Янгиликлар
ИҚТИСОДИЙ СУДЛАРДА СОДДАЛАШТИРИЛГАН ТАРТИБДА ИШ ЮРИТИШ
Юритимизда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар бошқа соҳалардаги ислоҳотлар билан чамбарчас боғлиқ ҳолда амалга ошириб келинмоқда.
Хусусан, иқтисодиётимиз таянчи бўлган тадбиркорликни ривожлантириш, уларни самарали фаолият юритиш учун қулай шарт-шароит яратиш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, чет эл капиталини кириб келиши учун кенг имконият яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади.
Бу ўз навбатида ушбу соҳадаги қонунчиликни такомиллаштиришни тақозо этади.
Иқтисодий судларда кўрилаётган низоларнинг асосий қисмини юридик шахслар ҳамда юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган фуқароларнинг фаолиятидан келиб чиқадиган низолар ташкил этади.
Ишларни кўриш муддатини узоқлиги, айрим низосиз муносабатларни ҳам суд мажлисида кўрилиши тадбиркорлик субъектлари учун ноқулайликлар олиб келаётган эди.
2019 йил 21 мартдан кучга кирган “Мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қабул қилишини айни муддао бўлди.
Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал Кодекси янги “Соддаштирилган тартибда иш юритиш” деб номланувчи 231-боб билан тўлдирилди.
Эндиликда киритилган тўлдириш билан иқтисодий судларда ишларни кўриш бўйича янги бир механизм вужудга келди.
Яъни, ушбу туркумдаги ишлар агар даъвонинг баҳоси юридик шахсларга нисбатан - базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан, якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан эса - беш бараваридан ошмаса, даъво аризалари бўйича ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилиши лозимлиги белгиланди.
Ҳозирги кунда базавий ҳисоблаш миқдори 223 000 сўмни ташкил этади.
Даъвогарнинг илтимосномасига кўра жавобгарнинг розилиги билан билан бошқа ишлар ҳам соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилиши мумкин. Корпоратив низолар бўйича ишлар, ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилмайди.
Агар ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш чоғида учинчи шахснинг ишга киришиш тўғрисидаги илтимосномаси қаноатлантирилган, ушбу бобда белгиланган қоидалар бўйича кўриб чиқилиши мумкин бўлмаган қарши даъво қабул қилинган бўлса ёхуд агар суд ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш давлат сирининг, тижорат сирининг ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирнинг ошкор қилинишига олиб келиши мумкин бўлса; қўшимча ҳолатларни аниқлаш ёки қўшимча далилларни текшириш, шунингдек далилларни улар турган жойда кўздан кечириш ва текшириш, экспертиза тайинлаш ёки гувоҳларнинг кўрсатувларини эшитиш зарур бўлса; билдирилган талаб бошқа талаблар билан боғлиқ бўлса, шу жумладан учинчи шахсларга тааллуқли бўлса ёки мазкур иш бўйича қабул қилинган суд ҳужжати билан учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилиши мумкин бўлса, шу жумладан тарафлардан бирининг илтимосномасига кўра ишни даъво ишини юритишнинг умумий қоидалари бўйича кўриш ҳақида ажрим чиқаради.
Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиладиган ишда муҳим қоида бу - даъво аризасининг ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари жавобгарга топширилганлиги ҳақидаги далиллар илова қилиниши ҳисобланади. Яъни даъво аризаси ва унга илова қилинган ҳужжатлар жавобгарга шахсан топширилади ёки топширилганлик фактини белгиловчи алоқа бўлимининг буюртма хати билан юборилади.
Жавобгар даъво аризаси юзасидан ёзма фикрини даъво аризасининг кўчирма нусхаси ўзига топширилган пайтдан эътиборан ўн беш кунлик муддатда судга ўзи асосланаётган ҳужжатлар ва далилларни илова қилган ҳолда тақдим этишга ҳақли. Ёзма фикрга унинг кўчирма нусхаси даъвогарга юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжат илова қилинади.
Даъво аризасининг судга юборилиши ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган жавобгар томонидан даъво аризаси юзасидан ёзма фикр тақдим этилмаганлиги даъво аризасини соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқишга тўсқинлик қилмайди.
Белгиланган муддат ўтганидан кейин судга келиб тушган даъво аризаси юзасидан ёзма фикр, далиллар ва бошқа ҳужжатлар, агар уларни белгиланган муддатда тақдим этишнинг имкони бўлмаганлиги тараф томонидан асослантирилган ва улар суд томонидан ҳал қилув қарори қабул қилингунига қадар келиб тушган бўлса, қабул қилинади.
Соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги иш даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш ҳақида ажрим чиқарилган кундан эътиборан йигирма кундан ошмаган муддатда даъво аризаси юзасидан ёзма фикрни, далилларни ҳамда бошқа ҳужжатларни тақдим этиш учун белгиланган муддат ўтганидан кейин тарафларни чақиртирмасдан, суд мажлиси ўтказмасдан судья томонидан якка тартибда кўриб чиқилади.
Умумий қоидага кўра кўриладиган ишнинг эса кўриш муддати бир ой, алоҳида ҳолларда суд раиси томонидан яна бир ойга узайтирилиши мумкин ва ўз навбатида бу тоифадаги ишлар суд мажлисида кўриб чиқилади.
Ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш муддати узайтирилмайди.
Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича ҳал қилув қарори ихтиёрий тартибда ижро этилади.
Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича ҳал қилув қарори, агар апелляция шикояти (протести) берилмаган бўлса, қабул қилинганидан кейин ўн кун ўтгач қонуний кучга киради.
Умумий қоидага кўра кўриладиган иш бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарори эса бир ой муддат ўтгандан сўнг кучга киради.
Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича қайси ҳал қилув қарори қонуний кучга киргунига қадар ихтиёрий тартибда ижро этилмаган бўлса, ўша ҳал қилув қарори тарафларнинг илтимосномаси бўйича суд томонидан бериладиган ижро варақаси асосида, суд харажатларини ундиришга тааллуқли қисми эса суднинг ташаббуси билан мажбурий ижро этилиши лозим.
Иқтисодий низоларни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилиши аввало тадбиркорларни судга келиб-кетиши билин боғлиқ сарф харажатларни, уларни қимматли вақтларини олдини олишга, иқтисодий низоларни қисқа муддатда кўриб чиқишга ва суд ҳужжатларини тез фурсатда ижро этишга хизмат қилади.
Наманган туманлараро
иқтисодий суди судьяси
Алимардон Иномов