Bog'lanish

Telefon
(+998 69) 227-06-62

Elektorn manzil
namangan@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

16

Ҳуқуқий ахборот куни – халқ билан мулоқотнинг янгича усули.


   Ҳуқуқий саводхонликка эришиш учун, аввало, ҳуқуқий тарғибот самарали бўлиши керак. Хозирда, халқимизни ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган турли тадбирлар олиб борилмоқда.

    Маълумки, жойларда ташкил этилган туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан мунтазам равишда энг долзарб, аҳолини қизиқтирадиган масалалар юзасидан аниқ дастурлар асосида инновацион усуллар, тарғиботнинг илғор ва таъсирчан воситаларидан фойдаланган ҳолда манзилли ва предметли ҳуқуқий тарғибот тадбирлари амалга ошириб келинмоқда.

      Шундай тадбирлардан бири вилоятдаги барча маҳалларда ҳар ойда бир маротаба ўтказилиши бошланган “Ҳуқуқий ахборот куни” тадбирларидир.

    Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 январдаги ПФ-5618-сон “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони билан тасдиқланган “Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепциясини 2019 йилда самарали амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг 11-бандида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида тасдиқланган режа-жадвалга асосан Наманган вилоятининг деярли барча туман (шаҳар)лардаги маҳаллаларда жорий йилнинг 16 март куни адлия бўлимлари, нотариуслар, адвокатлар, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, юридик хизмат ходимлари ва бошқа мутасадди идоралар вакиллари иштирокида "Ҳуқуқий ахборот куни" тадбири ўтказилди.

    Тадбирларда адлия бўлимлари ходимларининг “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармоннинг мазмун-моҳиятини ёритишга бағишланган маърузалар эшитилди, шунингдек, “Street law” лойиҳасини кенг жорий қилиш бўйича Камалак ва Ёшлар Иттифоқи туман кенгаши сардорларидан иборат кўнгиллилар гуруҳи тузилган бўлиб, улар ўртасида ҳуқуқий саводхонликни ошириш мақсадида тезкор савол-жавоблар ўтказилди ҳамда ғолибларга эсдалик совғалари топширилди. Кўнгиллилар гуруҳи билан интерактив машғулотлар олиб бориш методикаси бўйича тренинг ўтказилди.

      Шунингдек, тадбир иштирокчилари учун сайёр қабул ташкил этилиб, фуқаролар томонидан берилган саволларга хуқуқий тушунтиришлар берилди.

    Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 461-сонли қарори бўйича мурожаат қилган фуқароларга уй-жойга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича туман ҳокими қарорлари топширилди.

    Тадбирлар давомида маданият бўлимлари ходимлари томонидан тайёрланган концерт дастурлари намойиш этилиб, ёшларда соғлом турмуш тарзига бўлган интилишни шакллантириш ва бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида спорт мусобақалари ташкил этилди.

     Мингбулоқ туманида ўтказилган тадбир вилоят телевидениеси томонидан тасвирга олинди.

Наманган вилоят адлия бошқармаси
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими.