Янгиликлар
Жамоатчилик назоратини амалга оширишда ОАВнинг ўрни
Жамоатчилик назорати юртимизда узоқ тарихий илдизларга эга. Бу институт бизда қадим-қадимдан оқсоқоллар Кенгаши кўринишида намоён бўлиб келган. Бу Кенгашлар маҳаллалардаги ободонлаштириш, аҳоли муаммоларини ҳал этиш, ўзини-ўзи ҳимоя қилиш, ҳамиша огоҳ ва ҳушёр бўлиш, фарзандлар тарбиясига лоқайд қарамаслик ва бошқа жамоат ишлари билан шуғулланадиган жамоатчилик тузилмаси ҳисобланган.
Бугунги кунда эса, давлат бошқаруви ва ҳокимияти органларининг самарали фаолият юритишида жамоатчилик назорати омили жуда муҳим аҳамият касб этади. Давлат органлари раҳбар-ходимларининг қонунларга қатъий амал қилиб, ўз зиммаларидаги вазифа ва мажбуриятларини масъулият билан адо этишларида бу институтнинг таъсир доираси ниҳоятда юқори.
Шундай экан, жамоатчилик назоратини амалга оширишда, биринчи навбатда, барча фуқароларнинг, қолаверса, нодавлат ташкилотлар ва оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва ролини янада кучайтириш лозим. Бу борада бугун мамлакатда кечаётган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий жараёнларга нисбатан масъулият, ташаббускорлик, дахлдорлик ҳислари ҳар бир инсон онгида шаклланиши керак. Биз ҳар қандай қонунбузилиш ҳолатларига муросасиз бўлсак, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларига кўпчилик бўлиб баҳо берсак, ўз фикр-мулоҳазаларимизни эмин-эркин баён этсак, ана ўшанда чинакам қонун устуворлиги таъминланади.
Эътироф этиш керак, кейинги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган прагматик, очиқ-ошкора ва шаффофликка асосланган янги босқичдаги ислоҳотлар самараси туфайли жамиятимизда жамоатчилик назоратининг ҳам таъсир доираси сезиларли равишда кучайди. Айниқса, ижтимоий тармоқларда давлат органлари ва уларнинг раҳбар-мутасаддилари хатти-ҳаракатларига нисбатан билдирилаётган муносабат туфайли кўплаб камчилик ва муаммолар, қонунбузилиш ҳолатларига чек қўйилаётганини барча кўриб, билиб турибди.
Дарҳақиқат, жамоатчилик назорати ижтимоий адолатни қарор топтириш учун шахс, жамият ва давлат алоқаларида мувозанат, тенглик, ўзаро масъулият ва жавобгарликка хизмат қилади. Мазкур институт юртимизда инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари нафақат давлат томонидан кафолатлангани, балки давлат органлари фаолиятида устувор аҳамиятга эга эканлигини таъминлайди ва бунда жамоатчилик назоратининг мавжудлиги сиёсий ҳокимиятнинг том маънода халқ қўлида бўлишининг кўрсаткичи ҳисобланади.
Мухтасар ифодалаганда, жамоатчилик назоратининг асосий қуроли – бу қонун. Жамоат ташкилотлари давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг қонунларга қай тарзда амал қилаётгани ва уларни қандай ижро этаётганини назорат қилади. Жамоатчилик назоратининг хулосалари ижро ҳокимиятининг фаолиятини танқидий кўриб чиқиш, хатоларни тузатиш, халқчилликни таъминлашга хизмат қилади.
Фуқароларнинг фаоллиги, ижтимоий ҳодисаларга дахлдорлик ҳиссининг ортиши ҳамда ҳар бир давлат хизматчисининг ўз фаолияти жамоатчилик назорати остида эканлигини чуқур ҳис этиб бориши фуқаролик жамияти шаклланиши жараёнининг муҳим шартларидандир. Яъни, давлат органлари аҳолига ўз сиёсати, ҳаракатларини тушунтириб бериши, халқ олдида мунтазам равишда ҳисобот бериб бориши бугунги замон талабидир.
Асл моҳиятига кўра, инсон манфаатлари устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотларни янада жадаллаштириш, одамларнинг орзу-умидларини юзага чиқаришга яқиндан кўмаклашиш, давлат ҳамда жамият ҳаётининг барча жабҳасида туб ижобий ўзгаришларни амалга ошириш йўлидаги аниқ мақсад ва вазифаларда, уларни рўёбга чиқаришда фуқаролик жамияти институтлари, айниқса, оммавий ахборот воситаларининг фаоллиги, ташаббускорлиги муҳимдир.
Бинобарин, ОАВ ижтимоий-иқтисодий соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини кафолатлаш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти, ижтимоий-сиёсий фаоллигини юксалтириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш, давлат ва жамият ўртасида шаффоф муносабатни қарор топтиришда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ижтимоий шериклик асосида ҳамкорлик алоқаларини олиб бориш, қонунлар ижроси доирасидаги ишларни жамоатчиликка тизимли ҳамда муфассал етказиш ва фуқароларнинг ҳаётий позициясини шакллантиришда оммавий ахборот воситаларининг таъсирчан ўрнини мустахкамлаш бугунги куннинг энг долзарб вазифасидир.
Зулфия Ахмедходжаева
Наманган вилоят адлия бошқармаси
масъул ходими