Bog'lanish

Telefon
(+998 69) 227-06-62

Elektorn manzil
namangan@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

16

Юридик хизмат соҳаси: ютуқ ва камчиликлар.


Юридик хизмат соҳасида йўл қўйилаётган қонунбузилишларни олдини олиш ва уларнинг таҳлил қилишда адлия идораларининг ўз ваколат ва вазифалари бор. Буни биргина ушбу соҳага қаратилаётган эътибор натижасида қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан билиш мумкин.

Ана шу маънода Наманган вилоят адлия бошқармаси томонидан йил якуни муносабати билан соҳадаги мавжуд камчиликлар ва эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар муҳокамасига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Биламизки, маҳаллий давлат ҳокимияти органининг норматив-ҳуқуқий тусдаги қарори  — халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари ва вилоят, туман, шаҳар ҳокимлари томонидан қабул қилинган, умуммажбурий давлат кўрсатмалари сифатида ҳуқуқий нормаларни белгилашга, ўзгартиришга ёки бекор қилишга қаратилган расмий ҳужжат ҳисобланади.

Йил бошидан то ҳозирги кунга қадар туман (шаҳар) ҳокимлари томонидан қабул қилинган қарорлар сони 9583 тани, фармойишлар сони 1325 тани, Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларининг қарорлари эса 693 тани ташкил этади. Шулардан 35 таси норматив-ҳуқуқий тусдаги қарор ва фармойишларга тўғри келади.

Семинарда туман (шаҳар) ҳокимларининг айрим қарорлари ўз вақтида қабул қилинмаганлиги ёки кечикиб қабул қилинганлиги муҳокама қилинди. Масалан, Ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар учун иш ўринларини банд қилишга оид ҳокимлар қарори Чортоқ туманида 2019 йил 5 январда 3 ойга кечикиб, Косонсой туманида эса 2019 йил 30 мартда 6 ойга кечикиб қабул қилинган. Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 декабрдаги
965-сонли қарори билан тасдиқланган Низомнинг 10-бандига асосан туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари ҳар йили жорий йилнинг 1 октябридан кечикмай қарор қабул қилиши белгиланган.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига тааллуқли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Савдо саноат палатасининг ҳудудий тузилмалари билан келишилиши лозим бўлсада 2019-2020 йиллар давомида транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказишга оид туман (шаҳар) ҳокимлари қарори лойиҳаларининг бирортаси Савдо-саноат палатасининг ҳудудий тузилмалари билан келишилмагани ҳақида ҳам сўз юритилди.

Семинар давомида бу каби масалаларнинг бир қанчаси ўртага ташланиб, юридик хизмат вакиллари ўртасида муҳокамага сабаб бўлди. Чунки, ҳокимликларнинг қарорларини ўз вақтида, сифатли қабул қилиш, қарор лойиҳаларини кечиктирмай тайёрлаш, айрим идоралар билан келишиб қарор қабул қилиш ҳар жиҳатдан юридик хизмат ходимининг билими ва салоҳиятига боғлиқ.

Семинар якунида бир гуруҳ соҳа вакилларига мартаба даражалари ва фахрий ёрлиқлар топширилди.

 

Наманган вилоят адлия бошқармаси