Bog'lanish

Telefon
(+998 69) 227-06-62

Elektorn manzil
namangan@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

24

Ижро интизоми – ислоҳотлар натижадорлигининг муҳим омили.


Маълумки, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш бўйича ислоҳотларнинг натижадорлиги бевосита уларни амалга оширишга қаратилган қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этилишига бевосита боғлиқдир. Бу борада Президентимизнинг 2021 йил 10 февралдаги ПФ-6166-сон Фармони билан “шахсий масъулият, мустаҳкам “темир” интизом ва ташаббускорлик” тамойилларига асосланган қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлари ижросини назорат қилишнинг мутлақо янгича тизими жорий қилиниб, мазкур йўналишда ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилган эди.

Таҳлилларга эътибор қаратадиган бўлсак, вилоятимиз бўйича “Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими орқали ижро учун жами 834 та Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари келиб тушган бўлиб, шулардан: фармон – 126 та, қарор – 450 та, фармойиш – 22 та, баён – 236 тани ташкил қилади. Шунингдек, мазкур ҳужжатларга асосан жами топшириқлар сони 5 699 та бўлиб, шулардан: 911 таси фармонлар бўйича, 2 486 таси қарорлар бўйича, 106 таси фармойишлар бўйича, 2 196 таси эса баёнлар бўйича келиб тушган.

Ўз навбатида, мазкур кўрсаткичларнинг ўзиёқ, бу соҳадаги назорат ва ҳисобдорликни янада кўчайтириш, ижро интизомини мустаҳкамлашга қаратилган янгича самарадор тизимни йўлга қўйиш лозимлигидан далолат беради. Зеро, ҳар бир қонунчилик ҳужжатларида мазмунан аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилган нормаларнинг мужассамлигини ёддан чиқармаслик лозим.

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 31 май санасида имзоланган “Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими самарали фаолият кўрсатишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги
ПҚ-5132-сон Қарор қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси мониторингини олиб боришда мазкур тизим таъсирчанлигини мустаҳкамлаш, унинг аҳамиятини янада ошириш ҳамда самарали фаолият кўрсатишини таъминлашда муҳим қадам бўлди.

Хусусан, қарор билан белгиланган мазкур тизимда Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Адлия вазирлигининг ўрни белгиланди. Янги тизимда ўрта ва қуйи бўғинга асосий урғу қаратилиб, давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари (ҳусусан вилоят ва туман(шаҳар) ҳокимликлари) томонидан “Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизимида қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор, фармойиш ва топшириқлари ижросини, бу борада назорат ва ҳисобдорликни ташкил этиш тартиблари белгиланди. Ўз навбатида, назорат ва ҳисобдорликни ташкил этиш тартиби ҳар бир ҳаракат кесимида батафсил, таъбир жоиз бўлса “соатбай” тартибга солиниши очиб берилди.

Қарорга мувофиқ, қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини таъминлаш бўйича 7 та босқичдан иборат “технологик занжир” асосида амалга оширилиши белгиланди.

Шунингдек, қарор билан вазирлик ва идоралар биринчи раҳбарларининг ва масъул ходимларининг масъулияти ва жавобгарлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Биргина мисол, эндиликда ҳокимликларда қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг ижро ҳолати ҳар ҳафта жума куни — ҳокимнинг биринчи ўринбосари ҳузурида, ҳар ҳафта душанба куни — ҳоким ҳузурида, ҳар ойда — халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) Кенгашлари йиғилишида муҳокама қилиб борилади. Бунда, қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларни тўлиқ бажармаган, кечиктириб бажарган ёки умуман ижросини таъминламаган раҳбар ва ходимларга нисбатан интизомий жавобгарлик масалалари кўриб чиқилади.

Яна бир муҳим жиҳат, қарор билан қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини таъминлаш борасидаги фаолият натижадорлигини баҳолаб бориш ҳамда рейтинг кўрсаткичларини кенг жамоатчилик эътиборига етказиш тартиби жорий этилди.

Таъкидлаш лозимки, белгиланган янги тартиблар, ўз ўрнида, қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларни ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилишига, самарали ижро интизомини таъминлашга қаратилган.

Албатта, булардан кўзланган пировард мақсад ҳам “Ижро интизоми – ислоҳотлар гарови” тамойили асосида жамиятимиз ҳаётидаги ижтимоий, иқтисодий муносабатларни тубдан яхшилаш, аҳоли учун муносиб ҳаёт даражаси ва сифатини таъминлаш, халқимизни рози қилишдир.

Орифжон Ибраҳимов
Вилоят адлия бошқармаси бош маслаҳатчиси.