Янгиликлар
Ҳуқуқий ахборотни биз хоҳлаган пайтда эмас, ўзингиз хоҳлаган пайтда олинг!
Кундалик ҳаётимиз давомида доимий равишда солиқ ва солиқ элементлари билан боғлиқ тушунчалардан фойдаланиб келамиз. Бироқ, кўплаб фуқароларимиз томонидан ушбу солиқ элементлари тўғрисида турли хил саволлар келиб тушмоқда.
Барчамизга маълумки, солиққа тортиш тизими бу - давлат қонунчилиги билан белгиланган ва унинг махсус идоралари томонидан ундириладиган солиқларни ташкил этиш усуллари, элементлари ва тамойиллари мажмуи ҳисобланади.
Мазкур солиққа тортиш тизимининг асосий бўғини ҳисобланган солиқ элементлари эса солиққа тортишда ифодаланадиган тушунчалар бўлиб, улар солиқ тўловчилар ва давлат бюджети ўртасидаги иқтисодий-ҳуқуқий муносабатларда намоён бўлади. Солиқ элементлари тушунчаси солиққа тортиш тизимини муҳим таркибий қисми бўлиб, унинг ўзи ҳам кичик тизимни ташкил этади, яъни солиқ элементлари ҳам бир неча иқтисодий категорияларни яхлит ҳолдаги ҳаракатини билдиради.
Янги таҳрирда қабул қилинган Солиқ кодексига мувофиқ, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар, шунингдек солиқлар бўйича пасайтирилган ставкалар қуйидаги муддатларда амал қилади, яъни:
- 2007 йил 25 декабрдаги қонун билан тасдиқланган Солиқ кодекси билан тақдим этилган ва белгиланган имтиёзлар ва ставкалар 2020 йил 1 апрелгача;
- Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тақдим этилган имтиёзлар ва ставкалар, уларнинг амал қилиш муддати тугагунга қадар.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси 6-боб 69-моддасида солиқларнинг элементлари тўғрисида келтириб ўтилган бўлиб, унга кўра солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида солиқнинг барча элементлари аниқлаб қўйилган тақдирдагина ушбу солиқ белгиланган деб ҳисобланади.Бундай солиқ элементларига қуйидагилар киради:
1) солиқ солиш объекти;
2) солиқ базаси;
3) солиқ ставкаси;
4) солиқ даври;
5) солиқни ҳисоблаб чиқариш тартиби;
6) солиқ ҳисоботини тақдим этиш тартиби;
7) солиқни тўлаш тартиби.
Солиқни белгилашда солиқ имтиёзлари ва уларнинг қўлланилиши учун асослар назарда тутилиши мумкин.
Хусусан, солиқ объекти бу - мол-мулк, ҳаракат, ҳаракат натижаси ёки қиймат, миқдорий ёки физик хусусиятга эга бўлган бошқа ҳолат бўлиб, у мавжуд бўлганда солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари солиқ тўловчида солиқ мажбуриятини вужудга келтиради.
Солиқ базаси солиқ солиш объектининг қиймат, физик ёки бошқа хусусиятини ифодалайди.
Ҳар бир солиқ учун солиқ базаси ва уни аниқлаш тартиби ушбу Кодекс билан белгиланади.
Солиқ ставкаси эса солиқ базасининг ўлчов бирлигига нисбатан ҳисобланадиган солиқнинг фоизлардаги ёки мутлақ суммадаги миқдорини ифодалайди.
Солиқ ставкалари ушбу Кодекс билан белгиланади. Акциз солиғининг ставкалари, маҳсулот нархи динамикасидан ва уни реализация қилиш, шу жумладан импорт қилиш ҳажмидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари билан йил давомида қайта кўриб чиқилиши мумкин.
Солиқ даври деганда, тугагандан кейин солиқ базаси аниқланадиган ҳамда тўланиши лозим бўлган солиқ суммаси ҳисоблаб чиқариладиган календарь йил ёки бошқа давр тушунилади.
Солиқ даври бир неча ҳисобот даврларидан иборат бўлиши мумкин.
Бундан ташқари, солиқни ҳисоблаб чиқариш тартиби солиқ базасидан, солиқ ставкасидан, шунингдек мавжуд бўлган тақдирда, солиқ имтиёзларидан келиб чиққан ҳолда солиқ даври учун солиқ суммасини ҳисоб-китоб қилиш қоидаларини белгилайди.
Солиқни ҳисоблаб чиқариш солиқ тўловчи томонидан мустақил равишда амалга оширилади.
Солиқ тўловчиларнинг айрим тоифаларига бошқа солиқ тўловчиларга нисбатан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган афзалликлар, шу жумладан солиқни тўламаслик ёки уларни камроқ миқдорда тўлаш имконияти солиқ имтиёзлари деб эътироф этилади.
Солиқ тўловчига солиқларни тўлаш бўйича муддатни кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) имконияти берилиши солиқ имтиёзлари ҳисобланмайди.