Bog'lanish

Telefon
(+998 69) 227-06-62

Elektorn manzil
namangan@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

23

Муҳим сиёсий кампанияга старт берилди.


Сайлов - демократиянинг бош мезони, ҳозирги замон ҳуқуқий давлати ва жадал ривожланиб бораётган фуқаролик жамиятининг муҳим белгиси, халқ иродасини ифода этишнинг, фуқароларни давлат ва жамият ишларини бошқаришда фаол иштироки, уларнинг ўз манфаатларини ҳимоя қилиш ҳуқуқларини амалга оширишнинг асосий шаклидир.

Таъкидлаш жоизки, давлатимиз катта сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови арафасида турибди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг жорий йилнинг 20 сентябрь куни Халқаро матбуот марказида бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида ана шундай муҳим сиёсий компания айнан шу кундан бошланиши эълон қилинди. Шунингдек, Марказий сайлов комиссияси 2019 йил 22 декабрни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови куни деб белгилади.

Алоҳида таъкидлаш керакки, бу йилги сайлов янгича кўринишда ўтказилиши кутилмоқда. Чунки соҳага оид бўлган янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда уларга киритилган демократик руҳдаги ўзгартириш
ва қўшимчалар, шунингдек сайловларни ўтказишда белгиланган ўзига хос тартиблар бунинг яққол далилидир.

Хусусан, бу йилги сайлов илк бор кодексда белгиланган нормалар асосида ўтказилади. Илгари сайловларни ўтказиш тартиби алоҳида қонунлар билан тартибга солинган бўлса, жорий йилнинг 25 июнь куни “Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қонун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланиб, Президент, қонунчилик палатаси, Сенат аъзолари, маҳаллий кенгашлар сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишнинг тартибини белгиловчи Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси қабул қилинди.

Маълумки, қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш учун қонунчиликда белгиланган тартиб ва шартлар асосида сайлов округлари
ва участкалари ташкил этилади. Авваллари сайловларни ўтказиш учун 135 та ҳудудий сайлов округи тузилиши белгиланган бўлса, эндиликда Сайлов кодекси билан қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш учун 150 та ҳудудий сайлов округи ташкил қилиниши белгиланди.

Президент, қонунчилик палатаси, маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови бўйича сайлов кампанияси бошланиши уларнинг ваколат муддатлари тугашидан камида 3 ой аввал эълон қилиниши белгиланди.

Бундан ташқари янги кодекс билан сайлов жараёнларида иштирок этувчи кузатувчилар, сиёсий партиялар ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг ҳуқуқ ва мажбурияти белгилаб қўйилди. Хусусан, оммавий ахборот воситалари вакиллари нафақат сайлов жараёнларини ёритиш, балки овоз бериш биноларида ҳамда овозларни санаб чиқиш жараёнида ҳозир бўлиш ҳуқуқига эга бўлдилар.

Шунингдек, Сайлов кодекси нормаларига кўра, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати шакллантирилиши, сайловчиларнинг Марказий сайлов комиссиясининг расмий сайтида ўзлари учун керакли маълумотларни олиш имкониятини яратиб беради.

Илгари сайловлар куннинг соат 06:00 дан 20:00 га қадар бўлган даври оралиғида ўтказилган бўлса, эндиликда сайловлар куннинг соат 08:00 дан 20:00 га қадар бўлган даврида ўтказилган бўлди.

Шунингдек, 2019 йил 4 сентябрдаги “Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан Ўзбекистон Республикаи Конституциясининг сайловга оид бўлган нормаларига айрим ўзгартишлар киритилди. Эндиликда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига кўра, суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган, шунингдек оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этмайди. Бошқа ҳар қандай ҳолларда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмайди.

Бундан ташқари, бу йилги сайловларда ўзига хос “call-center”лар ташкил қилиниб, мазкур марказлар сайловчиларга сайловга оид бўлган тезкор маълумот бериш учун ҳизмт қилади. Муҳими Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан республика ҳудуди бўйлаб марказга бепул қўнғироқлар амалга ошириладиган кўп тармоқли ва қисқа рақамли алоқа линияси ажратилади ҳамда унинг узлуксиз ишлаши таъминланади.

Мухтасар айтганда, бу йилги сайловларни юксак ташкилий-ҳуқуқий
ва илғор демократик ғоялар асосида ўтказиш режалаштирилмоқда. Зеро, айнан сайловлар мамлакатдаги фикрларнинг ҳилма хиллигини, фуқароларнинг давлат ва жамият ишларини бошқаришда бевосита иштироки ҳамда уларнинг манфаатларини давлат томонидан ифода этишнинг асосий воситаси эканлигини унутмаслигимиз керак. Шундай экан олдимизда турган муҳим сиёсий жараёнда фаол иштирок этиш, уни уюшқоқлик билан ташкил этиш, аҳоли орасида соҳага оид кенг тарғибот ва тушунтириш ишларини олиб боришга барчамиз бирдек масъулмиз.

Ибраҳимов Орифжон
Наманган шаҳар адлия бўлими
катта маслаҳатчиси