Bog'lanish

Telefon
(+998 69) 227-06-62

Elektorn manzil
namangan@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

02

Хизмат мавқеидан фойдаланиб алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш қилмишини норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида квалификация қилишнинг ўзига хос хусусиятлари.


Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 168-моддаси 3-қисмининг “в” бандида хизмат мавқеидан фойдаланиб содир этилган фирибгарлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 4 октябрдаги “Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 795-сон қарори билан тасдиқланган “Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификатори”нинг 5-бандининг:

“а” кичик бандида хизматчи лавозими - ходимнинг функционал вазифалари, лавозим ҳуқуқлари ва жавобгарлик хусусияти билан белгиланадиган унинг хизмат мавқеи;

“в” кичик бандида хизматчилар - ташкилотда ҳужжатларни тайёрлаш ва расмийлаштиришни, ҳисоб ва назоратни, бошқарув функцияларини, шунингдек хўжалик хизматини амалга оширадиган лавозимни эгаллаган мутахассислар эканлиги белгиланган.

Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2017 йил 11 октябрдаги “Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги 35-сонли қарорининг 21-бандида хизмат мавқеидан фойдаланиб фирибгарлик содир этганлик (ЖК 168-моддаси учинчи қисми «в» банди) учун жавобгарлик мансабдор шахс ўз хизмат мавқеидан фақат алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш учун фойдаланиб, ўзганинг мулкини ёки унга бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш мақсадида ўз ҳизмат ваколатлари доирасига кирмайдиган ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) амалга оширган ҳоллардагина вужудга келиши тўғрисида тушунтириш берилган.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси саккизинчи бўлимидаги атамаларнинг ҳуқуқий маъносига кўра, мансабдор шахс - доимий, вақтинча ёки махсус ваколат бўйича тайинланадиган ёки сайланадиган, ҳокимият вакили вазифаларини бажарадиган ёхуд давлат органларида, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида, мулк шаклидан қатъи назар, корхоналарда, муассасаларда, ташкилотларда ташкилий-бошқарув, маъмурий-хўжалик вазифаларини амалга оширадиган ва юридик аҳамиятга эга ҳаракатларни содир этишга ваколат берилган шахс, худди шунингдек халқаро ташкилотда ёхуд чет давлатнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи, маъмурий ёки суд органида мазкур вазифаларни амалга оширувчи шахс.

Тергов ва суд амалиётида мазкур масалага турлича ёндашувлар ва тушунмовчиликлар вужудга келмоқдаки, ушбу ҳолат қонун талаблар асосида тартибга солинишни талаб этмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунининг:

6-моддасига мувофиқ, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қонун ҳужжатларидир ва улар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари мажмуини ташкил қилади.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари қонунлардир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг буйруқлари ҳамда қарорлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари қонун ости ҳужжатларидир.

7-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг устуворлиги сўзсиз тан олинади.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси олий юридик кучга эга ва Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида қўлланилади.

Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси асосида ва уни ижро этиш учун қабул қилинади ҳамда унинг нормалари ва принципларига зид келиши мумкин эмас.

8-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг қонунлари энг муҳим ва барқарор ижтимоий муносабатларни тартибга солади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан ёки референдум ўтказиш йўли билан қабул қилинади.

Ўзбекистон Республикасининг қонунлари конституциявий қонунлар тарзида қабул қилиниши мумкин.

Кодекслар Ўзбекистон Республикасининг қонунлари билан тасдиқланади.

12-моддасига мувофиқ, Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар ўз ваколати доирасида буйруқлар ҳамда қарорлар тарзида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилади.

Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг буйруқлари ҳамда қарорлари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари асосида ҳамда уларни ижро этиш учун қабул қилинади.

Қарорлар давлат қўмиталари томонидан ёки идора номидан қарорлар қабул қилишни мазкур идоранинг коллегиал органи амалга оширадиган идоралар томонидан қабул қилинади.

Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг буйруқлари ҳамда қарорлари бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари ёки идоралар билан келишилган ҳолда қабул қилиниши мумкин.

16-моддасига мувофиқ, турли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг юридик кучи бўйича ўзаро нисбати Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилган органларнинг ваколатига ва мақомига, ушбу ҳужжатларнинг турларига, шунингдек норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган санага мувофиқ белгиланади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат ўзига нисбатан юқори юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ бўлиши шарт.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасида тафовут бўлган тақдирда юқори юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжат қўлланилади.

Қайд этилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан аниқланишича, норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг қарорида муҳокама этилаётган масала юзасидан ўзига нисбатан юқори юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга номувофиқ тушунтириш берилган.

Бундай вазиятда, яъни норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасида тафовут бўлган тақдирда юқори юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжат қўлланилади.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини 112-моддасига мувофиқ, судьялар мустақилдирлар, фақат қонунга бўйсунадилар.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси 14-моддага кўра, одил судловни амалга оширишда судьялар ва халқ маслаҳатчилари мустақилдирлар ҳамда фақат қонунга бўйсунадилар. Судьялар ва халқ маслаҳатчилари жиноят ишларини қонун асосида кўриб чиқадилар ва ҳал қиладилар.

Худди шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги қонунининг 4-моддасига биноан, судьялар мустақилдирлар, фақат қонунга бўйсунадилар.

Бундан ташқари, судьялик қасамёди матнида ҳам одил судловни фақат қонунга бўйсунган ҳолда амалга оширишга қасамёд қилиши белгиланган.

Қайд этилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга кўра, норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг қарорида ўзига нисбатан юқори юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга номувофиқ тушунтириш берилиши натижасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасида тафовут келиб чиққани сабабли судда муҳокама этилаётган ва ҳуқуқий баҳо бериш талаб этилаётган қилмишни квалификация қилишда юқори юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қўлланилади.

 

Мансур Ибрагимов
Юристлар малакасини ошириш маркази
Наманган филиали бош мутахассиси

Наима Ядигарова
Наманган вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи