Янгиликлар
Автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги битимларни тасдиқлаш тартиби
Нотариус жисмоний шахслар ўртасида, жисмоний шахслар ва юридик шахслар ўртасида ҳамда юридик шахслар ўртасида тузиладиган автомототранспорт воситаларини ва бошқа ўзиюрар машина ҳамда механизмларни, уларнинг номерли агрегат ва тиркама, ярим тиркамаларини бошқа шахсга ўтказиш (олди-сотди, айирбошлаш, ҳадя қилиш, рента) ва бошқа турдаги битимларни тасдиқлайди.
Бундай битимларни тасдиқлашда ҳар бир фуқаро ёки юридик шахс хоҳлаган нотариусга мурожаат қилишга ҳақлидир.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 7 мартдаги 38-сонли қарори билан тасдиқланган “Автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни расмийлаштириш тартиби тўғрисида”ги низомга мувофиқ, автомототранспорт воситалари билан боғлиқ олди-сотди, айирбошлаш, ҳадя қилиш, рента, ижарага бериш, текин фойдаланиш, гаровга қўйиш, лизинг шартномаларини нотариуслар томонидан нотариал тартибда тасдиқлаш фақат қатъий ҳисобда турадиган, ҳимоя даражасига, серияга, тартиб рақамига ва ҳудудий кодга эга бўлган, “Давлат белгиси” ДИЧБда тайёрланадиган гербли (махсус) бланкаларда амалга оширилади. Бунда, бошқа шахсга бериш бўйича битимнинг биринчи нусхаси гербли (махсус) бланкада расмийлаштирилади.
18 ёшга тўлмаган шахсларга автотранспорт воситалари, 16 ёшга тўлмаган шахсларга мототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни расмийлаштиришга йўл қўйилмайди, лотерея ва бошқа оммавий ўйинларнинг ютуқлари бўлган, қонунда белгиланган тартибда мерос ёки ҳадя (мукофот) қилиб олинган автомототранспорт воситалари бундан мустасно.
Нотариуслар томонидан автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги битимлар тасдиқлангунга қадар автомототранспорт воситалари автомототранспорт воситаси рўйхатга олинган ёки битим тасдиқланаётган жойдаги (сотиб олувчининг танловига кўра) ДЙҲХХ органларида агрегатлар рақамлари рўйхатдан ўтказиш рақамларига мувофиқлиги юзасидан кўздан кечирилиши керак. Агрегатлар рақамларининг рўйхатдан ўтказиш рақамларига мувофиқлиги кўздан кечирган мансабдор шахснинг фамилияси ҳамда исми ва отаси исмининг бош ҳарфлари, кўздан кечирилган сана кўрсатилган ва мансабдор шахс имзоси қўйилган ҳолда рўйхатдан ўтказиш ҳужжатидаги штамп ёки маълумотнома билан тасдиқланади.
Автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш (олди-сотди, айирбошлаш, ҳадя қилиш, рента) битим матнида қуйидагилар кўрсатилиши керак:
битимнинг номи;
битим имзоланган сана сўзлар билан қайд қилиниши;
битим тасдиқланган нотариал идоранинг номи ва жойлашган ери (почта манзили) ва нотариуснинг исми, фамилияси, отасининг исми;
тарафларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, доимий ёки вақтинча прописка қилинган (ҳисобга олинган) манзили, паспорти ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатининг рақами, қачон ва ким томонидан берилганлиги, битим тарафларидан бири чет эл фуқароси бўлса, унинг фуқаролиги;
битимда юридик шахс иштирок этаётган ҳолларда юридик шахснинг тўлиқ номи, жойлашган ери (почта манзили), СТИРи, давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома рақами ва санаси, давлат рўйхатидан ўтказган органнинг номи;
автомототранспорт воситасининг русуми, ишлаб чиқарилган йили, рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиси, агрегат рақамлари, қуввати (от кучи);
транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномасининг серияси, рақами, қачон ва ким томонидан берилганлиги;
автомототранспорт воситасининг тарафлар томонидан келишилган баҳоси;
тарафлар ўртасида ҳисоб-китоб амалга оширилгани ёки амалга ошириш муддати кечиктирилганлиги;
автомототранспорт воситасини бошқа шахсга ўтказиш тақиқламаганлиги ва хатланмаганлиги ҳақидаги маълумотлар;
битим неча нусхада тузилганлиги ҳақидаги маълумотлар;
автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги олди-сотди, айирбошлаш, ҳадя қилиш шартномалари ва бошқа турдаги битимлар нотариал тартибда тасдиқланган пайтдан бошлаб ўн кун мобайнида ДЙҲХХ органларида рўйхатидан ўтказилиши кераклиги. Бунда шартнома матнининг якуний қисмида ва тасдиқловчи ёзувда “Ушбу шартнома ИИВнинг тегишли ДЙҲХХ органларида ўн кун ичида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилиши шарт. Мазкур талабни бажармаслик қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортишга олиб келади” деб ёзиб қўйилади.
Тарафларнинг ихтиёрига кўра шартномада қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа шартлар ҳам кўрсатилиши мумкин.
Нотариуслар томонидан тасдиқланган автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш шартномалари ҳақидаги маълумотлар ДЙҲХХ органларида ҳисобга қўйиш учун Тизим орқали юборилади.
Жисмоний шахслар ўртасида автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги битимларни тасдиқлашда қуйидаги ҳужжатлар талаб қилинади:
мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар (транспорт воситаларини қайд қилиш гувоҳномаси, автомототранспорт воситасининг рақамли агрегатлари учун ДЙҲХХ органлари ёки тракторлар, ўзиюрар шассилар, трактор тиркамалари ва ўзиюрар йўл қурилиш машиналари учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ҳузуридаги “Агросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш маркази” давлат унитар корхонаси томонидан берилган белгиланган шаклдаги маълумотнома);
йўл-транспорт ҳодисаси натижасида шикастланган автомототранспорт воситаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг суд-экспертиза муассасаларининг мутахассислари, бундай муассасалар бўлмаган вилоятларда эса — «Ўзавтотеххизмат» масъулияти чекланган жамияти ташкилотларининг хулосаси;
меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномага асосан транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномаси берилган бўлса — меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома.
Агар мерос икки ёки ундан ортиқ меросхўрларга берилган бўлса, автомототранспорт воситасини бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги битимни тасдиқлашда барча меросхўрлар ёки уларнинг вакиллари иштирок этиб, шартномани имзолайдилар.
Автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги битимларни тасдиқлашда тарафлар ёки тарафлардан бири юридик шахс бўлган ҳолларда қуйидаги ҳужжатлар талаб қилинади:
мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар (транспорт воситаларини қайд қилиш гувоҳномаси, автомототранспорт воситасининг рақамли агрегатлари учун ДЙҲХХ органлари ёки тракторлар, ўзиюрар шассилар, трактор тиркамалари ва ўзиюрар йўл қурилиш машиналари учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ҳузуридаги “Агросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш маркази” давлат унитар корхонаси томонидан берилган белгиланган шаклдаги маълумотнома);
юридик шахс ваколатли органининг автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш ҳақидаги ҳужжати (қарор, умумий мажлис баённомаси, кузатув кенгашининг қарори, буйруқ ва ҳоказо);
мулкдорнинг розилиги (агар юридик шахсга автомототранспорт воситаси оператив бошқарув ҳуқуқи асосида тегишли бўлса);
тарафлар ўртасида ҳисоб-китоб қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжат (ҳисоб-китоб кечиктирилган ҳоллар бундан мустасно).
Юридик шахсга тегишли бўлган автомототранспорт воситасини бошқа шахсга ўтказиш ҳақидаги юридик шахс кузатув кенгашининг қарори тақдим этилган тақдирда автомототранспорт воситасининг қолдиқ баланс қиймати ҳақида юридик шахс раҳбари ва бош ҳисобчисининг имзоси қўйилган маълумотнома ҳамда юридик шахснинг соф активлари ҳақида маълумот ҳам талаб этилади.
Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналар, халқаро ташкилотлар, хорижий компаниялар ҳамда фирмалар ваколатхоналарига ҳамда уларнинг ходимларига, оила аъзоларига тегишли “CMD”, “D”, “UN”, “T”, “X”, “M” сериядаги давлат рақамларига эга бўлган автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги битимларни тасдиқлашда қўшимча равишда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг розилигини тасдиқловчи ҳужжат талаб қилинади.
Давлат ташкилотларига тегишли бўлган автомототранспорт воситаларини сотиш билан боғлиқ битимларни расмийлаштириш автомототранспорт воситасининг қолдиқ қиймати Ўзбекистон Республикасида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг (бюджет ташкилоти томонидан сотиш тўғрисида қарор қабул қилинган пайтда) юз баравари миқдоридан ортиқ бўлмаган тақдирда шартнома нотариал тартибда тасдиқланади.
Бунда Йўриқноманинг 66-бандида кўрсатилган ҳужжатларга қўшимча равишда баҳоловчи ташкилотнинг ҳисоботи ва юқори турувчи ташкилотининг рухсати (агар юқори турувчи ташкилоти мавжуд бўлса) ҳам талаб қилинади.
А.И.Усманов
Янгиқўрон туман “Мадад” ННТ
ҳуқуқий маслаҳат бюроси бош мутахассиси