Янгиликлар
Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилмоқда
Малумки, сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш ҳамда судьялар ҳамжамияти ролини ошириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.
Амалга оширилган ишлар натижасида одил судлов жараёнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди.
Шу муносабат билан, жорий йилнинг 12 январь куни “Жиноят ишлари бўйича суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-664-сонли Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди. Қонун билан Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Киритилган ўзгартиришларга кўра, ишларни назорат тартибида кўриш инстанцияси тугатилди.
Суриштирувчи, терговчи, суд мажлиси котиби маълум бир ишда қатнашганидан сўнг кейинчалик уни қайта кўриб чиқиш учун суриштирувни, дастлабки терговни юритишда такроран иштирок этиши, шунингдек суд мажлиси баённомасини юритиши мумкин.
Эндиликда судда жиноят ишини муҳокама қилиш фақат айбланувчиларга нисбатан ва эълон қилинган айблов бўйича олиб борилади (илгари ҳақиқатни аниқлаш мақсадида – айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилинмаган бошқа шахсларга нисбатан олиб борилган).
Судланувчини янги айблов бўйича жиноий жавобгарликка тортиш асосларини аниқлаш эндиликда судланувчининг, унинг ҳимоячисининг, қонуний вакилининг илтимосномасига кўра ҳам амалга оширилади (илгари ушбу тартиб фақат прокурорнинг ёки жабрланувчининг, унинг вакилининг илтимосномасига кўра амалга оширилган).
Тўрақўрғон туман адлия бўлими
бош маслаҳатчиси
Шохрух Маҳмудов