаб қолади. Шу сабабли тўғри тузилган васиятнома хаётлик чоғидаёқ кишига барча муаммоларни хал этишда, мол-мулкининг тақдирини белгилашда ёрдам беради.
Аввало васият қилувчи васият - кишининг вафот этган тақдирда мулкини тасарруф этиш хусусидаги хохиш-иродаси эканлигини билиши керак.
Васиятномани тасдиқлаш вақтида васият қилувчининг тўлиқ фуқаролик салохиятига, яъни ўз харакатларининг ахамиятини тушуниш ва уларни бошқара олиш салохиятига эга бўлиши керак.
Айнан, васият қилувчининг васиятнома тасдиқланаётган вақтда хуқуқий муомала лаёқатига эга бўлмаганлиги борасидаги гумон кейинчалик судлар томонидан кўплаб васиятномаларни хақиқий деб топилишига асос бўлиб келди.
Бу борада Ўзбекистон республикаси Адлия вазирининг 2019 йил 4-январдаги 2-м.х-сон буйруғи билан тасдиқланган “Нотариуслар томонидан нотариал харакатларни амалага ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома” 88-бандида кайд этилган васиятномани имзолаш жараёни мажбурий аудио ва видео ёзув билан кайд этилиши хусусидаги янги қоида айни муддао бўлди.
Бунга қадар амалиётда суд-психиатрия экспертизасининг “Васиятномани тасдиқлаш вақтида васият қилувчи хуқуқий муомалага лаёқатсиз бўлган бўлиши мумкин” – деган мавхум хулосаси васиятноманинг хақиқийлигига бахо беришда асосий мезон бўлиб хизмат қилиб келди.
Эндиликда, васиятномани тасдиқлаш жараёни акс этган аудио ва видео ёзувлар бу хилдаги муаммоларни хал этишда беқиёс ахамиятга молик бўлди.
Васиятномани тасдиқлаш жараёни тўғрисида ахборот бериладиган бўлса, аввало ахамиятлиси васиятнома матни васият қилувчи томонидан ёзилиб, нотариусга шахсан тақдим этилган ёки унинг сўзларидан нотариус томонидан ёзиб олинган бўлиши керак.
Васиятномани тасдиқлаш беришда васият қилувчидан унинг васият қилинаётган мол-мулкга бўлган хуқуқини тасдиқловчи хужжатларни тақдим этиш талаб қилинмайди.
Васиятнома ёзилган жой, санаси, вақти кўрсатилган холда ёзма шаклда тузилиши лозим. Ёзма шаклдаги васиятнома васият қилувчининг ўз қўли билан имзоланиши, фамилияси, исми ва отасининг исми тўлиқ ёзилиши шарт.
Агар васият қилувчи жисмоний нуқсонлари,касаллиги ёки саводсизлиги туфайли васиятномани ўз қўли билан имзолай олмаса, унинг илтимосига биноан нотариус хозир бўлганида васият қилувчи ўз қўли билан имзолай олмаганлигини сабаблари кўрсатилган холда васиятномага бошқа шахс имзо қўйиши мумкин. Бундай холатда, нотариус Ўзбекистон республикаси Фуқаролик кодексининг 1128-моддасига асосан васият қилувчининг ўрнига васиятномани имзолаган фуқарога мерос очилгунга қадар васиятномани мазмуни, унинг тузилиши, бекор қилиниши ёки ўзгартирилишига дахлдор малумотларни ошкор қилишга хақли эмаслигини тушунтиради ва бу хақда васиятнома матнида кайд этади.
Шунингдек, васиятнома матнида васият қилувчининг ўрнига васиятномани имзолаган шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, туғилган йили, шахсини тасдиқловчи ҳужжат ва доимий прописка қилинган манзили ёзилади.
Васият қилувчининг илтимосига биноан васиятномани тасдиқлашда гувоҳлар иштирок этиши мумкин. Бундай ҳолда васиятноманинг ҳар икки нусхасига бу ҳақда ёзиб қўйилади.
Нотариус томонидан васият қилувчининг васиятномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги аризаси нотариал шаҳодатлантирилиши керак.
Нотариус васиятномани ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисида ариза олган тақдирда васиятноманинг нотариусда сақланаётган нусхасига белги қўяди ва Тизимга бу хусусда маълумот киритади. Васиятномани ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисида ариза нотариал идорада юритиладиган битимларни бекор қилиш тўғрисидаги алоҳида йиғмажилдда сақланади.
Васият қилувчи ўзида сақланаётган васиятнома нусхасини тақдим этган тақдирда, васиятноманинг ўзгартирилганлиги ёки бекор қилинганлиги тўғрисида бу нусхага ҳам ёзиб қўйилади.
Васият қилувчи исталган вақтда васиятномани ўзгартириш ва бекор қилиш ҳақида Қонуннинг 16-моддасига мувофиқ хоҳлаган нотариал идорага мурожаат этиши мумкин. Бундай ҳолда нотариус васиятномага ўзгартириш киритилганлиги ёки уни бекор қилинганлиги тўғрисида Тизимга маълумот киритади.
Наманган шахридаги хусусий амалиёт
билан шуғулланувчи нотариус
Оббасов Нурилло Кодирхонович.