Янгиликлар
“Биз биргамиз!” лойиҳаси меҳр улашди! “Биз биргамиз!” (“Мы вместе!” “We are together!”) ижтимоий лойиҳаси кўнгли ярим инсонларга меҳр улашди.
2008 йилдан бошлаб амалга ошириб келинаётган лойиҳадан кўзланган мақсад ногиронлиги бўлган шахсларни жамиятимизда ўз ўринларини топишларига кўмаклашиш, уларнинг кўнглини кўтариш ҳамда уларнинг жамиятимизнинг ажралмас ва эътиборда бўлган қисми эканини яна бир бор намоён қилишдир.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири томонидан 2019 йил 29 ноябрда тасдиқланган “Халқ билан мулоқотни кенгайтириш, фуқароларнинг давлат органларига бўлган ишончини янада ошириш ва аҳоли учун долзарб муаммоларни ҳал этишга қаратилган амалий чора-тадбирлар режаси”нинг 18-бандида ногирон болаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сотиш бўйича “Биз биргамиз” лойиҳасини ташкил этиш белгиланган.
Шунга кўра, Наманган вилоят адлия бошқармаси ва унинг тизимидаги туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан жорий йилнинг 25 декабрь куни Ўзбекистон ногиронлар жамияти Наманган вилоят бўлими ва унинг туман (шаҳар) бўлимлари билан ҳамкорликда вилоятнинг барча ҳудудларида “Биз биргамиз” акцияси ташкил этилди.
Акция тадбирлари Наманган шаҳридаги “Захириддин Муҳаммад Бобур” номли истирохат боғида “Янги йил арчаси” олдида, туман (шаҳар)лар ҳудудидаги марказий майдонлар, бозорлар ва савдо комплексларида савдо ярмаркаси шаклида ўтказилди.
Акцияда танлов комиссияси тузилиб ногиронлиги бўлган иштирокчиларга ўзлари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг сифати, харидоргирлиги ҳамда акциядаги фаоллигини ҳисобга олган ҳолда турли номинациялар белгиланди. Якунда танлов комиссияси томонидан 1-ўрин Тўрақўрғон туман бўлими, 2-ўрин Мингбулоқ туман бўлими, 3-ўринга Наманган шаҳар бўлими лойиқ деб топилиб, барча иштирокчилар бошқарма ҳамда Ўзбекистон ногиронлар жамияти Наманган вилоят бўлими томонидан янги йил совғалари билан тақдирландилар.
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими