Bog'lanish

Telefon
(+998 69) 227-06-62

Elektorn manzil
namangan@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

25

ПРЕЗИДЕНТ ФАРМОН ВА ҚАРОРИ БИЛАН НОДАВЛАТ НОТИЖОРАТ ТАШКИЛОТЛАРИНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВАТЛАШ ЯНГИ БОСҚИЧГА КЎТАРИЛАДИ


   Мамлакатимизда охирги йилларда амалга оширилган кенг кўламли демократик ислоҳотлар натижасида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш орқали соҳани жадал ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

   Зеро, фуқаролик жамияти институтлари - нодавлат нотижорат ва сиёсий партиялар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ОАВ ва бошқалар фуқаролик жамиятининг негизини ташкил қилади, улар жамиятнинг ҳуқуқий онги, маданиятини, ҳуқуқий, сиёсий ва фуқаролик фаоллигини ошишига, миллий ўзлигини англашига, маънавий ва маърифий тафаккурининг бойишига, демократик қадриятларни ҳимоя қилиш, ижтимоий, маданий ва маърифий мақсадларга эришиш, маънавий ва бошқа номоддий эҳтиёжларни қондирилиши ҳамда ўз келажагини ўзи бунёд этишига бевосита таъсир этади.

   Соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида жорий йилнинг 3 март куни Ўзбекистон республикаси Президентининг “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5012-сонли Қарори 4 март куни эса, “2021 - 2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-6181-сонли Фармони қабул қилинди.

   Мазкур ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад - Республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол иштирокчи ва ҳамкор сифатида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ролини янада ошириш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини мустаҳкамлаш, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш ҳамда уларга қулай шарт-шароитлар яратиш ҳисобланади.

   Юқоридаги Президент қарори билан 2021 йилнинг 1 мартидан бошлаб қонунчиликда нодавлат нотижорат ташкилотлар учун бир қатор имтиёз ва қулайликлар жорий этилди.

   Жумладан, биринчидан,  нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан рўйхатдан ўтказувчи органни хабардор қилган (маълумот учун) ҳолда хорижий манбалардан олинадиган пул маблағлари ва мол-мулкнинг бир календарь йилидаги жами суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан юз бараваригача оширилди. Мазкур норманинг белгиланиши натижасида нодавлат нотижорат ташкилотининг рўйхатдан ўтказувчи орган билан мол-мулк олишни келишиш жараёни янада соддалаштирилди.

  иккинчидан, нодавлат нотижорат ташкилотини қайта рўйхатдан ҳамда унинг рамзини давлат рўйхатидан ўтказиш муддати 1 ойдан 15 кунгача қисқартирилди. Бунинг натижасида нодавлат нотижорат ташкилоти ва унинг рамзини қайта рўйхатдан ўтказиш жараёни янада тезлашди.

   учинчидан, ногиронлиги бўлган шахслар, фахрийлар, нуронийлар, хотин-қизлар, болалар жамоат бирлашмалари рамзларини давлат рўйхатидан (қайта рўйхатдан) ўтказиш учун давлат божи ундирилмайди. Аввалги тартибга кўра, БҲМнинг 50 % миқдорида давлат божи ундирилар эди.

   тўртинчидан, эндиликда нодавлат нотижорат ташкилотининг алоҳида бўлинмаси юридик шахс ҳисобланади, алоҳида бўлинмаларни ҳисобга қўйиш тартиби бекор қилинди. Аввалги тартибга кўра, нодавлат нотижорат ташкилотнинг алоҳида бўлинмалари юридик шахс ёки юридик шахс ҳисобланмайдиган алоҳида бўлинма сифатида рўйхатдан ўтказилар эди. Бунда рўйхатдан ўтказишнинг турлича икки хил тартибининг белгиланганлиги натижасида, амалиётда турлича тушунмовчиликлар келиб чиқаётган эди. 2021 йилнинг 1 мартидан эса, нодавлат нотижорат ташкилотининг алоҳида бўлинмасининг фақат юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтказиш тартиби белгиланмоқда, Ушбу рўйхатдан ўтказишнинг ягона тартибини белгилаб, алоҳида бўлинманинг молиявий мустақиллиги ва барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.

   Шунингдек, Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича парламент комиссияси ҳамда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг (кейинги ўринларда - Ассоциация):

1). Маҳаллий нодавлат нотижорат ташкилотларини ривожлантиришга қаратилган дастур ва лойиҳаларни молиялаштириш учун Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондига давлат субсидиясини ажратиб бориш;

2). Ассоциация ва унинг ҳудудий бўлинмалари бошқарув ходимларининг умумий чекланган сонини 44 нафар этиб белгилаш ҳамда уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорларини икки бараварга ошириш;

3). Ассоциация марказий аппарати ва ҳудудий бўлинмаларини зарур техника, автотранспорт воситаси, офис анжомлари, мебель жиҳозлари билан таъминлаш ҳамда бошқа моддий-техника базасини мустаҳкамлаш масаласидаги таклифлари маъқулланди.

      Қарорнинг яна бир муҳим жиҳати ундаги чора-тадбирларни амалга ошириш учун молиявий манбаларнинг ҳам аниқ кўрсатиб берилганлигидир.

  Хусусан, мазкур чора-тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун Жамоат фондига “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунида зарур маблағлар кўзда тутилганлиги, Молия вазирлиги мазкур банднинг иккинчи ва учинчи хатбошиларида белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни 2022 йилдан бошлаб Давлат бюджети параметрларида назарда тутишни таъминлашлиги белгиланди.

    Яна бир муҳим жиҳатларидан бири, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси фаолиятининг асосий йўналишлари белгилаб берилганлигидир.

     Ассоциация фаолиятнинг асосий йўналишлари этиб,

- нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини давлат органларида, судларда, халқаро, хорижий, шунингдек, бошқа ташкилотларда ифода этиш ҳамда ҳимоя қилиш;

- нодавлат нотижорат ташкилотларини Ассоциацияга бирлаштириш, уларнинг фаолиятини йўналтириш, ривожлантириш, шунингдек, самарадорлиги ва сифатини оширишга кўмаклашиш;

- нодавлат нотижорат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари, халқаро ва хорижий тузилмалар ҳамда давлат органлари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришда иштирок этиш;

- нодавлат нотижорат ташкилотлари ташаббусларини амалга ошириш учун уларга қулай ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий шароитлар яратишга кўмаклашиш;

- мамлакатда демократик жараёнларни барқарор ривожлантириш ва илгари суришда аъзолар ҳамда ҳамкорларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш;

- нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш ҳамда соҳани тартибга солувчи қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш;

- нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари ва ходимларининг ташкилотни самарали бошқариш, молиявий барқарорликка эришиш, ижтимоий муҳим лойиҳаларни ишлаб чиқиш, ижтимоий шериклик ва таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, волонтёрларни, хайрия ва бошқа ресурсларни жалб қилиш, ижтимоий менежмент, ижтимоий тадбиркорлик йўналишларида салоҳиятини ошириш;

- нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари учун қўлланмалар, ўқув дастурлари, китоблар, мамлакатимизга мос назарий ёндашувларни ишлаб чиқиш белгиланди.

   Ассоциация ва унинг ҳудудий тузилмалари фаолиятининг аниқ йўналишларининг белгилаб берилиши натижасида, шу вақтга қадар сўроқ остида бўлиб турган кўплаб вазифаларни аниқ ижрочиси ким деган саволга жавоб топилди. Яъни, Ассоциация ва унинг ҳудудий тузилмалари мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш концепциясини амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотлар
саъй-ҳаракатларини бирлаштирувчи, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилувчи тузилма сиқатида намоён бўлади.

   Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳридаги “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйлари”га ижтимоий аҳамиятга эга бўлган соҳаларда ўз фаолиятини амалга ошираётган нодавлат нотижорат ташкилотларини жойлаштириш Ассоциациянинг тавсияномаси асосида амалга оширилиши каби амалиётда ўз ечимини топиши лозим бўлган муаммоли масалалар ечимининг аниқ механизми белгилаб берилди.

   Жумладан, ҳозирга қадар Республикамизнинг турли ҳудудларида “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйлари” ташкил этилган бўлсада, мазкур биноларга нодавлат нотижорат ташкилотларни қайси тартиб ва меъзонлар асосида жойлаштириш механизмининг йўқлиги, амалиётда кўплаб тушунмовчиликларга сабаб бўлиб келаётган эди.

  Қарор билан Ассоциацияга бир ой муддатда кенг жамоатчилик таклифлари асосида нодавлат нотижорат ташкилотларини “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйлари”га жойлаштириш учун тавсиянома бериш тартибини ишлаб чиқиш тавсиявий вазифаси топширилди.

    Мазкур вазифанинг давлат ташкилотига эмас, нодавлат нотижорат ташкилоти ҳисобланган Ассоциацияга тавсия этилиши ҳам мазкур жараёниннг очиқ ва шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади.

   Қарорга кўра, фаолиятини устав мақсадларига мувофиқ вилоят, туман, шаҳар, шаҳарча, қишлоқ ва овул ҳудудида олиб борадиган нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳудудий нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳисобланиб, уларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун БҲМнинг 50 фоизи миқдорида давлат божи ундирилади. Аввалги тартибга кўра, БҲМнинг
1 баравари миқдорида бож ундирилар эди.

  Таҳлилларга кўра, аксарият ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириб келаётган нодавлат нотижорат ташкилотлар вилоят марказларидагина фаолият кўрсатиб келади. Бироқ, узоқ ва олис туман, (шаҳар), қишлоқ (овулл)ларда ижтимоий лойиҳаларни амалга оширувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари умуман фаолият кўрсатмайди. Мазкур норманинг белгиланиши натижасида мамлакатимизнинг чекка ҳудудларида ҳам нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятини йўлга қўйиш орқали ижтимоий аҳамиятга эга бўлган лойиҳаларни амалга оширишдир.

   Қарорнинг яна бир муҳим жиҳатларидан бири шундаки, унда белгиланган вазифалар ижроси бўйича масъул давлат ташкилотлари белгиланиб, уларга амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан 2021 йил 1 июль ва 2022 йил 1 январгача Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот бериш мажбурияти юкланмоқда.

   Хулоса қилиб айтганда, фуқаролик жамияти институтлари учун қонунчиликда мазкур имтиёз ва енгилликларнинг белгиланиши натижасида мазкур соҳа вакилларининг ҳам мамлакатимизда амалга оширилаётган
ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларда ўз ўрни борлигини, ортга қайтмайдиган демократик жараёнларда фаол иштирокчи эканликларини чуқур хис этишларига хизмат қилади.


Бегзод Саримсақов
Наманган вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи