Янгиликлар
Коррупцияга қарши курашда янгича механизм.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимида коррупцияга қарши курашиш соҳасида муҳим ташкилий-ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга йўналтирилган тизимли чоралар кўрилмоқда.
“Очиқ адлия” (“Open Justice”) дастури бу хорижий тажрибалардан келиб чиққан ҳолда 2019 йилдан адлия ҳаётига кириб келган термин ҳисобланади. Бу дастур энг аввало шаффоф, очиқ ва тезкор фаолият кўрсатаётган адлия идоралари барча учун очиқ эканлигини исботламоқда.
Ушбу йўналишда қарийиб бир ярим йил давомида ўзини оқлай оладиган даражадаги фаолият йўналишлари жорий этилди. Адлия вазири томонидан коррупцияга қарши курашиш бўйича республика махсус гуруҳига ахборот бериш ҳамда коррупция ҳақида билган ёки эшитган фуқароларни рағбатлантириш масаласи илк бор жорий этилди.
Шу турдаги ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳақидаги хабарлар ўз вақтида етказилишини ва дарҳол ушбу ҳолатларни аниқлаш, уларнинг оқибатларини, имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этилишини таъминлашга қўшимча имконият яратиш мақсадида телеграм ижтимоий тармоғида “@antikorbot” номли махсус бот яратилди.
Бундан ташқари, номзодларнинг ишга қабул қилинаётганида манфаатлар тўқнашувининг мавжудлиги ёки йўқлиги ҳолати ўрганиш билан бир қаторда адлия бошқармаси ҳамда тизимдаги барча муассасаларга ишга қабул қилиш жараёни меритократия, очиқлик ва мустақиллик тамойиллари асосида ўтказилмоқда.
Яна бир муҳим жиҳати, нотариат тизимида юзага келаётган коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш учун тўловларни (давлат божи, герб йиғими ва пуллик хизмат) электрон мобиль иловалар (UPAY, Click, PAYME) орқали тўлаш, автоматик тарзда хизматлар учун нархларни шакллантириш тизими, давлат нотариал идоралари ходимлари томонидан коррупцияни олдини олиш мақсадида СМС информатор дастури ишга туширилди.
Амалий ишлар бесамар кетмади. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги давлат бошқаруви органлари орасида биринчи бўлиб, ISO 37001:2016 “Коррупцияга қарши курашиш менежмент тизими” халқаро стандартларига мувофиқ сертификатга эга бўлди.
Адлия вазирлигининг коррупцияга қарши курашиш менежмент тизими халқаро стандарт талабларига мувофиқ ички ҳужжатлардан ташкил топган бўлиб, у бутун Вазирлик тизимининг доимий назорат остида бўлишини таъминлайди. Ушбу мувофиқлик сертификати Адлия вазирлигида коррупцияга қарши курашиш тизими халқаро стандартга мувофиқ тўғри йўлга қўйилганини тасдиқлайди ҳамда келажакда аҳоли ва хорижий ташкилотлар билан алоқаларни ва ўзаро ишончни янада ривожлантиришга олиб келади.
Мазкур сертификат бундан кейин ҳар бир адлия ходимига янада катта масъулият ҳамда тизимда коррупцияни йўқотиш, халқимизга сидқидилдан хизмат қилиш вазифаларини юклайди.
АБРОРЖОН САТТИБОЕВ
Вилоят адлия бошқармаси масъул ходими