Bog'lanish

Telefon
(+998 69) 227-06-62

Elektorn manzil
namangan@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

04

Ҳоким қарори ҳақиқий эмас деб топилди


Наманган шаҳар адлия бўлими томонидан Наманган шаҳар, Қуйи Ровустон МФЙ, Ахси кўча, 36-уйда яшовчи фуқаро О.Бурханованинг 04.10.2018 йилда “Маиший хизмат ва савдо шаҳобчаси” худудида 21-сонли мактабгача таълим муассасасининг қурилиш жараёни бошланганлиги, лекин компенсация тариқасида ер майдони ажратиб берилмаганлигидан норози бўлиб қилган мурожаати ўрганиб чиқилди.
Ўрганиш жараёнида аниқланишича, Наманган шаҳар ҳокими томонидан 2018 йил 8 июнда “Наманган шаҳар, “Юқори Ровустон” МФЙ ҳудудида жойлашган 21-сонли мактабгача таълим муассасасига қўшимча ер майдони ажратиш ҳақида”ги 864-сонли қарори қабул қилинган.
Мазкур қарорга мувофиқ, Наманган вилоят инжиниринг компаниясининг 2018 йил 6 июндаги 01-08/431-сонли хатига асосан Наманган шаҳар, “Юқори Ровустон” МФЙ худудида жойлашган 21-сонли мактабгача таълим муассасасига қўшимча 1400,0 кв метр ер майдрни ажратиб берилган, ваҳоланки, қарорда 21-сонли мактабгача таълим муассасасига 1400,0 кв метр ер майдони қайси ҳудуддан ажратиб берилиши аниқ кўрсатилмаган.
Наманган шаҳар ҳокимининг 864-сонли қарорига асосан Наманган шаҳар архитектура ва қурилиш бошқармаси томонидан 1400,0 кв ер майдони қурилиш худуд “қизил чизиғи” белгиланган.
Ўрганиш жараёнида, Наманган шаҳар архитектура ва қурилиш бошқармаси томонидан “қизил чизиқ” сифатида белгиланган 1400,0 кв метр ер майдони Наманган туман ҳокимининг 2007 йил 20 мартдаги 150-сонли қарорига мувофиқ, Наманган шаҳар, Паст Ровустон МФЙ, Ахси кўча, 36-уйда яшовчи фуқаро О.Бурхановага тегишли “Маиший хизмат ва савдо шахобчаси” худудида жойлашганлиги, мазкур “Маиший хизмат ва савдо шахобчаси” бино иншоотларига 2007 йил 22 март куни Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси Наманган туман филиали томонидан ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги 2985-сонли кўчмас мулк объектига кадастр йиғма жилди шакллантирилганлиги аниқланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006-йил 29 майдаги 97-сон Қарори билан тасдиқланган “Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 2-бандида ер участкаси ёки унинг бир қисмини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ер эгасининг розилиги билан тегишли туман (шаҳар) ҳокимининг қарорига кўра амалга оширилиши белгиланган.
Бундан ташқари, мазкур Низомнинг 4-бандида туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари ер участкасини олиб қўйиш ҳамда уйлар, ишлаб чиқариш иморатлари ва бошқа иморатлар, иншоотларни бузиш ва дов-дарахтларни кўчириб ташлаш тўғрисида ўз қарорларини чиқариши белгиланган бўлсада, Наманган шаҳар ҳокимининг фуқаро О.Бурханованинг “Савдо ва маиший хизмат шахобчаси” бино иншоотидан 1400,0 кв метр ер майдонини олиб қўйиш тўғрисидаги қарори мавжуд эмас, қолаверса, фуқаро О.Бурхановага тегишли “Савдо ва маиший хизмат шахобчаси” худудида бузиш ишлари бошланган ва бузиш ишлари бошланиши тўғрисида фуқаро О.Бурханова ёзма равишда огоҳлантирилмаган.
Бундан ташқари, юқоридаги Низомнинг 11-бандида Фуқаролар томонидан умрбод эгалик қилиш учун мерос қилиб қолдириш ҳуқуқи билан фойдаланадиган, кимошди савдоси асосида сотиб олинган ер участкалари олиб қўйилган тақдирда уларга умрбод эгалик қилиш учун мерос қилиб қолдириш ҳуқуқи билан тенг қийматли янги ер участкаси берилиши кўрсатилган бўлсада, Наманган шаҳар ҳокимлиги томонидан фуқаро О.Бурхановага тегишли бўлган “Савдо ва маиший хизмат шахобчаси” бино иншоотининг қурилиш учун ажратилган 1400,0 кв метр ер майдонига тенг қийматда янги ер участкаси ажратиб берилмаган.
Ваҳоланки, Наманган шаҳар ҳокимлиги томонидан фуқаро О.Бурхановага тегишли бўлган “Савдо ва маиший хизмат шаҳобчаси”нинг бир қисми давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сон Қарори билан тасдиқланган “Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларига амал қилинмаган.
Адлия бўлими томонидан Наманган шаҳар ҳокимлигига 2018 йил 8 июнда қабул қилинган “Наманган шаҳар, “Юқори Ровустон” МФЙ худудида жойлашган 21-сонли мактабгача таълим муассасасига қўшимча ер майдони ажратиш ҳақида”ги 864-сонли қарорни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сон Қарори билан тасдиқланган “Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларига тўлиқ мувофиқлаштириш ва ушбу Низом талаблари бажарилгунга қадар мазкур қарор ижросини тўхтатиб туриш юзасидан 2018 йил 31 октябрь куни 01-47/8-сонли тақдимнома киритилган бўлсада, фуқаро О.Бурхановага тегишли “Савдо ва маиший хизмат шаҳобчаси”да қурилиш ишлари амалга оширилиб келинди.
Шу сабабли, Наманган шаҳар адлия бўлими томонидан 2018 йил 21 ноябрь куни Наманган шаҳар маъмурий судига Наманган шаҳар ҳокимининг 2018 йил 8 июндаги 864-сонли қарорини ҳақиқий эмас теб топиш тўғрисида АРИЗА киритилди.
Натижада 2019 йил 18 январь куни Наманган шаҳар маъмурий судининг Наманган шаҳар адлия бўлими томонидан Наманган шаҳар ҳокимининг 2018 йил 8 июндаги 864-сонли қарорини ҳақиқий эмас теб топиш тўғрисидаги аризаси қаноатлантирилиб, Наманган шаҳар ҳокимининг 2018 йил 8 июндаги 864-сонли қарори ҳақиқий эмас теб топилди.


Наманган шаҳар адлия бўлими
етакчи маслаҳатчиси
О.Каримжонов