Bog'lanish

Telefon
(+998 69) 227-06-62

Elektorn manzil
namangan@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

05

Пўлат деворлар йўқ қилинди!


Бугунги кунда аҳолининг барча қатламига давлат хизматлари кўрсатиш тизими ислоҳ қилиниб, тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш ва ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш бўйича изчил чора-тадбирлар ва аниқ белгиланган ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, айрим турдаги лицензия ва рухсатномалар бекор қилинди, маъмурий тартиб-таомиллардан ўтиш муддатлари сезиларли равишда қисқартирилди, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан бериладиган бир қатор маълумотномалар бекор қилинди.
Давлат органлари ва ташкилотларида маънавий эскирган тартиб-таомиллар ва бюрократик тартиблар, кўп такрорланувчи маълумотномалдарни ахолининг ўзидан қоғоз шаклида талаб қилиш амалиёти яқин кунларгача сақланиб келаётган эди.
Эндиликда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 23.03.2021 йилдаги “Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Пф-6191-сонли фармонига асосан, 2021 йил 1 июндан бошлаб янгича тартиб-таомиллар ўрнатилади.
Жумладан, “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да давлат дастури доирасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ва давлат хизматларини кўрсатишда бюрократизм, сансалорлик ва бошқа маъмурий тўсиқларни бартараф этиш, эскирган, замон талабларига мос келмайдиган тартиб-таомилларни тубдан қисқартириш мақсадида қуйидагича тартиб ўрнатилади:
- фуқароларнинг доимий (вақтинча) рўйхатдан ўтган жойидан қатъи назар фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш, никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш экстерриториал тамойил асосида амалга оширилади;
- нотариал ҳаракатларни амалга оширишда фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувлари билан боғлиқ барча маълумотлар нотариал идоралар томонидан мустақил равишда, фуқаролардан ортиқча маълумот талаб қилмасдан, “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизими орқали олинади;
- тадбиркорлик субъекти бўлган юридик шахсларга давлат хизматларидан фойдаланиш учун белгиланган йиғим ва давлат божи тўловларини тўлашда уларнинг вакили томонидан нақд пул шаклида тўловни амалга оширишга рухсат берилади;
- хорижий тижорат ташкилотларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ваколатхона ходимини аккредитация қилишда унда одамнинг иммунитет танқислиги вируси касаллиги йўқлиги тўғрисидаги сертификатни талаб қилиш амалиёти бекор қилинади;
- давлат хизматлари марказлари орқали хизматлардан фойдаланишда жисмоний ва юридик шахслар томонидан ортиқча тўланган тўловлар, шунингдек, давлат хизматини тезлаштирилган тартибда кўрсатиш учун қўшимча тўланган йиғимлар суммаси (тезлаштирилган тартибда кўрсатилмаган тақдирда) соддалаштирилган тартибда Давлат хизматлари агентлигининг (кейинги ўринларда – Агентлик) бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан бир иш куни ичида қайтарилади. Бунда қайтариб берилган маблағлар Агентлик томонидан тегишли давлат органлари ва ташкилотларидан регресс тартибида ундириб олинади;
- давлат хизматини кўрсатиш натижасида бериладиган ҳужжатлар QR-код (матрик штрихли код) қўйиш орқали берилганда уларнинг дубликатларини бериш тартиби бекор қилинади. Бунда, ушбу ҳужжатлар электрон шаклда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали чекланмаган миқдорда бепул олинади.
Шунингдек, 2021 йил 1 июндан бошлаб давлат органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат ташкилотлари ва муассасалари томонидан аҳолидан, шу жумладан тадбиркорлик субъектларидан қуйидаги ҳужжатлар ва бошқа фактларни тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинади:
- руҳий касалликлар бўйича диспансер ҳисобида туриши ёки турмаслиги;
- наркология бўйича диспансер ҳисобида туриши ёки турмаслиги;
- судланганлик;
- манзил-маълумот ахбороти;
- фуқаронинг номида шахсий уй-жой мавжуд ёки мавжуд эмаслиги;
- турар жойнинг майдони;
- солиқ қарзи мавжуд ёки мавжуд эмаслиги;
- солиқ тўловчи жисмоний шахсларнинг давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйилганлиги;
- пенсия ва нафақа миқдори;
- пенсия ва нафақа олувчилар рўйхатида мавжуд ёки мавжуд эмаслиги;
- никоҳ қайд этилганлиги, никоҳда турмаслиги ёки никоҳдан ажралганлиги;
- шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхаси;
- шахснинг белгиланган шаклдаги фотосурати;
- тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларининг маълумотномалари;
- меҳнат дафтарчалари ва уларнинг нусхалари (фуқароларга пенсия тайинлаш жараёнида ушбу ҳужжатни “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплекси орқали олиш имконияти мавжуд бўлмаган ҳолларда сўраш бундан мустасно);
- иш ҳақи ва иш стажини, олий ва ўрта махсус таълим муассасасида ўқиганликни тасдиқловчи архив маълумотномалари (фуқароларга пенсия тайинлаш жараёнида ушбу ҳужжатни “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплекси орқали олиш имконияти мавжуд бўлмаган ҳолларда сўраш бундан мустасно);
- кадастр ҳужжатлари ва уларнинг нусхаларини.
Шу жумладан мазкур фармон билан, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами барча давлат, банк, ижтимоий ва бошқа хизматларни кўрсатишда фуқаронинг шахсини тасдиқловчи ягона идентификатор ҳисобланиши белгиланди.


Наманган шаҳар адлия бўлими
катта маслаҳатчиси
А.Файзуллаев