Янгиликлар
Низо судга қадар ҳал этилди.
Тадбиркорлар ва фермер хўжаликлари ишини такомиллаштириш ва уларга амалий кўмак бериш масаласи бугунги куннинг муҳим жиҳати ҳисобланади. Бироқ жойларда бюрократия, таъмагирлик, тадбиркор фаолиятига тўсқинлик қилиш ва шартнома шартларидан бўйин товлаш ҳолатлари ҳали ҳамон учраб турибди. Давлат органларининг айниқса ҳудудлардаги туман (шаҳар) адлия бўлимларининг тадбиркорлар билан мулоқот қилишнинг амалий ва шаффоф тизими яратилаётгани, улар билан мунтазам равишда учрашиб боришлари уларнинг қонуний манфаатларига путур етишини олдини олаётган бўлса ажаб эмас.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг “Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси” Янгиқўрғон туман бўлимига жорий йилнинг 22 январь куни фуқаро А.Абдураззоқов томонидан мурожаат келиб тушган. У “Абдураззоқов Акмалжон Иброхимович” (ҳозирда фаолиятини тўхтатган) фермер хўжалиги раҳбари бўлиб, 2018 йилда “Наманганвино” акционерлик жамиятига етказиб берилган 1 458 000 сўмлик узум маҳсулотлари учун тўловлар тўлаб берилмаганлигидан норози бўлиб ушбу қарздорликни ундириб берилишида амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Мазкур мурожаат Янгиқўрғон туман адлия бўлими томонидан иш юритувига олиниб, белгиланган тартибда ўрганиб чиқилди.
Жумладан, “Абдураззоқов Акмалжон Иброхимович” фермер хўжалиги томонидан 2018 йил 1 октябрда “Наманганвино” АЖ билан 4 тонна узум маҳсулоти етказиб бериш бўйича 3.400.000 сўмлик шартнома имзоланган.
Ушбу шартномага асосан “Абдураззоқов Акмалжон Иброхимович” фермер хўжалиги томонидан 1840 кг узум махсулоти етказиб берилган бўлсада, “Наманганвино” АЖ шартномада кўрсатилган муддатда махсулот учун 1.458.000 сўм қарздорликни ўз вақтида бартараф этмаган.
Ваҳоланки, шартноманинг 2.3-бандида ҳаридор шартномада кўрсатилган маҳсулотни тўла топширилгандан сўнг 90 кун банк куни давомида тўлиқ ҳисоб-китобни амалга ошириши белгиланган.
Бундан ташқари, шартноманинг 4.2-бандида шартномага мувофиқ топширилган маҳсулот учун хақ тўлашдан асоссиз бош тортилганда “Харидор” “Етказиб берувчи”га муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун белгиланган муддатда тўланмаган сумманинг 0,1 % миқдорида пеня тўлайди деб белгиланган.
Юқоридагиларга кўра, жорий йилнинг 23 январь куни “Наманганвино” АЖга тақдимнома киритилди. Натижада “Наманганвино” АЖ томонидан “Абдураззоқов Акмалжон Иброхимович” фермер хўжалигидан бўлган қарздорлик бартараф этилиб, фермер хўжалиги хисоб рақамига 1.458.000 сўм ўтказиб берилди.
Жаҳонгир Йўлдашев,
Янгиқўрғон туман адлия бўлими бошлиғи