Bog'lanish

Telefon
(+998 69) 227-06-62

Elektorn manzil
namangan@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

Содир этилган ҳуқуқбузарлик ва жиноят турларини таҳлил қилиш орқали уларни олдини олишга қаратилган манзилли-ҳуқуқий тарғиботлар


  Маълумки, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг кундалик ҳаётида учрайдиган ҳуқуқий муаммоларни таҳлил қилиб бориш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи қонун ҳужжатлари такомиллаштирилишини таъминлаш ҳамда қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмуни ва аҳамиятини аҳоли, тадбиркорлик субъектлари ҳамда хорижий инвесторларга етказиш кўламини кенгайтириш, бу борада тармоқ вазирлик ва идоралар фаолияти самарадорлигини ошириш адлия органларининг асосий вазифаларидан биридир.

 Ушбу вазифаларни амалга ошириш учун адлия органлари томонидан янги қабул қилинган қонун ҳужжатларини тарғиб қилишнинг мутлақо янги усулларидан фойдаланмоқда.

    Бунда манзилли ҳуқуқий тарғибот тадбирлари алоҳида аҳамият касб этади.

   Шу маънода, адлия органлари томонидан содир этилган ҳуқуқбузарлик ва жиноят турларини таҳлил қилиш орқали уларни олдини олишга қаратилган манзилли ҳуқуқий тарғиботлар амалга ошириб келинмоқда.

  Статистик маълумотларга таянган ҳолда республикамиз бўйича биринчи инстансия судларида жиноят ишларининг кўриб чиқилиш динамикасига эътиборимизни қатаратадиган бўлсак, бу кўрсаткич 2019 йилда 36 845 нафар шахсга нисбатан 28 846 та ишни, 2020 йилда эса 38 137 нафар шахсга нисбатан 30 282 та ишни ташкил этади. Бу ўз навбатида биринчи инстансия судида кўрилган жиноят ишлари 2019 йилга нисбатан 2020 йилда бироз ошганлигини кўрсатади.

 Шунингдек, республикамиз бўйича судланган шахслар томонидан содир этилган айрим турдаги жиноятларнинг ҳудудлар кесими бўйича динамикаси ўрганилганда қасддан баданга оғир ёки ўртача оғирликда тан жароҳати етказиш жинояти 2019 йилда 1 614 та, 2020 йилда эса 1 880 тани, безорилик жинояти 2019 йилда 953 та, 2020 йилда эса 1 448 тани ташкил этган.

  Судланган шахслар томонидан содир этилган айрим турдаги жиноятларнинг динамикасини биргина Наманган вилояти мисолида кўрадиган бўлсак, қасддан баданга оғир ёки ўртача оғирликда тан жароҳати етказиш жинояти 2019 йилда 90 та, 2020 йилда эса 121 тани, безорилик жинояти 2019 йилда 95 та, 2020 йилда эса 240 тани ташкил этган.

  Юқоридаги статистик маълумотларга таянган ҳолда вилоятнинг барча ҳудудларида адлия бошқармаси ҳамда туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг олдини олиш, уларни бартараф этиш ҳамда уларни содир этилишига қарши профилактик чора-тадбирлар сифатида манзилли тарғибот тадбирлари ўтказилди.

   Хусусан, Тўрақўрғон туман адлия бўлими томонидан жорий йилнинг 26 январь куни туман ички ишлар бўлими билан ҳамкорликда жиноятчиликка қарши кураш, қасддан баданга тан жароҳати етказиш билан боғлиқ жиноятлар, безорилик, одам савдоси, айниқса чақалоқ савдосини оқибатларини тушунтириш юзасидан туман тиббиёт бирлашмасида мазкур муассаса ходимлари ўртасида ўқув семинари ўтказилди.

   Шунингдек, Наманган туман адлия бўлимлари томонидан туман фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимлари билан ҳамкорликда жорий йилнинг 26 январь куни, Норин туман адлия бўлими томонидан
29 январь куни, Мингбулоқ, Поп, Янгиқўрғон, Чуст туман адлия бўлими томонидан 2-10 февраль кунлари туманлар ҳудудидаги аҳоли гавжум бўлган марказларда мутасадди ташкилот ходимлари иштирокида ўқув-семинарлар ташкил этилди.

   Ўтказилган семинарларда Ўзбекистон Республикасининг жиноят ва жиноят-процессуал кодексига киритилган сўнгги ўзгартириш ва қўшимчалар, жиноят кодекси билан таъқиқланган ҳатти-ҳаракатларни олдини олиш, бартараф этиш ҳамда уларни содир этишнинг оқибатлари, жиноят учун жазонинг муқаррарлиги тушунтириб ўтилиб, уларга соҳага оид тарғибот материаллар, жумладан инфографика ва слайдлар тарқатилди.

    Бу каби манзилли ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилишидан мақсад маълум маънода жиноятларни содир этилишининг олдини олади. Тарғибот тадбирлари давомида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти ошиши натижасида бу каби кўнгилсизликларнинг олди олинади десак муболаға бўлмайди.

 

Гулнора Каримжонова

Наманган вилоят адлия бошқармаси

етакчи маслаҳатчиси