Bog'lanish

Telefon
(+998 69) 227-06-62

Elektorn manzil
namangan@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

09

АДЛИЯ БЎЛИМЛАРИ ФАОЛИЯТИГА – БИР ЙИЛ


Маълумки, 2018 йил 13 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ – 5415-сонли Фармони қабул қилинди.
Мазкур фармон адлия органлари фаолияти тарихида туб бурилиш ясаб, ўзининг бир қатор жиҳатлари билан ажралиб туради. Хусусан, фармонга кўра Адлия вазирлигининг туман (шаҳар) маъмурий-ҳудудий бирликларда адлия бўлимлари ташкил этилди.
Ушбу адлия бўлимларининг асосий вазифалари этиб, ҳокимларга ҳамда давлат органлари ва ташкилотларининг туманлар (шаҳарлар) тузилмаларига қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қўллаш масалалари бўйича маслаҳатлар бериш, давлат органлари ва ташкилотлари туман (шаҳар) тузилмаларининг қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини ташкил этиш бўйича фаолиятига услубий раҳбарлик қилиш ва мувофиқлаштириш, қабул қилинаётган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини туманлар тузилмаларидаги ижрочиларга етказиш, “республика — вилоят — туман — маҳалла” принципи бўйича ҳуқуқий тарғибот ва аҳолининг ҳуқуқий саводсизлигига барҳам бериш борасида, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органлари билан биргаликда чора-тадбирларни амалга ошириш, туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари ва халқ депутатлари Кенгашларининг қарорларини қонун ҳужжатларига, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларига мувофиқлиги нуқтаи назаридан ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ва таҳлил қилиш, унинг барқарорлиги ва бир хиллигини таъминлаш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, ўз ваколатлари доирасида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, давлат органлари ва ташкилотларининг туман (шаҳар) тузилмаларида ҳуқуқий ишларнинг ҳолатини мониторинг қилиш, шунингдек, уларнинг юридик хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва методик таъминлаш белгиланди.
Бугунги кунда туман (шаҳар) адлия бўлимлари юқоридаги вазифаларни бажариб, халқнинг оғирини енгил қилиб, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини сўзсиз ҳимоя қилинишини таъминлаб келмоқда.
Адлия бўлимларининг фаолиятини Наманган вилоят мисолида кўрадиган бўлсак, бир қатор ижобий натижаларга эришилганлиги кузатилади.
Хусусан, бўлимлар ташкил топгандан буён ҳуқуқий экспертиза йўналишида 50 яқин қарорлар лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб, 8 та қарор лойиҳалари қайтарилди ҳамда 40 яқин ҳоким қарорлари лойиҳаларига ҳуқуқий хулосалар берилди.
Шунингдек, 180 га яқин қарорлар бекор қилинди ҳамда амалдаги қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган 600 дан ортиқ таклиф ишлаб чиқилиб, белгиланган тартибда Адлия вазирлигига юборилди.
Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича ўтган бир мобайнида 2 мингдан ортиқ мурожаатлар иш юритувга келиб тушган бўлиб, улардан 1600га яқин қаноатлантирилди ҳамда 400га яқин мурожаатларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Мурожаатларнинг кўриб чиқилиши натижасида 30 га яқин шахслар интизомий, 20 яқин шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди, қолаверса 40 яқин маъмурий ҳужжатлар бекор қилинди.
Жойларда аҳолининг қийнаб келаётган масалаларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтиш лозим бўлади, хусусан ўтган давр мобайнида адлия бўлимлари томонидан маҳаллаларда, турли ташкилотларда сайёр қабуллар ташкил этилиб, муаммоларнинг бартараф қилинишига эришилмоқда.
Жумладан, сайёр қабуллар пайтида 1300дан ортиқ мурожаатлар қабул қилиниб, улардан 900 дан ортиғини қаноатлантирилишига эришилди ва
300 яқин мурожаатлар юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, адлия бўлимлари томонидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида қонунийликни таъминлаш ва амалдаги қонунчилик талабларига риоя қилиниши доимий равишда ўрганилиб, таҳлил қилиниб келинмоқда ва натижаси бўйича таклифлар, таъсир чоралари киритиб борилмоқда.
Хусусан, ўтган бир йиллик фаолият давомида бўлимлар томонидан 800дан ортиқ идораларда ўрганишлар ўтказилди ва натижаси бўйича
200 мингдан ортиқ хато ва камчиликлар аниқланди.
Мазкур хато ва камчиликларни бартараф қилиниши бўйича 700 га яқин тақдимнома, 1300дан ортиқ огоҳнома, 200дан ортиқ маъмурий таклиф, 10 га яқин жиноий таклифлар киритилди. Бундан ташқари, 200 яқин ҳужжатлар ноқонуний деб топилиб, бекор қилинди ҳамда 2 млрд. сўмга яқин маблағлар фуқароларга қайтарилди ва тўлаб берилишига эришилди.
Айрим турли лавозимдаги 300га яқин мансабдор шахсларга нисбатан интизомий жавобгарлик белгиланди ва 150дан ортиқ шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди ҳамда 30 яқин шахслар лавозимидан озод қилинди.
Қолаверса, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини кўзлаб судларга 600га яқин 3 млрд. сўмдан ортиқ даъво аризалари киритилиб, натижаси бўйича 500дан ортиқ даъво аризалари қаноатлантирилиб, 3 млрд. сўмга яқин маблағлар ундирилди.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ҳам адлия бўлимлари томонидан ижобий ишлар амалга оширилди ҳамда бугунги кунда мазкур соҳага устувор йўналиш сифатида қаралиб, “фуқаролар адлия идораларидан рози бўлиши керак” тамойили асосида ҳалққа хизмат қилиб келинмоқда.
Хусусан, ўтган бир йиллик давомида 1400га яқин мурожаатлар кўриб чиқилиб, 1000 дан ортиқ мурожаатлар қаноатлантирилди ва 200 яқин мурожаатлар бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилгани кузатилади.
Адлия бўлимларининг асосий вазифаларидан бири бўлган ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ва таҳлил қилиш, унинг барқарорлиги ва бир хиллигини таъминлаш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш борасида ҳам ижобий натижаларга эришилганлигини кўриш мумкин бўлади.
Хусусан, бўлимлар томонидан 400дан ортиқ идоралар ўрганилган,
900 дан ортиқ қонун ҳужжатлари, 1500дан ортиқ статистик ҳужжатлар ўрганилиб, таҳлил қилинган. Мазкур ўрганишлар натижаси бўйича тегишли идораларга 100 дан ортиқ таклифлар, 40 га яқин таҳлилий маълумотлар киритилган ҳамда 60 дан ортиқ меъёрий ҳужжатлар бекор қилиниб, қонунчиликка мувофиқлаштирилган.
“Республика — вилоят — туман — маҳалла” принципи бўйича ҳуқуқий тарғибот ва аҳолининг ҳуқуқий саводсизлигига барҳам бериш борасида ҳам адлия бўлимлари томонидан тарғибот тадбирлари ташкил этиб келинмоқда.
Бу бўйича жорий йилнинг 9 январ куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги
ПФ–5618-сонли Фармони қабул қилинди. Мазкур фармон талабларидан келиб чиқиб, адлия бўлимлари томонидан жойларда манзилли ва предметли ҳуқуқий тарғиботлари ишлари ташкил этилмоқда.
Хусусан, ўтган давр мобайнида 9 минга яқин тарғибот тадбирлари ташкил этилди. Оммавий ахборот воситаларида эса 1400дан ортиқ чиқишлар қилинди, 6 мингдан ортиқ оғзаки, 800 га яқин ёзма ва кўргазмали тарғибот тадбирлари ташкил этилди.
Келгусида мазкур ўтказилаётган тарғибот тадбирлари аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалишига хизмат қилиб, жамиятимизда, давлатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга елкама-елка туриб, унинг сифатли амалга оширилишига, жамоатчилик назоратининг янада таъминланишига хизмат қилиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
Умуман олганда адлия бўлимлари фаолиятини сарҳисоб қилар эканмиз, келгусида бунданда кўпроқ ишлаш, фаолият самарадорлигига эришиш талаб этилади, бунда асосий эътибор халқимизнинг хизматида бўлиб, қўлимиз кўксимизда бўлиб, халқимизни рози қилиб фаолият кўрсатишимиз устувор вазифамиз бўлиб қолади.


Отабек Рахимов,
Наманган вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи