Янгиликлар
Ерни қадри, қиммати баланд
Ер одамзоднинг нафақат муқаддас мулки, балки улуғ қадрияти ҳисобланади. Куни кеча қабул қилинган Ўзбекистон Республикасини Президентининг жорий йил 8 июндаги "Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-6243-сон Қарори ана шу жиҳатдан ҳам юксак аҳамиятга эга.
Мазкур фармоннинг мазмун-моҳиятини оммалаштириш орқали “Фермерга мадад” акцияси доирасидаги ишлар давом эттирилмоқда.
Ана шу мақсадда Наманган вилоят адлия бошқармаси ва Тўрақўрғон туман адлия бўлими ходимлари билан ҳамкорликда “Бахтиёр Неъматжон, Шавкатжон” фермер хўжалигига ташриф буюрилиб, уларнинг муаммолари ўрганилди.
Исхоқхон тўра Ибрат ММТП ҳудудида жойлашган ушбу фермер хўжалиги 222,3 гектарни ташкил қилади, фермер хўжалиги томонидан 113,8 гектар ер майдонида ғалла, 108,5 гектар ер майдонида пахта экинлари экилган.
Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, фермер хўжалик раҳбари 2019 йилда Пахта тозалар АЖ орқали уруғ маҳсулотларини етказиб бериш бўйича шартнома имзолаган. Бироқ ўтказилган суммага нисбатан етказиб берилган маҳсулот мутаносиб бўлмаганлиги боис, фермернинг 24 миллион сўм ҳақдорлиги белгиланган. Ушбу мурожаат туман адлия бўлими томонидан иш юритувига олиниб, қонуний тартибда кўриб чиқилмоқда.
Эслатиб ўтамиз “Фермерга мадад” акцияси жорий йилнинг декабрь ойига қадар давом этади.
Наманган вилоят адлия бошқармаси