Bog'lanish

Telefon
(+998 69) 227-06-62

Elektorn manzil
namangan@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

08

Меморандум имзолаш ҳамкорлик учун қанчалик фойдали ва самарали?



Тарихдан маълумки, Бухоро, Қўқон ва Хива хонликларида чет давлатлари билан ҳамкорликда қўлланиб келинган ҳужжатлар вақф ҳужжатлари сирасига киритилган бўлиб, айнан IX асрдан XX асргача бўлган вақт оралиғида икки тарафлама ҳуқуқ ва мажбуриятларни белгилаб берувчи ҳужжатлар хонликларнинг тегишли муҳри билан қонунийлаштирилган.

Ана шундай ҳамкорлик асосида иш ташкил этиш давлат идоралари ва ташкилотлар фаолиятини маълум бир йўналишдаги ҳамжиҳатлигини таъминлашда қўл келмоқда. Қолаверса, идора ходимлари ўзаро тажриба алмашишларида, соҳада қийнаётган айрим муаммоларга ечим топишда, бу муамоларни ечиш борасида улар тутган йўл қанчалик натижа берган ёки бермаганини ўрганиш, шунга кўра келгуси ишларни режалаштиришда самара бермоқда.

Наманган вилоят адлия бошқармаси ҳамкорликнинг бу босқичига ўтганига ҳали кўп муддат бўлгани йўқ. Бироқ ҳамкорликдан кутилган натижалар фаолиятимиз самарасига хизмат қилиши табиий.

Биргина мисол, 2018 йилда илк тажриба сифатида 4 та идора билан, 2019 йилда 2 та идора билан аҳолининг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, қонунийликни мустаҳкамлашга йўналтирилган ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ўтказиш, шунингдек, тегишли соҳаларда янги қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтиришга қаратилган тарғибот материалларини аҳолига етказишда ҳамкорлик қилиш борасида Меморандумлар имзонланган бўлса, бу борада ишларни самарали ташкил этиш, ўзаро ҳамкорликни янада яхшилаш мақсадида 2020 йилда эса 12 та давлат органлари ва ташкилотларининг вилоят тузилмалари билан Меморандумлар имзоланди.

Натижада 2019 йилнинг ўзида Наманган вилоят телевидениеси билан имзоланган меморадум асосида ҳамкорлик кўлами кенгайди ва янги лойиҳалар асосида жами 200 дан зиёд кўрсатув ва репортажлар ва 470 та радиоэшиттиришлар тайёрланди. Наманган вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси билан ҳамкорлик натижасида эса ҳар ҳафталик босма нашр учун “Адлия рукни” саҳифаси жорий этилди. Шу билан бир қаторда турли мавзуларда 249 та савол-жавоб кўринишида материал ва мақолалар эълон қилинди.

Ушбу ҳужжатнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, унда адлия бошқармаси ва иккинчи томондан иштирок этаётган идора у суд ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар бўладими, бошқа давлат ташкилотларими уларнинг ўзаро ахборот алмашувига ҳамда қонун ҳужжатларини етказишда ўтказиладиган тарғибот тадбирларини биргаликда ўтказишга ва энг асосийси ортиқча расмиятчиликсиз, хат-ҳужжатларсиз ягона меморандум асосида ҳамкорлик қилишга имкон беради.

Қолаверса, давлат идораларининг ҳуқуқий тарғибот йўналишидаги бевосита фаолиятларида ҳам бундай ҳамкорликнинг фойдаси кўп. Масалан, идорага келиб тушган қонун ҳужжати мазмун-моҳиятини ходимлар ўртасида тушунтириш кўп ҳолларда ўша идоранинг юридик хизмат ходимига ёки ахборот хизати бўйича масъул ходими зиммасига юклатилади.

Бироқ агар ҳужжат ўша корхона ёки ташкилот фаолияти билан боғлиқ бўлмаса кўп ҳолларда ижроси таъминмай қолаверади. Бу жиҳатидан олиб қарасак, инфографика кўринишида жойлаб борилаётган қонун ҳужжатларини, сифатли ролик ва слайдларни етказиб беришда адлия идоралари ўз мажбуриятини яхши англамоқда.

Хуллас, юқоридагилар меморандумнинг фойдали жиҳатларига доир оддий мисоллар. Бу каби ҳамкорликка эҳтиёж эса фаолият давомида пайдо бўлаверади. Ҳар қандай вазиятда ва қисқа фурсатда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юкслалтиришда ҳар бир давлат органи ўз мажбуриятини англаши бугунги кунда жуда муҳим. Зеро, ҳар қандай ишончли шерик, қонуний ҳамкорлик фаолият натижасига ижобий таъсир кўрсатади.


Наима ЯДИГАРОВА,
вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи