Bog'lanish

Telefon
(+998 69) 227-06-62

Elektorn manzil
namangan@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

22

Жиноят қонунчилигига судьялар мустақиллигига амал қилмаганлик учун муқаррар жавобгарликни белгиловчи нормаларни киритиш керак.


   Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида таъкидлаганидек, суд мустақиллигини тўлиқ таъминлаш–энг муҳим вазифаларимиздан бири бўлиши зарур. 

    Мурожаатномада таъкидланганидек, суд мустақиллигини тўлиқ таъминлаш–энг муҳим вазифаларимиздан бири бўлиши зарур.
    Кейинги уч йилда суд тизимини янада демократлаштириш, фаолият самарадорлигини ошириш, аҳолининг одил судловга ишончини кучайтириш, жамиятда қонунийликни мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам ташланди. Бу янгиланишлар ўз-ўзидан бўлиб қолгани йўқ. Муҳтарам Президентимизнинг қатъий иродаси ва ташаббуси билан амалга оширилмоқда. Дарҳақиқат, суд ҳокимияти мустақиллигини таъминламай туриб, асосий мақсад – одил судловни амалга ошириш, пировардида инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлашга эришиб бўлмайди.     

  Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ, судьялар мустақилдирлар, фақат қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Судьяларнинг дахлсизлиги қонун билан кафолатланади.
  Суд ҳокимияти томонидан чиқарилган ҳужжатлар барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир.
   Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 236-моддасида суд ишларини ҳал этишга аралашганлик учун, яъни адолатсиз ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор чиқарилишига эришиш мақсадида судьяга турли шаклда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган.
    Бироқ, амалдаги маъмурий ёки жиноят қонунчилигида суд ҳокимиятининг барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун бажариш мажбурий бўлган ҳужжатларини бажармаганлик учун, судьяларнинг мустақиллиги, фақат қонунга бўйсуниши, судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилганлиги ёки судьяларнинг дахлсизлигини бузганлик учун жавобгарлик белгиланмаган.
   Шу сабабли, судьялар мустақиллиги ва уларни фақат қонунга бўйсуниши, судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмаслик ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлишини таъминлаш, шунингдек, судьяларнинг дахлсизлигини, суд ҳокимияти чиқарган ҳужжатларнинг барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан ижро этилишини таъминлаш учун амалдаги жиноят қонунчилигига муқаррар жавобгарликни белгиловчи нормаларни киритиш мақсадга мувофиқдир.
   Яъни, Жиноят кодексига “Судьяларнинг мустақиллиги, фақат қонунга бўйсуниши, судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилганлик ёки судьяларнинг дахлсизлигини бузишдан иборат жиноятлар” деб номланган XVI1-боб билан ва ушбу бобни қуйидаги нормаларни қамраб олган моддалар билан тўлдириш зарур:
   Биринчидан: судьяга нисбатан ҳурматсизлик қилиш, яъни давлат органлари ва бошқа органлар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролар судьяларни ҳурмат қилмасликлари ва уларнинг мустақиллигига риоя этилмаслиги. Судьяга нисбатан ҳурматсизлик қилиш, шунингдек уни очиқдан-очиқ менсимасликдан далолат берувчи хатти-ҳаракатлар қилганлик учун;
     Иккинчидан: суд ишларини ҳал қилишга аралашиш, яъни судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашиш, яъни муайян ишни ҳар томонлама, тўла ва холисона кўришга тўсқинлик қилиш ёки ғайриқонуний суд қарори чиқарилишига эришиш мақсадида судьяларга қандай бўлмасин бирон-бир тарзда таъсир этганлик учун ва ўз навбатида ушбу ҳаракатлар: бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб; мансабдор шахс ёки ҳокимият вакили томонидан; такроран ёки хавфли рецидив шаклда; уюшган гуруҳ аъзолари томонидан ёки уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилганлик учун; шунингдек, судьядан кўрилган ёки иш юритишидаги ишлар моҳияти бўйича бирон-бир тушунтиришлар беришни, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари танишиб чиқиш учун ишларни тақдим этишни талаб қилиш ва ушбу ҳаракатлар: бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб; мансабдор шахс ёки ҳокимият вакили томонидан; такроран ёки хавфли рецидив шаклда; уюшган гуруҳ аъзолари томонидан ёки уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилганлик учун;
шу билан бирга, оммавий ахборот воситалари вакилларининг ўз хабарларида муайян иш юзасидан суд муҳокамаси натижаларини олдиндан ўзича ҳал қилиб қўйишлари ёки судга бошқача тарзда таъсир этишлари ва ушбу ҳаракатлар: бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб; мансабдор шахс ёки ҳокимият вакилининг таъсири остида; такроран ёки хавфли рецидив шаклда; уюшган гуруҳ аъзолари томонидан ёки уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб; бутунжаҳон интернет тармоғи орқали содир этилганлик учун;
  Учинчидан: судьялар дахлсизлигини бузиш, яъни судьянинг шахси, турар жойи, хизмат хонаси, фойдаланадиган транспорти ва алоқа воситалари, хат-хабарлари, унга тегишли ашёлар ва ҳужжатлар дахлсизлигини бузиш ва ушбу ҳаракатлар: бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб; мансабдор шахс ёки ҳокимият вакили томонидан; такроран ёки хавфли рецидив шаклда; уюшган гуруҳ аъзолари томонидан ёки уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилганлик учун;
шунингдек, судьяга нисбатан қонунга зид жиноят иши қўзғатиш ёки маъмурий жавобгарликка тортиш;
худди шунингдек, қонунга зид равишда судьянинг турар жойига ёки хизмат хонасига, фойдаланадиган транспортига кириш, уларни кўздан кечириш, уларда тинтув ўтказиш ёки улардан ашёни олиш, телефондаги сўзлашувларини эшитиш, судьяни шахсан кўздан кечириш ва уни шахсий тинтув қилиш, шунингдек унинг хат-хабарларини, унга тегишли ашёлар ва ҳужжатларни кўздан кечириш, олиб қўйиш ёки олиш;
  шу билан бирга, судьянинг одил судловни амалга ошириши муносабати билан унинг ўзига, яқин қариндошларига нисбатан зўрлик ишлатиш ёки ўлдириш ёҳуд мол-мулкига шикаст етказиш, нобуд қилиш билан таҳдид қилиш ёки қўрқитиш ва ушбу ҳаракатлар: бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб; мансабдор шахс ёки ҳокимият вакили томонидан; такроран ёки хавфли рецидив шаклда; уюшган гуруҳ аъзолари томонидан ёки уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб; тан жароҳати етказиб; мол-мулкига шикаст етказиб ёки нобуд қилиб содир этилганлик учун;
    Тўртинчидан: қарор чиқариш чоғида судьялар маслаҳатининг сир тутилиши ва уни ошкор қилишни талаб этиш, яъни қарор чиқариш чоғидаги сир тутилган судьялар маслаҳатини ошкор қилишни талаб этиш ва шу ҳаракатлар: бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб; мансабдор шахс ёки ҳокимият вакили томонидан; такроран ёки хавфли рецидив шаклда; уюшган гуруҳ аъзолари томонидан ёки уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб; таҳдид қилиб, қўрқитиб. тан жароҳати етказиб, мол-мулкига шикаст етказиб ёки нобуд қилиб содир этилганлик ҳаракатлари учун;
    Бешинчидан: суд ҳокимияти чиқарган ҳужжатларнинг барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан ижро этилишини таъминлаш учун амалдаги жиноят қонунчилигига муқаррар жавобгарликни белгиловчи нормаларни киритиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.
  Ўз навбатида судда ўз вазифаларини бажараётган даврда халқ маслаҳатчиларига судьялар дахлсизлигининг барча кафолатлари татбиқ этиш лозим бўлади.
   Бу билан, судьялар томонидан жамиятда қонун устуворлиги, ижтимоий адолат ва тинчлик-тотувликни таъминлаш ҳамда халқимиз ва Президентимиз томонидан улар олдига қўйилаётган юксак ишонч ва масъулиятли вазифаларни фақат қонунга бўйсунган ҳолда бажаришларига жуда катта замин яратилган бўлади. Албатта парламентга сайланган депутатларимиз суд тизимидаги ана шу жиҳатларга эътибор қаратиб, қонунчиликни янада такомиллаштиради, деган умиддамиз.

Мансуржон Ибрагимов,
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги
қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази
Наманган филиали бош мутахассиси