Bog'lanish

Telefon
(+998 69) 227-06-62

Elektorn manzil
namangan@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

16

Адлия аралашуви билан фуқаро ишга тикланди


 

  Наманган вилоят адлия бошқармаси томонидан Чортоқ туманида яшовчи фуқаронинг “Тоза ҳудуд” ДУК Чортоқ туман филиали директори лавозимидан озод этилганлигидан норозилиги тўғрисидаги мурожаати ўрганиб чиқилди.

    Аниқланишича, Наманган вилоят “Тоза ҳудуд” ДУК директорининг 2020 йил 10 июлдаги 403-сонли буйруғи билан Меҳнат кодексининг 95-моддасига асосан лавозим вазифаларини лозим даражада бажармаганлиги учун фуқаро лавозимидан иш берувчининг ташаббуси билан озод қилинган. Ваҳоланки, буйруққа асос қилиб кўрсатилган Меҳнат кодексининг 95-моддасига асосан, ишлаб чиқариш зарурияти ёки бекор туриб қолиниши муносабати билан ходимни унинг розилигисиз вақтинча бошқа ишга ўтказишга йўл қўйилади. Бундай ҳолда ходим соғлиғига тўғри келмайдиган бошқа ишга ўтказилиши мумкин эмас.

    Ходим вақтинча бошқа ишга ўтказилган даврда унга бажараётган ишига қараб, лекин аввалги ўртача иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда иш ҳақи тўланади.

    Бошқа ишга ўтказиш муддатининг чегараси, меҳнатга тўланадиган ҳақнинг аниқ миқдорлари, шунингдек ишлаб чиқариш зарурияти деб ҳисобланадиган ҳолатлар жамоа шартномасида кўрсатилади, агар у тузилмаган бўлса, — иш берувчи томонидан ходимларнинг вакиллик органи билан келишиб белгиланади.

     Бундан кўринадики, фуқаро лавозимдан озод қилинган бўлсада, буйруқда Меҳнат кодексининг 95-моддаси нотўғри қўлланилган. Таъкидлаш жоизки, Меҳнат кодексининг 100-моддасида ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузганлиги ёки ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузганлиги учун меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиниши мумкинлиги белгиланган.

     Шунингдек, фуқаро Л.Мамадалиевни иш берувчининг ташаббуси билан лавозимдан озод қилишда касаба уюшмаси қўмитасининг розилиги олинмаган. Ваҳоланки, Меҳнат кодексининг 101-моддасида башарти жамоа келишуви ёки жамоа шартномасида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш учун касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимлар бошқа вакиллик органининг олдиндан розилигини олиш назарда тутилган бўлса, шартномани бундай розиликни олмай туриб бекор қилишга йўл қўйилмаслиги белгиланган.

    Наманган вилоят “Тоза ҳудуд” ДУК директори ва касаба уюшмаси ўртасида тузилган 2020-2022 йиллар учун жамоа шартномасининг 2.4-бандида меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишда фақатгина Касаба уюшмаси қўмитасининг олдиндан розилигини олиб амалга оширилиши белгиланган.

    Шунингдек, фуқаро вақтинча меҳнатга лаёқатсизлиқ даврида уни лавозимидан озод қилинган. Ваҳоланки, Меҳнат кодексининг 100-моддаси 3-қисмида ходим вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида ва меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилган таътилларда бўлган даврида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмаслиги белгиланган.

   Бундан ташқари, Л.Мамадалиевни лавозимидан озод этишда уни олдиндан хабардор қилинмаган. Ваҳоланки, Меҳнат кодексининг 102-моддасида меҳнат шартномаси ходим айбли хатти-ҳаракатлар содир этганлиги муносабати билан бекор қилинган ҳолларда (100-модда иккинчи қисмининг 3 ва 4-бандлари), иш берувчи ходимни меҳнатга оид муносабатларнинг бекор қилиниши тўғрисида камида уч кун олдин хабардор қилиши ёки унга шунга мутаносиб компенсация тўлаши белгиланган.

    Юқоридагиларга кўра бошқарма томонидан Наманган вилоят “Тоза ҳудуд” ДУКга тақдимнома киритилиб, фуқарони ишга тикланиши таъминланди.


 
 Азизбек Ёдгоров

Наманган вилоят адлия бошқармасининг
 Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими
бош маслаҳатчиси