Янгиликлар
Ҳалол меҳнат учун ҳақ тўланиши шарт !
Поп туман адлия бўлимига бир неча фуқаролар тумандаги “Тоза ҳудуд” ДУК томонидан 2017 йил 1 августдан бери ўзларининг ҳалол ишлаб топган иш ҳақлари тўлаб берилмаётганлигидан норози бўлиб ариза билан мурожаат этишган. Ариза адлия бўлими томонидан холисона ва адолатлилик принциплари асосида ўрганиб чиқилди. Ўрганишда, хақиқатдан “Тоза ҳудуд” ДУК томонидан мазкур 37 нафар ходимга жами 45 865 816 сўм миқдордаги иш ҳақлари тўланмай келинаётганлиги аниқланди.
2017 йил 1 августдан бошлаб Поп туман Ободонлаштириш бошқармасига қарашли “Санитар тозалов” бўлими Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 апрелдаги “2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2916-сонли қарорига асосан “Тоза ҳудуд” ДУК айлантирилганлиги, “Тоза худуд” ДУК томонидан ҳозирги кунга қадар 37 нафар фуқарога 45 865 816 сўм иш ҳақлари асоссиз равишда берилмай келинган.
Юқоридаги ўрганишлар юзасидан Поп туман адлия бўлими 37 нафар фуқаронинг манфаатлари юзасидан тўланмай келаётган 45.865.816 сўм миқдордаги иш ҳақларини ундириб беришни сўраб Чуст туманлараро судига даъво ариза билан мурожаат этган. Мазкур фуқаролик иши кўриб чиқилиб, жорий йилнинг 22 октябрида даъвогар Поп туман адлия бўлимининг даъво аризаси қаноатлантирилиб, Поп туман “Тоза ҳудуд” ДУКдан
37 нафар фуқарога 45.865.816 сўм миқдордаги иш ҳақларини ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқарилди.
Наманган вилоят адлия бошқармаси
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими.