Янгиликлар
Психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи бўлган ишсиз ёшлар ва хотин-қизларни ишга жойлаштириш ва ижтимоий ёрдам бериш тартибини тушунтириш мақсадимиздир
Бугунги кун ёшлари...
Уларнинг ҳаёт тарзи, келажакдаги орзу-истаклари, қизиқишлари ва муаммолари ҳақида мушоҳада юритар эканман, беихтиёр айримларини суҳбатга тортдим.
-“Исмим Сайдуллаева Маҳлиё, ёшим 20 да, оилалиман, 2 нафар фарзандим бор”, -дейди суҳбатдошларимдан бири. Яшашдан мақсадим улкан, фарзандларимга муносиб тарбия бериб, камолини кўрсам дейман. Турмуш ўртоғимнинг ёши 24 да. Ҳозирда Россиянинг олис қишлоқларидан бирида такси ҳайдайди. Шу бугунги кунда ота уйидаман. Сабаби мендан кейин ҳовлида яна иккита келин туширилди. 3 сотих ҳовлида қайнона-қайнотам, иккита қайинсинглим, овсинларим, қайин укаларим яшайдилар. Менга икки болам билан уй йўқ. Турмуш ўртоғим ўзга юртда ишлаб, уй олмоқчилар. Мен ҳам қараб турмайман, қўлимда гулдек ҳунарим бор. Тикувчилик билан шуғулланаман. Маҳалладаги хотин-қизларга турли фасондаги замонавий кийимларни тикаман. Бундан ташқари, тиббиёт коллежини тамомлаганман.
- Мен Назарова Нилуфарман, ёшим 25 да. Турмуш ўртоғим билан ажрашганман. Бир нафар ўғлим бор. “Олма пиш – оғзимга туш”, деб ўтирадиган замонлар ўтиб кетган. Бекор ўтирмайман. Маҳалла фуқаролар йиғини идорасида котибалик қиламан. Ҳаётдан умидим катта. Ёлғизгина ўғлимни яхши ўқитсам, алоҳида уй-жой қилиб, келин олиб, роҳат-фароғатда умр кечирсам дейман.
- Бахрамжанов Жаҳонгирман, ёшим 24 да. Бу йил олий ўқув юритини тамомладим. Ҳозирда молия соҳасида фаолият юритяпман. Орзуларим бир олам. Олган билимларимни янада ошириш мақсадида Япония давлатида магистратура босқичида ўқишни истайман. Биз ёшлар учун яратиб берилаётган имкониятларнинг барчасидан унумли фойдаланишга, ҳуқуқий билимимни оширишга ҳаракат қиламан. Ота-онамнинг ҳам орзулари шу аслида.
- Мен иккинчи гуруҳ ногирониман. Ёшлигимда йиқилиб тушиб, бир оёғимдан айрилганман. Ўтган йили уйландим. Ногиронлик нафақасидан ташқари ҳозирда косибчилик ҳунари билан рўзғор тебратаман. Топиш-тутишим соғ одамникидан кам эмас. Кўрган кунимга шукур қилиб яшайман, -дейди 32 ёшли Камолиддин.
Ҳар бирининг ўз ташвиши, ўз орзу-истаги, завқу-шавқ билан гапираётган сўзларига қулоқ тутар эканман, 2021 йил “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш” йили деб бежизга эълон қилинмаганлигига, уларга кўплаб имкониятлар яратилаётганлигига, турли имтиёзлар берилаётганлигига яна бир карра ишонч ҳосил қилдим.
Сўнгги йилларда ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини намоён қилиш, уларнинг фуқаролик жавобгарлигини ва олиб борилаётган ислоҳотларга дахлдорлигини ошириш борасида улкан ишлар амалга оширилди. Шу билан бирга, жойларда ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини оширишга, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилишга, ёш тадбиркорларнинг истиқболли ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқаришга, шунингдек, шу асосда ёшлар бандлигини таъминлашга тўсқинлик қилаётган муаммоларни ҳал этишга эътибор қаратилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 11 мартдаги “Ёшларни ижтимоий-қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 132-сонли қарорида айнан мана шу масала кўтарилган. Ёшлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш, уларни ижтимоий-ҳуқуқий ва психологик қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарга ўргатиш ва бандлигини таъминлаш ишларини самарали ташкил этишнинг доимий молиявий манбаларини ва улардан фойдаланиш тартибини белгилаш мақсадида “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларни қўллаб –қувватлаш жамғармаси ташкил этилганлиги тилга олинади.
Мазкур қарорда жамғарма маблағлари маҳаллий бюджетларида шаклланган қўшимча манбаларнинг камида 15 фоизи миқдорида ҳар чоракда ажратиладиган маблағлар, хорижий (халқаро) молия институтлари ва бошқа хорижий донорларнинг техник кўмак маблағлари ва грантлари, ҳомийлик хайриялари ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар орқали “Ёшлар дафтари”га киритилган моддий аҳволи қийин ёшларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 бараваригача моддий ёрдам кўрсатиш, ёшларни тадбиркорликка ва касб-ҳунарга ўқитиш бўйича нодавлат таълим ташкилотларига сарфланган ҳаражатларнинг 75 фоизигача қисмини қоплашга йўналтириш, бунда ёшларни тадбиркорликка ўқитиш харажатларининг ҳар бир битирувчига базавий хисоблаш миқдорининг 4 бараваридан ортиқ бўлмаган қисми, касб-ҳунарга ўқитиш учун сарфланган харажатларини қоплаш, “Темир дафтар”га киритилган ёшларга базавий хисоблаш миқдорининг 8 баравари миқдорида уруғлик ва кўчатлар сотиб олиш учун субсидия ажратиш, ёшларга тадбиркорлик фаолияти ҳамда ўзини ўзи банд қилиш мақсадида нотурар жойнинг 12 ойгача ижара тўловларини кўпи билан бир йилда базавий хисоблаш миқдорининг 25 бараваригача миқдорда қоплаш, ўзини ўзи банд қилишга зарур бўлган асбоб-ускуналар ва меҳнат қуролларини харид қилиш учун базавий хисоблаш миқдорининг 40 бараваригача миқдорда субсидия ажратиш, мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларида таълим олаётган “Темир дафтар”га киритилган оилалар фарзандларининг тўлов-контракт суммасининг 50 фоизигача, аммо базавий хисоблаш миқдорининг 50 бараваридан ошмаган миқдорда тўлаб бериш, шундай оилаларнинг фарзандларига мамлакатда ёки хорижий давлатларда даволаниш билан боғлиқ харажатларни базавий хисоблаш миқдорининг 50 бараваридан ошмаган миқдорда қоплаш, психологик маслаҳатга муҳтож ёшларга ихтисослашган нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда нодавлат таълим ташкилотлари томонидан пуллик хизмат кўрсатиш харажатларини қоплаш, ёшларнинг эҳтиёжлари ва истакларини ўрганиш, уларнинг истеъдодларини қўллаб-қувватлаш каби масалалар киритилган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 5 март куни имзоланган ПҚ-5020-сонли қарорида ҳам айнан ёшларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимоя қилиш, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи бўлган ишсиз ёшлар ва хотин-қизларни ишга жойлаштириш ва ижтимоий ёрдам бериш масалаларига алоҳида урғу берилган.
Бугунги кун ёшларини психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи бўлган ишсиз ёшлар ва хотин-қизларни ишга жойлаштириш ва ижтимоий ёрдам бериш тартибини тушунтириш мақсадимиздир. Шундай экан, мақсадимизга эришиш учун маҳалла фуқаролар йиғинларида, таълим муассасаларида, оммавий ахборот воситалари: телевидение, радио, газета ва журналлар ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали ёшларимиз учун қонунчиликдаги сўнги янгиликларни етказиш орқали тарғибот ишларини амалга оширишимиз лозим.
Давлатобод туман
адлия бўлими