Янгиликлар
Аёллар бандлиги муҳим масала.
Меҳнат қонунчилиги замон талаби асосида такомиллаштирилаётгани, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари олий даражага қўйилаётганлиги бу борадаги муносабатларда муҳим омил бўлмоқда. Биргина сўнгги йилларда Меҳнат кодексига ва “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонунга аҳоли турли тоифалари учун меҳнат кафолатини кучайтиришга йўналтирилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилганлиги фикримиз далилидир.
Айни вақтда меҳнат муносабатларига доир ҳар қандай масала қонун ҳужжатлари доирасида ҳал этиб келинмоқда. Айниқса давлат идоралари томонидан ходимнинг бу борадаги ҳуқуқ ва манфаатлари Адлия идораларининг диққат марказида.
Фикримизни Тўрақўрғон туман адлия бўлими мисолида давом эттирсак. Бўлимга 2019 йил давомида 318 та мурожаат келиб тушган бўлса шундан
299 таси қаноатлантирилган. Бу дегани халқимизни адлия идораларига нисбат ишончи ортиб бораётганидан далолат. Мурожаатларни салмоқли қисми меҳнат муносабатлари ва уларнинг қўпол равишда бузиб келинаётганлиги билан ҳам боғлиқдир.
Биргина мисол, фуқаро Салимова Дилором у тумандаги умумий ўрта таълим мактабида ҳамширалик лавозимида ишлаган, меҳнат фаолияти оралиғида туғруқ таътилига чиқиб, сўнг ўз лавозимига қайтиш учун иш жойига келган. Бироқ вазият у ўйлангандек бўлмаган. Туман тиббиёт бирлашмасига ариза билан мурожаат этган. бироқ аризаси рад этилган.
Шундан сўнг, туман адлия бўлимига мурожаат этган фуқаронинг иши бўлим ходимлари томонидан атрофлича ўрганиб чиқилганда ҳақиқатан ҳам Д.Салимова 2017 йилда Тўрақўрғон туман тиббиёт бирлашмасининг тегишли буйруғи билан умумий ўрта таълим мактабига ҳамширалик 0,5 ставка лавозимига қабул қилинганлиги, 2018 йилдан тегишли буйруқ билан
1,0 ставкага ўтказилганлиги, 2019 йил 1 июнь кунидан ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиққанлиги аниқланди.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 234-моддасига биноан болани парваришлаш таътиллари даврида аёлнинг иш жойи (лавозими) сақланади. Бу таътиллар меҳнат стажига, лекин ҳаммасини жамлаганда кўпи билан уч йил, шу жумладан мутахассислиги бўйича иш стажига ҳам қўшилади.
Шунингдек, мазкур Кодекснинг 224-моддасига биноан ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланади. Ҳомиладор аёлни ёки уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлни ишга қабул қилиш рад этилган тақдирда иш берувчи рад этишнинг сабабларини уларга ёзма равишда маълум қилиши шарт. Мазкур шахсларни ишга қабул қилишни рад этганлик устидан судга шикоят қилиниши мумкин.
Фуқаро Д.Салимованинг тушунтиришида, у туғруқ таътилидан қайтиш учун туман тиббиёт бирлашмаси кадрлар бўлимига учраганда, унга бошқа лавозимга ишга қайтиши мумкинлиги, акс ҳолда, бир муддат, яъни унинг ўрнига вақтинча ишга олинган ҳамшира кетгунига қадар кутиб туришини айтилганлигини билдирган.
Ваҳоланки, Меҳнат Кодексининг 96-моддасида “Меҳнат шартномаси тарафларининг келишувига биноан ҳамда ходимнинг ташаббуси билан вақтинча бошқа ишга ўтказиш ҳақида буйруқ чиқариш учун унинг аризаси, ҳомиладор аёлларни ва икки ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни вақтинча бошқа ишга ўтказиш ҳақида буйруқ чиқариш учун эса, — уларнинг аризаси ва тиббий хулоса асос бўлади” деб белгиланган.
Меҳнат Кодексининг 78-моддасига биноан иш берувчи қонунга мувофиқ меҳнат шартномаси тузиши шарт бўлган шахсларни (белгиланган минимал иш жойлари ҳисобидан ишга юборилган шахсларни; ҳомиладор аёлларни ва уч ёшга тўлмаган болалари бор аёлларни — тегишинча уларнинг ҳомиладорлиги ёки боласи борлигини важ қилиб) ишга қабул қилишни ғайриқонуний равишда рад этишга йўл қўйилмайди.
Юқоридагиларга асосланиб, Тўрақўрғон туман адлия бўлими томонидан Тўрақўрғон туман тиббиёт бирлашмасига тақдимнома киритилиб, фуқаронинг ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиққунига қадар ишлаган лавозимига ва иш жойига тикланишига эришилди.
Изоҳ: Исм фамилиялар фуқаро манфаатларини кўзлаган ҳолда ўзгартирилган.
Абдуллаева Шаҳзода
Тўрақўрғон туман адлия
бўлими масъул ходими