Янгиликлар
НОДАВЛАТ НОТИЖОРАТ ТАШКИЛОТЛАР ФАОЛИЯТИ ТАРАҚИЁТ БОСҚИЧИДА
Кейинги вақтларда “Янги Ўзбекистон” шиори остида мамлакатимизда барча соҳаларда демократик ўзгаришларни амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг роли ва аҳамиятини, ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди. Нодавлат нотижорат ташкилотларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун зарур институционал база яратилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 октябрдаги “Мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ислоҳотлар устидан жамоатчилик назорати самарадорлигини, шунингдек, фуқароларнинг демократик ўзгартиришлардаги фаоллигини оширишга оид қўшимча
чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан ННТлар учун бир қатор имтиёзлар белгиланди.
Жумладан, қарор билан 2020 йил 1 январдан бошлаб республика, вилоятлараро нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган давлат божи ставкалари базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 бараваридан 3 бараваригача, вилоят нодавлат нотижорат ташкилотлари учун - базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 бараваридан
1 бараваригача пасайтирилди.
Шунингдек, 2020 йил 1 январдан бошлаб фаолиятини туман (шаҳар), шаҳарча, қишлоқ ва овул ҳудудида олиб борадиган нодавлат нотижорат ташкилотини давлат рўйхатдан ўтказиш учун давлат божи ставкаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида белгиланди.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлашга давлат грантлари, субсидиялар ва ижтимоий буюртма шаклидаги маблағлар Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятларнинг вилоят бюджетлари ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджети, шунингдек, туман ва шаҳарлар бюджетларининг харажатларига қўшилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси билан биргаликда 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб тўлов асосида нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курсларини мунтазам равишда ташкил этиш белгиланди.
Соҳага оид қонун ҳужжатларининг такомиллаштирилиши ҳамда имтиёзларни белгиланиши натижасида ҳозирги кунда Наманган вилоятида мавжуд ННТлар сони 521 тани ташкил этмоқда (шундан, 331 таси давлат рўйхатига, 190 таси ҳисоб рўйхатига олинган ННТлар ҳисобланади).
Шунингдек, вилоятда 14 та доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судлари мавжуд бўлиб, уларда 60 нафар судьялар фаолият юритмоқда.
Белгиланган тартибда рўйхатга олинган диний ташкилотлар 2019 йилда 190 тани ташкил этган бўлса, 2021 йилга келиб 192 тага етди.
(шундан, 3 таси ноисломий диний ташкилотлардир).
Ўтказилган мониторинг ва ўрганишлар натижасида аниқланишича ҳозирда нодавлат нотижорат ташкилотлар билан ишлаш жараёнидаги асосий муаммолар қуйидагилардир:
- нодавлат нотижорат ташкилотларнинг моддий-техника таъминоти ҳанузгача қониқарсиз ҳолатда эканлиги;
- вилоятда фуқаролар ташаббуси билан ташкил этилган мустақил нодавлат нотижорат ташкилотлар (58 та) фаолиятининг сустлиги;
- нодавлат нотижорат ташкилотларни вилоятимиздаги ижтимоий масалаларни аниқлаш ва бартараф этиш жараёнига жалб қилиш даражасининг пастлиги;
- давлат ташкилотлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар ўртасида жонли мулоқот механизмларининг самарали йўлга қўйилмаганлиги;
- нодавлат нотижорат ташкилотлар вакилларининг малакасини оширишнинг самарали усуллари ишлаб чиқилмаганлиги;
- айнан нодавлат нотижорат ташкилотларга ўқув-услубий ва методик жиҳатдан ёрдам бериш мақсадида ташкил этилган Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Наманган вилоят бўлимининг фаолият кўрсатмаслиги ва бошқалар.
Юқорида санаб ўтилган муаммоларни ўз вақтида ва самарали ҳал этиш мақсадида, Адлия бошқармаси томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда бир қатор амалий ишлар амалга ошириб келинмоқда.
“OPEN JUSTICE- ОЧИҚ АДЛИЯ” тамойилларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4-июлдаги “Давлат органлари ҳузурида Жамоатчилик кенгашлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғисида”ги ПҚ-3837-сонли қарорига асосан 2019 йилнинг 26 январида Наманган вилоят Адлият бошқармаси ҳузурида Жамоатчилик Кенгаши тузилди, унинг таркибига вилоятдаги фаол ва самарали фаолият кўрсатиб келаётган нодавлат нотижорат ташкилотларнинг 27 нафар вакиллари киритилди.
Нодавлат нотижорат ташкилотлар раҳбарлари билан бўлган учрашувда олинган таклифларга асосан ўтган давр мобайнида бир қатор ишлар амалга оширилди:
- Наманган вилояти ҳокимининг 2019 йил 13 февралдаги “Вилоятда фаолият кўрсатаётган нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолияти самарадорлигини ошириш ҳақида”ги 102-сонли қарори қабул қилинди;
- қарорга асосан, Наманган вилоятида фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолияти самарадорлигини ошириш, улар билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича ишларни ташкил этиш юзасидан 2019-2020 йилларга мўлжалланган “ЙЎЛ ХАРИТАСИ” тасдиқланди;
- Наманган вилояти ҳокимининг 2019 йил 7 июнда “Наманган вилоятида нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятини самарали ташкил этиш учун давлат кучмас мулк объектига жойлаштириш тўғрисидаги”
249-ф-сонли Фармойиши қабул қилинди;
- Наманган вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда “Нодавлат нотижорат ташкилотлар уйини” реконструкция қилиш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланди (Маълумот учун: “ННТ уйи” учун Наманган шаҳар, Банк кўчаси,
9-уйда жойлашган бинонинг 2 ва 3 қаватидаги бўш турган хоналар ажратилиши белгиланган бўлиб, ҳозирда 18 та ННТлар ижара тўловининг “0” ставкаси асосида фаолият кўрсатиб келмоқда).
Шу ўринда Адлия бошқармаси ҳузурида Жамоатчилик Кенгаши тузилгани ва унинг натижасида эришилган ютуқлар ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман.
Хусусан, Жамоатчилик кенгаши аъзолари Адлия бошқармаси тизимида коррупциоген ҳолатларни олдини олиш ишларига фаол жалб этилмоқда;
- 2020 йилда бошқарма тизимидаги ташкилот ва идораларда 2 марта “Сирли мижоз” ва 14 марта “Рейд” тадбирлари ўтказилди (бевосита Жамоатчилик кенгаши аъзолари иштирокида);
- 2020 йил 23 декабрда “Наманган ННТлар форуми” ташкил этилди;
- форумда 2021 йил учун Давлат дастурига 60 дан зиёд таклифлар олинди ва тегишли тартибда Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши ҳузуридаги доимий комиссияларга киритилди.
“OPEN JUSTICE- ОЧИҚ АДЛИЯ” тамойилларидан келиб чиқиб:
- бошқарманинг очиқ ҳайъат йиғилишларида Жамоатчилик кенгаши аъзолари иштирок этиши таъминланди;
- бошқарманинг Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат, Ҳуқуқий хизмат кўрсатишни давлат томонидан тартибга солиш бўлимлари томонидан ўтказилган мониторинг, “Сирли мижоз”, “Рейд” ва тарғибот тадбирларига Жамоатчилик кенгаши аъзолари фаол жалб этилди ва бу ишлар ўзининг ижобий самарасини бермоқда.
Шунингдек, қонунчиликда белгиланган тартибда:
1). Ҳар 6 ойда, Халқ депутатлари Наманган вилоят Кенгашига, Адлия бошқармаси бошлиғининг вилоят даражасидаги давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳолати бўйича ахбороти;
2). Ҳар чоракда, тегишлича туман (шаҳар) халқ депутатлари кенгашларига, туман (шаҳар) адлия бўлимлари бошлиқлари туман (шаҳар) даражасидаги давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳолати бўйича ахборотлари тақдим этиб келинмоқда.
Маълум бир сабабларга кўра, фаолияти тўхтаб қолган бир неча йиллардан бери фаолият юритмай келаётган 11 та нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти қайта тикланиб, фаолияти йўлга қўйилди.
“Юксалиш” умуммилий ҳаракати тмонидан элон қилинган грант лойиҳаси доирасида Жамоатчилик кенгаши фаолиятини тарғиб қилувчи 2 та 1 дақиқалик видеоролик тайёрланди ва ОАВда ёритилди, 1000 та тарқатма тарғибот материаллари, 72 та “ННТ бурчаги” баннерлари тайёрланди ва тарқатилди, жамоатчилик эшитувларига оид қонун ҳужжатлари ва халқаро тажриба ўрганилди ва қонунчиликка таклифлар тайёрланди, жамоатчилик эшитувида муҳокама қилиш учун муаммоларни аниқлаш мақсадида, ижтимоий тармоқлар орқали 3 марта ижтимоий сўровномалар ўтказилди, ННТлар муаммолари бўйича 2 та, бошқалар бўйича 1 та жамоатчилик эшитувлари ўтказилди.
Хулоса қилиб айтганда, давлат ташкилотларининг ўз фаолиятларини жамоатчилик фикрини таҳлил этиш асосида ташкил этиши, фуқароларнинг давлат ва жамият ишларини бошқаришдаги иштирокини кенгайтириш,
нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан мунтазам ҳамкорлик қилиш орқали ўз фаолиятини янада жонлантириши, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг янада очиқлигини таъминлаш “Янги Ўзбекистон”ни барпо этиш жараёнининг муҳим ва ажралмас қисмидир.
Бекзод Саримсоқов
Наманган вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи